Болалар ҳуқуқларини бузган 7 мингдан ортиқ мансабдор шахс жавобгарликка тортилди
Прокуратура органлари 2019 йил дастлабки олти ойида вояга етмаганлар ҳақидаги қонунлар ижросини таъминлаш борасида 1 минг 522 текшириш ўтказган.

Аниқланган қонунга зид ҳолатлар бўйича 7 минг 459 прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилган.

Натижада 7 мингдан зиёд мансабдор шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилган.

Ўзбекистон Республикасининг “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги қонуни ижроси доирасида 3 минг 16 нафар етим ва ота-она қаровисиз қолган бола аниқланган.

Бу борада 701 прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилган. Қонунбузилишига йўл қўйган 265 нафар шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса, 2 масъул шахсга жиноят иши қўзғатилган.

Бу маълумотлар Бош прокуратурада бўлиб ўтган брифингда журналистларга маълум қилинди.

Бундан ташқари, Вояга етмаганлар ишлари бўйича Республика идоралараро комиссияси томонидан “Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича 2019 йилда амалга ошириладиган комплекс чора-тадбирлар Дастури” тасдиқланиб, ижрога қаратилди.

Прокурорлар ташаббуси билан ўтказилган “давомат” тадбирлари давомида 4 минг 518 нафар мактаб ва коллеж ўқувчиси, шунингдек 1 минг 650 нафар чет давлатларга кетган ўқувчининг таълимга қайтарилиши таъминланди.

Вояга етмаганлар ўртасида суицид ҳолатларининг олдини олиш юзасидан таълим муассасаларининг педагог ва психологлари учун методик қўлланма тайёрланди. Фарзанд тарбияси билан боғлиқ масалалар қамраб олинган “ота-оналар учун эслатма”, эрта турмушнинг салбий жиҳатларини кенг аҳолига тушунтириш мақсадида “Махсус репортаж” номли тарбиявий характердаги видеофильм ишлаб чиқилди.

 

Н.АБДУРАИМОВА, ЎзА