Байроқ асрлар мобайнида не-не халқларни шонли зафарларга руҳлантирган, ёниқ қалбларда ғурур ва ифтихор ҳиссини жилолантирган ҳамда мунтазам равишда миллий сезимни кучайтирган соҳир туйғу, инчунун, Жалолиддин Мангуберди қўлида баланд кўтарилган ялов тарих зараварақларини безайди, Нажмиддин Кубро маҳкам чангаллаган яшил матода улус иродаси мужассам, Амир Темур заковати ва саркардалик маҳорати омухталашган байроқда эл-юрт дахлсизлигини муҳофаза қилишга майл бўртиб кўринади, Заҳириддин Муҳаммад Бобур сарсон-саргардонлигида синовдан ўтган тимсол соғинчни далолатлайди, Собир Раҳимов эътиқоди шаклида гўё жабр-зулмга қарши чиқаётгандек…

Жорий кунда давлат рамзи сифатида байроқ порлоқ истиқбол ва ёрқин келажакни башорат қилаётгандек ҳилпирайди, юксаклик рутбаси нозик идрок сезгисига алоҳида шукуҳ бағишлайди. Бу қандай ҳиссиётки, томирларда оқаётган қонни жунбушга келтиради, бу қандай туйғуки, манфаат ва эҳтиёжларни бирлаштиради, бу қандай сезимки, ирода ва эътиқодни яхлитлаштиради, бу қандай туғёнки, мақсад ва интилишларни муайян ҳалқага йиғади, бу қандай фиғонки, ҳижрон ва соғинч тафти кўнгилларни ларзага солади.

Биринчи тафсилот:

Мамлакат ва халқ иродасини намойиш қиладиган миллий рамз – давлат байроғини таянч марказларга ўрнатиш ҳар бир фуқаро қалбини ғурурга тўлдиради, муҳташам Нукус шаҳрида ҳилпираётган икки байроқни дастлабки маротаба кўришга борганимда, беихтиёр кўзимга ёш келди. Бу қандай ҳиссиёт: ғурурми, ифтихорми ёки миллий идрок сезгисими?! Ёхуд шу кунларга етказганига шукроналикми?! Оҳанграбодек ўзига тортаётган муқаддас туйғу аслида таъриф-у тавсифларга сиғмайди, улуғвор ва бепоён Ватанга дахлдорлик кечинмаси ҳамиша инсонни фахрлантиради, мудоми масъулият ва ишонч ҳисси шахсни фаолликка ундайди, жамиятни эса ҳаққоний маслак ва соғлом эътиқод сари йўналтиради.

Иккинчи тафсилот:

Россия пойтахти – Москва шаҳрида бунёдкорлик фаолияти қизғин давом этади. «Москва сити» қурилишида фаолият юритаётган ўзбек муҳожирлари байроғимизни энг баланд нуқтага ўрнатишади. Эътибор беринг: хорижда меҳнат килаётган юртдошларимиз шуурини ҳам банд этган миллий ўзлик туйғуси юксакликка интилмоқда. Чинакам ғурур ва ифтихор ҳиссига қониқ хатти-ҳаракат барчани бирдек хурсанд қилди. Илк маротаба 1992 йилда БМТ бош ассамблеясида ҳилпираган байроғимиз  қачон худди Америка миллий валютаси ҳамда инглиз тили каби нуфузи жаҳон узра порларкан?! Бунинг учун бизда истак ва имконият етарли, истеъдод ва қудратимиз оламни титратишга қодирдек гўё…

 Учинчи тафсилот:

Жанубий Кореяда цехда меҳнат қилаётган ватандошларимиз кескин норозилик намойишига чиқишади: бутун олам ҳайратда, сабр-бардошли ва мўмин-қобил миллат вакиллари нимадан норози? Ўзбекистонлик муҳожирлар жиддий талаб қўйишади: ишлаб чиқарилаётган пайпоқларга байроғимиз тасвири туширилганлигига чек қўйиш жоиз, бу миллатга бўлган ҳақорат билан баробар! Сохта тарихни бутун оламга кўз-кўз қилаётган корейслар бой ва бетакрор маданиятимиз ҳақида тасаввурга эгамикан? Дунё бешигини тебратган буюк алломаларимиз меросига муносабат қайси аҳмоқ калладан чиққанлиги номаълум, лекин миллатлараро аҳиллик ўзаро ҳурмат ҳамда баҳамжиҳатликка асосланади.

Миллат шаъни ва ғурури давлат рамзи – байроқда жилваланади. Жорий сезим ҳам ифтихор, ҳам масъулият ҳиссини бирлаштиради. Нозик туйғу миллий ўзликни англашга йўл очади, ҳар бир фуқарода ватанпарварлик ҳиссини мавжлантиради. Айнан юракдан ибтидо оладиган кечинмада ажиб улуғворлик устувор, унда инсонни инсон, халқни халқ, миллатни миллат қиладиган соҳир куч мавжуд: жорий туйғу ҳар доим шахс тийнатини безовта қилади, кўнгилларни ёзиб бир изтироб ҳарорати билан тўлдиришда давом этади.

 

Илҳомбек Қурбанбаев,

Бердақ номидаги Қорақалпоқ Давлат Университети

«Ўзбек тили ва адабиёти» кафедраси мудири.

 

Қорақалпоғистон Ахборот агентлиги