Барча ҳаракатларимиз замирида халқимиз ҳаётини яхшилаш, фарзандларимизнинг эртанги кунига замин яратиш мақсади мужассам

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва аввал берилган топшириқлар ижроси билан танишиш мақсадида 16 май куни Андижон вилоятига келди.
Давлатимиз раҳбарининг ўтган йил 19-20 май кунлари вилоятга ташрифи чоғида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилган эди. Шу давр мобайнида улар ижросига алоҳида эътибор қаратилди. Вилоятда шаҳар ва қишлоқлар обод бўлиб, аҳоли фаровонлиги юксалди. Айниқса, саноат, қурилиш, фармацевтика, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, ижтимоий соҳаларни ривожлантиришда салмоқли натижаларга эришилди. Барча макроиқтисодий кўрсаткичлар бўйича ўсиш кузатилди.
2018 йилда Инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 1,8 триллион сўмга тенг 411 лойиҳа амалга оширилди, 12 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди. Хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобидан 20,7 миллион АҚШ доллари миқдорида импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватига эга йирик корхоналар фойдаланишга топширилди. 211,2 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.
“Обод қишлоқ” дастури доирасида вилоятда танлаб олинган 50 маҳаллада кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Инвестиция дастурига мувофиқ, 40 та мактабгача таълим муассасасида 97 миллиард сўмлик, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 30 та муассасада 47,5 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Бундан ташқари, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 178 та мактабгача таълим муассасасида жорий, капитал таъмирлаш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. 168 та хусусий мактабгача таълим муассасаси ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбарининг ташрифи Хонобод шаҳридаги “Xon tex city” масъулияти чекланган жамияти билан танишувдан бошланди.
Хонобод шаҳри узоқ йиллар ёпиқ ҳудуд бўлиб, саноат ривожланмаган, кўплаб объектлар бўш ётган эди. Президентимиз 2017 йил 2 июнда бу ерга ташриф буюриб, ижтимоий-иқтисодий шароит билан яқиндан танишган, вазиятни тубдан яхшилаш бўйича чора-тадбирлар белгилаб берган эди. Шу асосда 2017-2019 йилларда Хонобод шаҳрини комплекс ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқилди. Унга 3 минг 200 дан зиёд лойиҳа киритилиб, 500 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Бунинг натижасида кўплаб корхоналар ташкил этилди ва одамлар иш билан таъминланди.
Анҳор маҳалласи ҳудудидаги собиқ 4-автокорхона ҳам узоқ йиллар бекор турган эди. Унинг бинолари ва ер майдони тадбиркорларга «ноль» қийматда берилиб, ташкилий, молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилди. Бугун бу ерда 13 та корхона фаолият юритмоқда. Уларда жами 685 киши ишлайди.
“Xon tex city” масъулияти чекланган жамияти шулардан бири. Ўтган йили ишга туширилган корхонада 300 дан ортиқ моделда 50 турдаги тайёр кийим-кечак ишлаб чиқарилмоқда. Йилига 500 минг долларлик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган. Энг муҳими, 300 га яқин хотин-қиз иш билан таъминланган.
– Ушбу корхона ишсиз юрган хотин-қизлар учун айни муддао бўлди, – дейди Мухлиса Шарофиддинова. – Ишчи-хизматчиларнинг самарали меҳнат қилиши учун барча қулайлик яратилган. Икки маҳал иссиқ овқат, транспорт хизмати йўлга қўйилган. Маошни вақтида оляпмиз.
Давлатимиз раҳбари корхонадаги шароитни кўздан кечирди, ишчилар билан мулоқот қилди.
Барча ҳаракатларимиз, фармон ва қарорларимиз замирида халқимиз ҳаётини яхшилаш, фарзандларимизнинг эртанги кунига замин яратиш мақсади мужассам. Шу борадаги ўзгаришлар, сизларнинг ҳаётдан розилигингиз кишига мамнуният бағишлайди. Андижонга бу галги сафаримиздан мақсад ҳам одамларнинг ҳақиқий талабидан келиб чиқиб режа қилиш ва ижросини таъминлаш чораларини кўришдир, деди Шавкат Мирзиёев.
