Курашчиларимиз жаҳон чемпионатида 10 олтин, 6 кумуш ва 5 бронза медални қўлга киритди

Туркиянинг Истанбул шаҳрида кураш бўйича ўтказилган XI жаҳон чемпионатида дунёнинг 50 мамлакатидан келган полвонлар 15 вазн тоифасида ғолиблик учун куч синашди.

Мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 10 олтин, 6 кумуш ва 5 бронза медални қўлга киритди.

78 килограмм вазн тоифасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Кумуш Йўлдошева финал баҳсида россиялик Александра Власовани мағлубиятга учратиб, жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритди.

Шунингдек, юртдошларимиздан Дилдор Шерматова, Моҳинур Мўминова, Гулнор Сулаймонова, Раҳима Йўлдошева, Камолиддин Расулов, Шуҳратжон Арслонов, Муҳсин Ҳисомиддинов, Шаҳрам Аҳадов ва Давлат Абраев биринчи ўринни эгаллади.

Мусобақада Илҳом Жўраев, Муҳриддин Қурбонов, Малоҳат Рўзиева, Ойсулув Абдумажидова, Омонгул Алланазарова, Моҳинур Пирназарова кумуш медалга сазовор бўлди.

Жаҳон чемпионатининг бронза медали Гулмира Исматова, Гавҳар Худойқулова, Мафтуна Эсонова, Рината Илматова, Бегам Бойимова каби иқтидорли спортчиларимизга насиб қилди.

Жаҳон чемпионати доирасида Кураш халқаро ассоциациясининг XVII Конгресси ўтказилди. Унда Африка, Осиё ва Океания, Европа ва Америка қитъалари кураш конфедерациялари раҳбарлари курашни янада оммалаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, мусобақаларни юқори савияда ўтказиш юзасидан ҳисобот берди. Франция, Индонезия, Бангладеш, Малайзия ва Шри Ланка кураш федерациялари Кураш халқаро ассоциациясига аъзоликка қабул қилинди.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА