Мева-сабзавот етиштириш бўйича кластер тизимига ўтиш қандай самара беряпти?

Мева-сабзавот етиштириш бўйича кластер тизимига ўтиш қандай самара беряпти?

Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП ва “Адолат” СДП фракцияларининг ташаббуси билан навбатдаги «Ҳукумат соати» ўтказилди.
Унда депутатларнинг «Мамлакатда мева-сабзавот етиштириш бўйича кластер тизимига ўтишнинг самарадорлиги ва бу борада истиқболдаги вазифалар юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги масала юзасидан саволларига жавоб бериш учун Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбарияти таклиф қилинди.
Қайд этилганидек, кейинги йилларда мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида бутун дунё тажрибасида ўзини оқлаган янги тизим – кластер тизимига ўтиш, улар фаолиятини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Ҳозирда бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида республика бўйича мева-сабзавотчиликка ихтисослашган жами 47 та кластер ташкил этилиб, уларга 13,5 минг гектар ер майдони ажратиб берилган. Кластерлар ихтиёрида 15,9 минг тонна сиғимидаги музлаткич омборхоналар, 7810 тонна саралаш, 800 тонна калибрлаш, 4 та замонавий лаборатория, 119,8 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, 23201 тонна мева-сабзавотни саралаб-қадоқлаш цехлари мавжуд бўлиб, 1046 доимий, 1085 та мавсумий иш ўрни ташкил этилган. Кластерлар томонидан жорий йилда 127 миллион 262 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотларни экспорт қилиш белгиланган бўлиб, шундан 1 августга қадар 7 миллион 293 минг АҚШ долларилик экспорт ишлари амалга оширилган.
Ахборотда таъкидланганидек, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги «Ўзстандарт» агентлиги билан ҳамкорликда агрологистика комплекслари ва марказларида халқаро савдо операторлари томонидан халқаро стандартлар талабларига жавоб берувчи қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини сотишда комплекс хизмат кўрсатиш мақсадида «Global GAP», «Organic», «Halal», «HACCP», «ISO 22000» халқаро стандартлар талабларини кооперация иштирокчилари, деҳқон ва фермер хўжаликлари ҳамда агрокластерларда жорий қилиш бўйича муайян ишларни олиб борди. Бундан ташқари, кластерлар томонидан замонавий агротехнологияларни жорий этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, Андижон, Наманган, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё вилоятларидаги бир қатор фермер хўжаликларида томчилатиб суғориш орқали мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш йўлга қўйилиши натижасида ўсимликнинг ўсиши учун етарли миқдордаги сув бир меъёрда етказилишига, меҳнат сарфи уч мартагача, минерал ўғитлар 40 фоизгача тежалишига, ҳосилдорлик 70 центнергача ошишига эришилмоқда.
«Ҳукумат соати»да бу борада эришилаётган натижалар билан бир қаторда, соҳада йўл қўйилаётган камчиликлар, мавжуд муаммо ва ечилиши лозим бўлган масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, депутатлар ихтисослашган кластерларда мева-сабзавотларни халқаро стандартлар талабларида етиштириш, уларга кафолатли талабгор буюртмачилар рўйхатини шакллантириш, даладан тўғридан-тўғри истеъмолчига етказиб бериш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва экспорт масалалари ҳамда транспорт-логистика тизимини йўлга қўйиш билан боғлиқ муаммоли ҳолатлар юзасидан бир қатор саволлар билан мурожаат этдилар.
Қайд қилинганидек, бугунги кунда республикамизда 241 мингта қишлоқ хўжалик техникаси, шундан 52 мингта трактор мавжуд. Тракторлар билан таъминланганлик даражаси сабзавот ва полизчиликда – 54 фоиз, боғдорчилик ва узумчиликда – 48 фоиз, чорвачиликда – 55 фоизни ташкил этади. Шундан боғдорчиликка ихтисослашган тракторларнинг 57 фоизи, транспорт тракторларининг 41 фоизи, ҳайдов тракторларининг 31 фоизи ўз хизмат муддатини ўтаб бўлган.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутасаддиси ушбу муаммо юзасидан парламент вакиллари берган саволга жавоб қайтарар экан, мазкур масалани ижобий ҳал этиш мақсадида Президентимиз томонидан яқинда имзоланган «Қишлоқ хўжалиги машинасозлигини жадал ривожлантириш, аграр секторни қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлашни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорга асосан, мева-сабзавотчиликка ихтисослашган кластерларда 2019-2025 йилларда 100 мингдан ортиқ янги қишлоқ хўжалиги техникаси, жумладан, 18 минг 744 та мева-сабзавотчиликка мослаштирилган техникалар ишлаб чиқарилиб, жойларга етказиб берилиши белгиланганини қайд этиб ўтди. Шунингдек, республикада ишлаб чиқарилган замонавий техника сотиб олишда қийматини 15 фоизини субсидиялаш ҳамда банк кредити ёки лизингга сотиб олинган техникалар бўйича фоиз ставкаларининг 50 фоизини давлат томонидан қоплаб бериш механизми жорий этилганини маълум қилди. Албатта, ушбу механизмлар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини механизациялаш даражасини ошириш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш, ҳосилдорликни камида 15-20 фоизга ошириш имконини беришини таъкидлади.
Ўз навбатида, депутатлар вазирликнинг мева-сабзавот етиштириш бўйича кластер тизимига ўтишнинг самарадорлигини янада ошириш борасидаги истиқболдаги режалари, кўрилаётган чора-тадбирлари хусусида қизиқди. Шунингдек, кластерлар томонидан етиштирилаётган мева-сабзавотларни хорижга экспорт қилиш борасида юзага келаётган муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш йўналишида амалга оширилаётган ишлар юзасидан саволлар беришди.
Қизғин баҳс-мунозара ва савол-жавоблардан сўнг депутатлар томонидан вазирлик фаолиятини замон талабларидан келиб чиққан ҳолда янада жонлантиришга, мамлакатнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги жозибадорлигини оширишга қаратилган қатор фикр-мулоҳаза ҳамда амалий таклифлар билдирилди.
Тадбир якунида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталарига соҳага оид амалдаги қонун ҳужжатларини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш тавсия этилди. Шу билан бирга, мазкур йўналишдаги ишлар юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати

 

ЎзА

  07.08.2019, 09:22  |    136 марта кўрилди

Рахмат

Сайт администрацияси хато матн хакида огохлантирилди!