“Маданият тўғрисида”ги қонун лойиҳаси масъул қўмитага қайтарилди

“Маданият тўғрисида”ги қонун лойиҳаси масъул қўмитага қайтарилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Маданият тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар.
Қонун лойиҳаси концептуал жиҳатдан биринчи ўқишда маъқулланганидан кейин унга бир қатор ўзгартиришлар киритилди. Унга 15 та янги модда қўшилди. Жумладан, лойиҳа “Маданият ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш” номли боб билан бойитилди.
Ундан ташқари, кинематография ташкилоти, ахборот-кутубхона муассасаси, музей, бадиий галерея, студия, маданият соҳасидаги устахона, таълим муассасалари, тадқиқот маркази, таъмирлаш маркази каби тушунчаларга аниқлик киритилди. Қонунчиликка мувофиқ, уларнинг асосий вазифалари аниқ белгиланди.
Депутатлар Ўзбекистон Республикасидан ташқарида яшаётган ватандошлар билан маданий ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги норма муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар. Уларнинг фикрича, бу миллий маданиятимизни хорижда ҳам ривожлантиришга хизмат қилади. Шу боис, давлат миллий маданий марказлар, миллий жамиятлар, шунингдек, бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликдаги маданий тадбирларни ўтказишда амалий кўмак беради.
Шунингдек, қонун лойиҳасида маданият ташкилотларига алоҳида мақом бериш тартибини белгилаш кўзда тутилмоқда. Демак, маданият соҳасида муваффақиятларга эришган, давлат ва жамият аҳамиятига молик давлат маданият ташкилотларига, профессионал бадиий, ижодий жамоаларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тақдимига биноан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан «Миллий» мақоми берилади.
Ўз соҳасида етакчи бўлган давлат маданият ташкилотларига, профессионал бадиий ва ижодий жамоаларга маданият ва санъатни шакллантириш, ривожлантириш ҳамда тарғиб қилишга қўшган ҳиссаси учун, Маданият вазирлигининг тақдимига биноан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан «академик» мақоми берилади.
Лойиҳага маданият ташкилотларида кўрсатиладиган хизматлар учун, хусусан, чипталар учун нарх белгилашга доир норма киритилди. Унга кўра, маданият ташкилотлари хизматлар учун нарх белгилашда мактабгача ёшдаги болалар, ўқувчи ва талабалар, ногиронлиги бўлган шахслар, пенсионерлар, муддатли ҳарбий хизматга чақирилган ҳарбий хизматчилар ва бошқалар учун имтиёзлар бериши мумкин.
Қонун лойиҳасининг моддама-модда кўрилиши жараёнида депутатлар томонидан бир қатор саволлар берилди. Лойиҳа матнида камчиликлар борлиги кўрсатиб ўтилди. Шулардан келиб чиқиб, қонун лойиҳасини маромига етказиш мақсадида масъул қўмитага қайтариш таклифи билдирилди ва мазкур таклиф депутатлар томонидан маъқулланди.

 

Н.НАСРИЕВ, ЎзА

  12.11.2019, 15:29  |    79 марта кўрилди

Рахмат

Сайт администрацияси хато матн хакида огохлантирилди!