Бугун орол – Мўйноқ бўстонга ўхшар

Муносабат
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 8 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорини ўқир эканман, “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган шиор қалбимга ажиб ҳарорат бахш этди.
Қорақалпоғистон доимо Президентимизнинг диққат эътиборида бўлиб келмоқда. Сўнгги икки ярим йил ичида Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонда беш маротаба бўлиб, ҳудуд аҳволи билан яқиндан танишди.
2018 йил 15-16 ноябрь кунларидаги сафаридан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси учун 11 триллион 534 миллиард сўмлик 793 лойиҳа қабул қилиниб, унинг натижасида 12 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилмоқда. Бундан ташқари, Мўйноқ тумани бўйича иккита қарор қабул қилиниб, Қанликўл туманида ҳам кенг кўламли қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Ҳудудда “Шорбулоқ“ сув сақлагичи, “Тебинбулоқ“ конида металлургия мажмуасини қуриш ишлари бошлаб юборилган. Барча шаҳар ва туманларда “Обод маҳалла“, “Обод қишлоқ“ дастурлари бўйича тадбирлар давом этмоқда. Ёшлар тарбияси, хотин-қизлар бандлигига қаратилган бешта муҳим ташаббус, шунингдек, “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури бўйича эзгу ишлар амалга оширилмоқда.
Орол муаммоси оқибатларини юмшатиш, Оролбўйи аҳолиси турмушини яхшилаш борасида катта қадам ташланди. Президентимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 72-сессиясида дунё ҳамжамиятининг эътиборини Орол муаммосига қаратгани, яқинда Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида, Душанбе шаҳрида ўтказилган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг бешинчи саммитида ушбу муаммони яна бир марта кўтариб чиққани халқимизга бўлган эътибори ва ғамхўрлиги исботидир.
Мана бугун Оролбўйида бўлаётган ўзгаришлар бутун дунё нигоҳида.
Президентимизнинг ташаббуси билан Оролбўйи ҳудудини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси, деб номлаб, уни ҳимоялашнинг янги стратегияси жорий этилиши, натижада Орол денгизининг қуриган ҳудудларида саксовул экиш ишлари бошлаб юборилгани халқимизнинг қувончига сабаб бўлди. Бугунги кунда бу ерда миллион гектардан ортиқ майдон экиш ишларига тайёрланган бўлиб, қарийб 500 минг гектар майдонга саксовул экилди. Бу саксовулларнинг бўйи 25 сантиметргача ўсгани эса бизни янада қувонтирди.
Президентимизнинг Жанубий Оролбўйи минтақаси халқига, хусусан, мўйноқликларга берган оталарча меҳри барчамизга катта куч, илҳом бахш этди. Ҳаётга бўлган қизиқишимизни янада ошириб, Ватан равнақи учун меҳнат қилишга ундади. Ўзбекистон Республикаси фуқароси мақомида яшаётганимиздан юрагимиз фахру ифтихор туйғуларига тўлди.
Халқнинг мамнуният ва хайрихоҳлик туйғуларини шеърий мисраларимда изҳор қилишга жазм этдим:
Бугун орол – Мўйноқ бўстонга ўхшар
“Оролқум”дан заҳматлар чеккан,
Жабру жафолари ўтган суякдан.
Уйғотдингиз халқ умидини,
Гўё меҳр нури тушгандек кўкдан.
Нигоҳингиз теран, юксакни кўзлар,
Керакмас, дедингиз, ҳавойи сўзлар.
Ватан ва инсон манфаати деб,
Келди-ку халқ билан бирлашар кезлар.
Булар қуруқ сўзмас, юзингизда нур,
Сурурли кўзингиз – юрагингиздир.
Кўз ва қалбингиздан жой олгани рост,
Миллион-миллион ҳаёт ва тақдир.
Минг шукур, тақдирга айтдик минг раҳмат,
Сизга Аллоҳ берган шижоат, ғайрат.
Исмингиз, ишингиз мосу хос эрур,
Қалбингизда қайнар элга муҳаббат.
Қадам қутлуғ, қутлуғ бошланди ишлар,
Рўёбини топди орзулар, тушлар.
Бахтимизга омон бўлинг ҳамиша,
Бугун Орол – Мўйноқ бўстонга ўхшар.
Кенесбай АЛЛАМБЕРГЕНОВ,
Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси,
Бердақ номидаги Давлат мукофоти совриндори.

 

ЎзА