Ойда катта миқдорда металл захираси аниқланди

Тадқиқотчилар Ойнинг жанубий қутбида магнит аномалиясини аниқлади, мазкур кашфиёт Ер табиий йўлдоши ички қобиғида ўта оғир темирдан иборат улкан астероид қолдиқлари мавжудлигига ишорадир, дейилади “Live Science” хабарида.
Қайд этилишича, Ойнинг жанубий қутбидаги Эйткен кратери (Қуёш тизимида ҳажми бўйича энг катта кратер ҳисобланиб, Ойнинг тескари томонида жойлашган) сатҳида катта миқдорда металл захираси “яшириниб ётибди”. Тахминларга кўра, ўта оғир темирдан иборат астероид бундан 4 миллиард йил олдин Ойнинг шу ҳудудига келиб урилган.
“Тасаввур қилинг, кратер қаърида Гавайи оролларидан 5 марта катта бўлган металл захираси яшириниб ётибди. Биз ана шу топилмага тасодифан дуч келдик”, деган тадқиқот бош муаллифи, Бэйлор (АҚШ) сайёра геофизикаси университети катта ўқитувчиси Питер Жеймс. Унинг сўзларига кўра “аномал топилма” оғирлиги 2,4 септиллион тоннага тенг бўлиши мумкин.
Жеймс ва унинг ҳамкасблари 2011 йилда НАСА сунъий йўлдошлари ёрдамида олинган маълумотлар асосида “аномал топилма”ни кашф қилган.

 

ЎзА