Марказий Осиё мамлакатлари Омбудсманлари Тошкентга йиғилди

Пойтахтимизда Марказий Осиё мамлакатлари Омбудсманлари учинчи минтақавий маслаҳатлашуви бўлиб ўтди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили У.Муҳаммадиев, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Р.Коменда, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили М.Димовска ва бошқалар бугун дунёда инсон ҳуқуқларига алоқадор муносабатлар тобора долзарб бўлиб бораётгани, ҳар йилги ўтказилаётган минтақавий маслаҳатлашув эса инсон ҳуқуқлари бўйича ҳамкорликни янада кучайтириш, бу борада ўзаро тажриба алмашиш учун ўзига хос мулоқот майдони бўлаётганини таъкидлади.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад Марказий Осиё минтақасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги муаммоларга самарали ечим топиш ва биргаликда ушбу муаммоларни бартараф этиш юзасидан аниқ механизмларни ишлаб чиқишдан иборат. Бу борада халқаро стандартлар ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳим аҳамият касб этади.
photo5226571769115159332.jpg
Йиғилиш давомида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Туркманистон вакиллари ўз мамлакатларида инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати, Омбудсман фаолияти хусусида атрофлича тўхталиб ўтди.
– Ушбу тадбир БМТнинг Тараққиёт дастури, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқаруви ва Омбудсман инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар Глобал альянси ўртасидаги уч томонлама ҳамкорлик кўмагида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш имконини берди, – дейди БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили М.Димовска. – Йўлга қўйилган бу мулоқот натижасида Миллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш муассасалари ўзаро ҳаракатларни яхшироқ мувофиқлаштириши ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги муаммоларнинг нафақат мамлакат, балки минтақа миқёсида самарали ечимларини биргаликда ишлаб чиқиши кутилмоқда.
Минтақавий маслаҳатлашув якуни бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан “Йўл харитаси” қабул қилинди. Ушбу чора-тадбирлар режасида белгиланган вазифалар юзасидан фикр-мулоҳазалар, таклифлар билдирилди.
photo5226571769115159333.jpg
Шу куни Олий Мажлис Сенатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевнинг Марказий Осиё Омбудсманлари минтақавий маслаҳатлашуви иштирокчилари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Унда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида минтақавий ҳамкорликни янада кенгайтириш юзасидан кенг доирадаги масалалар бўйича фикр алмашилди.
Минтақа давлатлари билан ҳамкорлик Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири эканлиги қайд этилди. Мамлакатларимиз ўртасида ҳар томонлама муносабатларнинг барқарор ривожланиши, халқаро ташкилотлар ва институтлар доирасида амалий ҳамкорлик йўлга қўйилиши, парламентлараро алоқалар мустаҳкамланиши минтақада интеграцияни янада чуқурлаштиришга ва умуман мамлакатларнинг демократик ривожланишига кўмаклашади.
Учрашув иштирокчилари Марказий Осиё Омбудсманлари ўтказган маслаҳатлашувлар натижаларидан ва уларнинг якунлари бўйича қабул қилинган “Йўл харитаси”дан қониқиш ҳосил қилишганини таъкидладилар. Бу минтақа мамлакатларининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва фуқаролар фаоллигини ошириш масалалари бўйича ҳамкорлигини мустаҳкамлаш имконини беради. Қайд этилганидек, ушбу тадбир Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишлаб Самарқандда ўтказилган Осиё инсон ҳуқуқлари анжуманининг мантиқий давоми бўлди.
photo5226573173569465057.jpg
Шубҳасиз, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида Марказий Осиё мамлакатлари Омбудсманлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш муҳим аҳамият касб этади. Минтақа давлатларининг қонун чиқарувчи органлари ўртасида ҳамкорликнинг кенгайиши инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича фаолиятнинг норматив-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш ҳамда модернизациялашда муҳим ўрин тутади.
Шунингдек, бугун Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш сиёсатида хотин-қизларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги кенг иштирокини, гендер тенглиги ва репродуктив саломатликни таъминлашга асосий урғу берилиши, бу эса халқаро ҳамжамиятнинг юксак баҳосига сазовор бўлгани таъкидланди. Шу нуқтаи назардан давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон парламентининг юқори палатасида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича қўмита ташкил этиш ташаббуси ҳам жамоатчилик томонидан кенг қўллаб-қувватланди.

 

Нурилло НАСРИЕВ, Фарҳод АБДУРАСУЛОВ (сурат), ЎзА