Сайёр қабул: Мурожаат, ечим ва самара

Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов тадбиркорлар билан сайёрқабул ўтказди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда 4 та сектор раҳбарлари, вазирликлар, ташкилотлар, корхоналар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, тижорат банклари вакиллари, Нукус шаҳри ҳамда Нукус тумани тадбиркорлари иштирок этди.
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2019 йил 14 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида жойларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил этилмоқда. Бу эса тадбиркорлар, чет эллик инвесторлар мурожаатлари билан ишлаш тезкорлигини оширди. Улар билан очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқотни таъминлашга, оғирини енгил қилиб, муаммолари жойида ҳал этилишига хизмат қилмоқда.
Навбатдаги сайёр қабулда 50 га яқин тадбиркорнинг имтиёзли кредит, ер майдони ажратиш, коммунал хизмат кўрсатиш, бўш турган биноларни “ноль” қийматда сотиб олиш, йўл қурилиши, зарур техникаларни сотиб олиш, солиқ ва божхона имтиёзлари каби масалалар бўйича мурожаатлари қабул қилинди. Улардан кўпчилиги шу ернинг ўзида ҳал этилди. Ўрганиш ва вақт талаб этиладиган масалалар бўйича тегишли соҳа раҳбарларига аниқ топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.
– 2017 йилда Нукус шаҳридаги бўш турган биноларнинг бирини уч томонлама шартнома асосида олиб, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйдим, – дейди “Суен балиқ” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Баҳодир Шалабоев. – Натижада 8 нафар киши доимий иш билан таъминланди. Ушбу бинони сотиб олиш бўйича мурожаат қилган эдим. Мурожаатим эътиборга олиниб, тегишли ёрдам бериладиган бўлди.
Тадбиркорлар иштирокидаги сайёр қабул Оролбўйи шаҳар ва туманларида давом этмоқда.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА