Нукус шаҳрида Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича муҳокамалар ўтказилди

2019 йилнинг 30 сентябрь – 6 октябрь кунлари Нукус шаҳрида Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича Қўшма Ўзбекистон-Туркманистон ҳукуматлараро комиссияси ишчи гуруҳларининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Тадбир давомида томонлар демаркациянинг меъёрий-техник ҳужжатларини солиштириб чиқдилар ва уларни Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича Қўшма Ўзбекистон-Туркманистон ҳукуматлараро комиссияси томонидан тасдиқлашга киритишга келишдилар.
Учрашувда, шунингдек, ўзаро чегарада аэрофотосуратга олиш юзасидан фикр алмашилди.
Музокаралар якунида делегациялар раҳбарлари – Ўзбекистон Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Тўлқин Абдуллаев ва Туркманистон Мудофаа вазирлигининг 5-сонли корхонаси раҳбари Мамед Маммедов тегишли Баённома имзоладилар.

 

ЎзА