Бош прокуратура академияси магистратурасига кимлар қабул қилинади?

Бош прокуратура матбуот хизматининг маълумотларига кўра, Академия магистратурасига абитуриентларни қабул қилиш 2019/2020 ўқув йилидан бошланади ҳамда тенг ҳуқуқлилик, қабул ва танловнинг ягона қоидалари асосида амалга оширилади. Магистратурага танлов “юриспруденция” таълим йўналиши бўйича олий юридик маълумотга эга бўлган шахслар орасида ўтказилади. Шунингдек, прокуратура органларида камида 5 йиллик иш стажига ва бошқа мутахассислик йўналишлари бўйича олий маълумотга эга бўлган амалдаги прокуратура органлари ходимлари танловда иштирок этиши мумкин.
Академия магистратурасига “прокурорлик фаолияти”, “тергов фаолияти” ва “коррупцияга қарши курашиш” мутахассисликлари бўйича 2019/2020 ўқув йилига жами 30 та, шу жумладан 18 та давлат гранти ва 12 та тўлов контракти асосида қабул квоталари тасдиқланган.
Кириш имтиҳонлари мутахассислик фанлари ва чет тилидан тест синови, шунингдек ёзма имтиҳон шаклида ўтказилади.
Бош прокуратура Академиясида магистратура мутахассислик бўйича таълим жараёни илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш асосида жорий этилган ўқитишнинг самарали замонавий педагогик таълим технологияларини қўллаган тарзда амалга оширилади.
Бугунга қадар Бош прокуратура Академияси 30 га яқин дунёнинг етакчи таълим муассасалари билан ҳамкорлик муносабатларини ўрнатган бўлиб, ўқув жараёнига академия профессор-ўқитувчилари билан бир қаторда нуфузли хорижий таълим муассасаларидан эксперт ва профессор-ўқитувчилари жалб қилинади.
Бош прокуратура Академияси магистратурасига абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш муддатлари Академия веб-сайтида (proacademy.uz) ҳамда оммавий ахборот воситалар орқали эълон қилинади.

 

ЎзА