Мактабгача таълим: имконият, билим ва тарбия

Қорақалпоғистон Республикасида 2018 йил якунларига кўра мактабгача таълим муассасаларига болаларни қамраб олиш даражаси 42,5 фоизни ташкил этган бўлса, жорий йил охирига қадар ушбу кўрсаткични 63,2 фоизга етказиш режалаштирилган.
Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги маълумотига кўра, 2019 йил бошидан буён 8 минг 865 ўринга мўлжалланган нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилди. Айни пайтда 3-6 ёшли болалар сони 155 минг 561 нафар бўлиб, шундан 74 минг 597 нафари 611 мактабгача таълим муассасасига қамраб олинган.
– Мактабгача таълим муассасалари фаолияти бўйича республика миқёсида Қорақалпоғистон намунавий ҳудуд сифатида танланган, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси мактабгача таълим вазири Жумагул Уснатдинова. – 2019 йилда хусусий, давлат-хусусий шериклик асосида жами 162 нодавлат ва оилавий мактабгача таълим муассасаси ташкил этиш ҳисобига 5 минг 230 нафар, 6 ёшли болаларни мажбурий бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳлари ва қисқа муддатли гуруҳларни ташкил этиш ҳисобига 15 минг 45 нафар, мобиль мактабгача таълим ташкилотларида 79 нафар, инвестиция дастури доирасида таъмирланган боғчалар ва бўш турган биноларда 3 минг 385 нафар болани қамраб олиш натижасида қамров даражасини 63,2 фоизга етказиш режалаштирилган.
Ҳудудда бугунги кунда 5 минг 995 педагог фаолият олиб бормоқда, уларнинг 2 минг 218 нафари (37 фоизи) олий маълумотли педагог ҳисобланади. Ўтган йили ушбу кўрсаткич 34,5 фоизни ташкил қилган.
Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманларида мактабгача таълим муассасалари фаолиятини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Тўрткўл туманининг “Гулистон”, “Тозабоғёп”, “Шодлик”, “Янгиобод”, “Мустақиллик”, “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинлари ва “Уллубоғ” овул фуқаролар йиғини ҳудудида 7 мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди. Қорақалпоғистоннинг энг чекка қишлоғи бўлган Элликқалъа туманига қарашли Чуқурқоқ қишлоғида ҳам 50 нафар болага мўлжалланган мактабгача таълим муассасаси филиали ишга тушди.
2017-2019 йиллар давомида Инвестиция дастури доирасида ҳудудда мактабгача таълим муассасасида 6 янги қурилиш, 50 реконструкция, 33 мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилган, ушбу ишларга 3 йил мобайнида 204 миллиард 566 миллион сўмдан ортиқ миқдорида маблағлар ажратилган.
2019 йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига асосан 27 мактабгача таълим муассасасида таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, ушбу ишларга 25 миллиард 744 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилди.

 

Есимхон ҚАНОАТОВ, ЎзА