Президентимиз шаҳардаги “Хонобод” сиҳатгоҳида амалга оширилган ишлар билан танишди.
Денгиз сатҳидан 850 метр баландликда жойлашган сиҳатгоҳ кислород билан тўйинган, ионлаштирилган ҳавоси билан юқори ва қуйи нафас йўллари, асаб тизими, юрак-қон томир касалликларини даволашга ихтисослашган. Бу ерда беморлар асосан юқори ҳароратли сув билан даволанади. Иқлимий, парафин, электр-ёруғлик, фитотерапия, функционал терапия, парҳез билан даволаш ва санатория-курорт услублари кенг қўлланилади. Минерал ванналар, физиотерапия, электрофарез, гальванизация, игна билан даволаш, стоматология, косметология, галотерапия (тузли шахта), сузиш ҳавзаси, фитнес-зал, фитобар ҳам мавжуд.
Сиҳатгоҳдаги замонавий клиник ва био-кимёвий лаборатория, УТТ ва ЭКГ ускуналари беморларга аниқ ташхис қўйишда муҳим ўрин тутади.
Сўлим табиати билан машҳур Хонободда бир пайтлар қурила бошлаган сиҳатгоҳ қаровсиз ҳолда ётган эди. Шавкат Мирзиёев 2017 йил 2 июнда бу ерга келиб, уни ободонлаштириш, дам олиш учун зарур шароит яратиш бўйича топшириқлар берган эди.
180 ўринга мўлжалланган “Хонобод” сиҳатгоҳини барпо этиш учун 90 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Даволаш бинолари, стандарт, ярим-люкс ва люкс хоналар, 6 апартаментда барча шароит яратилди.
Давлатимиз раҳбари санаторийдаги шароитни кўздан кечирди. Ушбу тоғли ҳудудда енгил конструкциялардан меҳмон уйлари ташкил этиш зарурлигини таъкидлади. Хизматлар нархини камайтириб, қамровини кенгайтириш яна кўплаб одамларни иш билан таъминлашга хизмат қилишини қайд этди. Сиҳатгоҳ ҳудудидаги ер майдонларини тадбиркорларга бериш орқали 3 минг киши дам оладиган масканлар ташкил этиш бўйича топшириқ берди.
Шу ерда Андижон вилоятида туризмни ривожлантиришга доир лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Хонобод шаҳрида 2017-2019 йилларда амалга оширилган ишлар, «Кампирравот» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Inimpeks Alliance” масъулияти чекланган жамияти томонидан дам олиш масканлари барпо этиш, “Lu Yang Agroculture” хорижий корхонасининг маҳаллий мевали боғлар ва полиз экинлари, цитрус мевалар ва бодом боғларини ташкил этиш лойиҳалари ҳақида маълумот берилди.
Марҳамат туманидаги “Мингтепа” археология мероси объектида туризмни ривожлантириш лойиҳаси амалга оширилиши тарихимизни, ўзлигимизни янада чуқур англашга хизмат қилади. Бу ерга мактаб ўқувчиларини зиёратга олиб келиш керак. Бугунги авлод маданий меросимизни яхши билиши, у билан фахрланиши зарур, деди Президентимиз.
Фаоллар билан мулоқотда Хонобод шаҳрини ҳар томонлама ривожлантириш, бандликни таъминлаш ва фаровонликни ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Экологик мусаффоликни таъминлаш, туризмни ривожлантириш, инвестициялар жалб этиш, инновацион ёндашув, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, иш ўринлари яратиш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари “Khantex Group” МЧЖ томонидан Қўрғонтепа тумани Учқун маҳалласида ташкил этилган пахта-тўқимачилик кластери фаолияти билан танишди.
“Khantex Group” ташкил этилганига икки йил бўлди. Корхона қарийб 9 минг гектар майдонда фермерлар билан пахта етиштириш бўйича ҳамкорлик қилади.
