Ҳалол меҳнат муносиб рағбатлантирилганда...

“Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!“
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 28 ва 29 август кунлари қабул қилинган фармонларига мувофиқ Ватанимиз мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги муносабати билан давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган юртдошларимиз сафида Сирдарё вилоятидан ҳам бир гуруҳ турли соҳа вакиллари, фахрийлар ва ёшлар бор.
Вилоят ҳокимлигининг “Қабуллар уйи”да ушбу мукофотлар ўз эгаларига тантанали топширилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлари ва Сенат аъзолари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, вилоят, туман шаҳар ҳокимлари кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда вилоят ҳокими Ғофиржон Мирзаев ва бошқалар мамлакатимизда ёшлар тарбияси, аҳоли саломатлиги, юрт ободлиги, халқимиз фаровонлиги ва тинчлиги йўлида қилинган ҳалол меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб рағбатлантирилишини алоҳида таъкидлаб, тадбир қатнашчиларини халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллик айём билан самимий қутлади.
Президентимизнинг фармонларига кўра Сирдарё вилоятидан давлат мукофотига сазовор бўлганлар орасида турли соҳа вакиллари бор. Хусусан, “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланганлар вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев, Сирдарё туманидаги “Сирдарё-Мега-Люкс” қўшма корхонаси директори Муҳиддин Норматов, “Дўстлик” ордени билан Мирзаобод тумани тиббиёт бирлашмасининг “Оқолтин” қишлоқ врачлик пункти мудири Дилором Қурбонова, Гулистон шаҳридаги “Бетон саноат” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Илҳомжон Каримов ҳамда Сирдарё туманидаги “Сирдарё универсал ойна” масъулияти чекланган жамияти бош директори Баҳодир Юсуповлар, “Жасорат” медали билан Оқолтин туманидаги ҳунарманд-тикувчи Маҳлиё Мамарозиқова, “Келажак бунёдкори” медали билан Сирдарё вилояти “Темур Мед Фарм” масъулияти чекланган жамияти бош технологи Азамат Абдуназаров, “Содиқ хизматлари учун” медали билан Ховос тумани ҳокими Раҳимжон Бобоев, “Шуҳрат” медали билан 100 ёшдан ошган Сайхунобод туманида яшовчи пиру бадавлат онахон Шарафат Ярлакабова, республика “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоси, ҳунарманд Ўктам Шодмонқулов, Мирзаобод туманидаги “Сирдарё момиқ қуёнлари” фермер хўжалиги бошлиғи Равшанбек Бозорбоев, Гулистон шаҳридаги “Ниссан транс сервис” масъулияти чекланган жамияти директори Василий Мирзаев, “Сирдарё иссиқлик электр станцияси” акциядорлик жамиятининг 2-қозон турбина цехи бошлиғи ўринбосари Икром Худойбердиевлар борлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Давлат мукофотига сазовор бўлган сирдарёликлар бундай олий эътирофи учун Давлатимиз раҳбарига ўзларининг самимий миннатдорлик билдириб, халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз тинчлиги, юртимиз ободлиги, мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтиришда бор куч-ғайратларини аямасликка ваъда бердилар.
– Мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар замирида, аввало, инсон манфаатлари мужассам, – дейди “Дўстлик” ордени соҳиби Мирзаобод тумани тиббиёт бирлашмасининг “Оқолтин” қишлоқ врачлик пункти мудири Дилором Қурбонова. – Халқимиз саломатлиги йўлида амалга оширган камтарона меҳнатларимни шундай юксак мукофотга лойиқ кўрган Президентимиздан чин дилдан миннатдорман. Ушбу юксак Давлат мукофоти мен орқали барча сирдарёлик тиббиёт ходимларининг меҳнатига берилган муносиб баҳо деб ўйлайман. Келгусида ҳам халқимиз саломатлигини муҳофаза қилиш учун бор куч-қувватим, тажрибам ва билимимни аямайман.
Тадбирда Президентимиз номидан юксак мукофотларни ўз эгаларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг раиси Танзила Норбоева, вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаевлар топширди.

 

А.ҚАЮМОВ, ЎзА