Бўлажак сайлов аввалги сайловлардан тубдан фарқ қилади

Жараён бошлангунича ҳар бир сайловчи ўз ҳуқуқларини чуқурроқ билиб борса, сайловнинг қонуний асосда ўтишига ҳисса қўшади
Қачонки сайлов бўлса, сайловчилар, яъни аҳолини қийнаётган муаммолар аниқланади. Бу жараён, ўз навбатида, сиёсий партияларнинг, уларнинг дастур ва режалари нечоғлик ҳаётий, долзарблигини кўрсатиб ҳам беради.
Қолаверса, сайлов юртдошларимизнинг мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларга, яқин ва олис истиқбол учун белгилаб олинадиган стратегик тараққиёт дастурига холис ва ҳаққоний баҳо бериш имконияти ҳамдир.
Ўзбекистон айни пайтда ана шундай жуда катта сиёсий жараён арафасида. 2019 йил декабрь ойида бўлажак сайловлар аввалги сайловлардан тубдан фарқ қилиши кутилмоқда. Халқимизнинг сиёсий онги ва маданияти жамиятда кечаётган янгиланиш ва ўзгаришларга монанд ўсиб бораётгани, жамиятда очиқлик таъминланаётгани бунга асос яратаётир.
Яна бир муҳим жиҳат эса бўлажак сайловлар янги қабул қилинган Сайлов кодекси асосида ўтади.
Кодекснинг муҳим жиҳатлари нимада? Сайлов бўйича нега айнан кодекс қабул қилинди? Унинг аввалги қонунлардан қандай фарқли томонлари бор?
Қуйида ушбу саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз.
Авваламбор, кодекс нима, деган саволга жавоб берсак. Кодекс ҳам қонун ҳисобланади, қонун билан тасдиқланади. Унда бир турдаги муҳим ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий нормалар бирлаштирилган бўлади.
Кодекснинг қонундан афзал жиҳатлари ҳам бор, албатта. Кодекс жуда катта миқдордаги, ўхшаш ҳуқуқий нормаларни ягона принциплар асосида тизимлаштиришга имкон беради.
Сайлов кодекси ҳам бир-бирига ўхшаш бўлган, сайлов муносабатларини тартибга солувчи бешта қонун ва бошқа нормаларни бирлаштириш ва такомиллаштириш натижасида қабул қилинди.
Кодекснинг ўзига хос жиҳатларига тўхталиб ўтсак. Кодексдаги энг катта янгиликлардан бири бу – сиёсий майдон тўлиқ сиёсий партияларга берилганидир. Эндиликда сиёсий партиялар Қонунчилик палатасига бўлиб ўтадиган сайловда 135 эмас, балки тўлиқ 150 сайлов округида номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлди.
Экологик ҳаракатга қўйилган квота чиқариб ташлангани партиялараро рақобатни ривожлантиришга имкон яратди. Энди улар парламентда кўпроқ ўрин олишга интилиши турган гап.
Кодексда сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқлари ҳам кенгайтирилди. Эндиликда ваколатли вакил сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Аввалги қонунларда унинг фақат сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқигина қайд этилиб, шунингдек партия ваколатли вакилни ўз аъзолари орасидангина тайинлаши белгиланган эди.
Партиялар сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда аввалги қонунлар бўйича фақат биттадан кузатувчи бериши мумкин бўлган бўлса, мазкур кодексда биттадан бўлишга оид чеклов чиқариб ташланди. Бу очиқлик, ошкоралик, жамоатчилик назорати таъминланишига хизмат қилади.
Яна бир муҳим жиҳат – бу сайлов комиссиялари билан боғлиқдир. Аввалги қонунларда фақат Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланган эди. Эндиликда барча сайлов комиссиялари ва уларнинг аъзолари ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органларидан, жамоат бирлашмаларидан ва мансабдор шахслардан мустақил ҳолда амалга ошириши белгилаб қўйилди.
Сайлов комиссияларининг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши ҳам кодексдан ўрин олган.
Сайлов комиссиялари номзодларга, сиёсий партияларга сайлов кампаниясини ўтказиш учун тенг шарт-шароитларни таъминлайди. Сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш учун ажратилган бюджет маблағларининг адолатли тақсимланишини, овоз беришнинг ва сайлов якунларини чиқаришнинг ҳалол бўлишини таъминлаш юзасидан зарур чоралар кўради.
Муддатидан аввал овоз берувчилар учун “сайлов варақаси” деган тушунча бўлар эди. Эндиликда бу тушунча қонунчиликдан чиқарилиб, барча овоз берувчилар учун фақат сайлов бюллетени бўлади.
Кодексда, шунингдек, овоз бериш сайлов куни соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилиши белгилаб қўйилди. Аввалги қонунларда бу вақт 6.00 дан бошланиши белгилаб қўйилган бўлиб, бу сайлов комиссияси аъзоларига қийинчилик туғдиргани сир эмас.
Кодексда фуқаролик жамияти институтларига берилган имкониятлар, жамоатчилик назорати ва иштироки билан боғлиқ. Авваллари маҳалладан кузатувчилар фақат халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловидагина иштирок этиши назарда тутилган эди. Эндиликда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар барча сайловларда қатнашиши мумкин.Бу сайловлар устидан фуқаролик кузатувини, шаффофликни таъминлашга, сайлов жараёнига ишончнинг ошишига хизмат қилади.
Фуқаролик жамияти институтлари вакиллари имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширувчи Эксперт гуруҳи таркибига жалб этилишига оид қоида мустаҳкамлангани жамоатчилик назоратини таъминлашга хизмат қилади.
Кодексда сайловчи турган жойида овоз бериш вақтида ҳам кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳозир бўлиши мумкинлиги қайд этилди. Бу ҳам жамоатчилик назорати, очиқлик ва ошкораликни таъминлашга хизмат қилади.
Кодексда сайлов жараёнини янада такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишларидан бири замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш асослари қонунан мустаҳкамланганлигида намоён бўлади.
Сайлов жараёнини бошқаришнинг ахборот тизимини жорий этиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхатидан фойдаланишга оид қоидалар белгиланди. Сайловчилар рўйхатлари Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш бўйича ахборот тизими маълумотлари асосида тузилади.
Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ваколатли давлат органлари томонидан тақдим этиладиган ахборот негизида шакллантирилади ва янгилаб турилади. Сайлов кампанияси даврида эса тегишли участка сайлов комиссиялари томонидан аниқлаштирилади.
Хулоса қилиб айтганда, Сайлов кодекси юртимиз сиёсий-ижтимоий ҳаётида ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу сиёсий жараённи юқори савияда ўтказишда муҳим ҳуқуқий асос бўлади. Юқорида қайд этганимиздек, бўлажак сайлов аввалги сайловлардан тубдан фарқ қилади. Бу жараён бошлангунича ҳар бир сайловчи ўз ҳуқуқларини чуқурроқ билиб борса, сайловнинг қонуний асосда ўтишига ҳисса қўшади.
Миравзал МИРАКУЛОВ,
юридик фанлари доктори.

 

ЎзА