Шавкат Мирзиёев ўтган йил май ойида Андижон вилоятига ташрифи чоғида жамиятнинг тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишган эди. Бугунга келиб бу режа тўла амалга оширилди – улкан йигирув цехи биноси қурилиб, Швейцариянинг «Ритер» компаниясидан замонавий ускуналар келтириб ўрнатилди. Ҳудудда яшовчи 400 нафарга яқин аҳоли доимий иш жойига эга бўлди.
Бу – ҳали дастлабки ишлар. Кейинги босқичларда мато тўқиш, бўяш, тайёр кийим-кечак ва сочиқ ишлаб чиқариш режалаштирилган. Лойиҳанинг умумий қиймати қарийб 58 миллион евро бўлиб, корхона тўлиқ қувват билан иш бошлагач, йилига 9 минг тоннадан зиёд ип-калава, қарийб 6 миллион погон-метр газлама, 10 миллион донадан ортиқ тикув-трикотаж маҳсулоти ишлаб чиқарилади, 1500 иш ўрни яратилади. Экспорт ҳажмини 40 миллион долларга етказиш мўлжалланган.
Шунингдек, кластер негизида 2 минг тонна истеъмол ёғи, 7,5 минг тонна шрот, 5,4 минг тонна шелуха ишлаб чиқариш қувватига эга замонавий ёғ-экстракция заводи ва чорва комплекси ташкил этилмоқда.
Давлатимиз раҳбари кластернинг йигирув цехини кириб кўрди.
Шу пайтгача жойларда турли корхоналар ташкил этиш бўйича ишладик. Энди сифатга эътибор бериш, даромадни ошириш учун шароит яратиш керак, деди Шавкат Мирзиёев.
Кластерга агротехника хизмати кўрсатиш мақсадида 19,7 миллион доллар эвазига АҚШнинг “John Deer” ва “Case” компанияларининг 13 турдаги 331 та замонавий қишлоқ хўжалиги техникаси келтирилган.
Давлатимиз раҳбари илгари сурган кластер усулини қишлоқ хўжалигида кенг жорий этиш бўйича ташаббус Қўрғонтепа туманида тўлиқ амалга оширилмоқда. Яъни, пахтани етиштиришдан тайёр маҳсулот олишгача бўлган тизим яратилган. Пахта етиштириш ишлари тўлиқ техника ёрдамида амалга оширилмоқда, ҳосилдорлик сезиларли даражада ошган. Ҳудуд аҳолиси кластер ташкил этган замонавий корхоналарга ишга жалб қилиняпти.
Шу ерда Андижон вилоятида 2019-2020 йилларда қишлоқ хўжалиги соҳаси, аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик, пиллачиликни ривожлантиришга қаратилган режалар, Ўзбекистоннинг Беларусдаги элчихонаси томонидан ишлаб чиқилган лойиҳалар муҳокама қилинди. Тошкент давлат аграр университети Андижон филиали билан Гродно давлат университети ўртасида Ўзбекистон – Беларусь қўшма факультетини очиш, вилоятда ирригация ва мелиорация тизимини яхшилаш каби қатор лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Президентимиз лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли якунлаш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.
Хўжаобод тумани Хидирша массиви бундан бир неча ой олдин яйдоқ адирлардан иборат эди. Бу ерда қисқа муддатда – тўрт ойда барча инфратузилма иншоотларига эга замонавий мавзе қад ростлади.
Андижон шаҳри – мамлакатимизнинг аҳоли энг зич яшайдиган ҳудуди. Шаҳарнинг Мустақиллик маҳалласидаги эски барак шаклидаги ҳовлиларда яқин-яқингача битта хонадонда бир нечталаб оила қийналиб яшаб келар эди.
Давлатимиз раҳбари вилоятга аввалги ташрифлари чоғида шаҳар аҳолисининг яшаши учун қулай шароит яратиш, Бош режага мувофиқ эски маҳаллалар ўрнида кўп қаватли турар жойлар барпо этиш бўйича тавсиялар берган эди. Шунга кўра, Мустақиллик маҳалласи аҳолиси учун Хўжаобод тумани Хидирша массивидан 54 гектар ер ажратилиб, шаҳар ҳудудига қўшиб берилди.
Жорий йилда бу ерда “Обод маҳалла” дастури асосида 2 сотихли 220 та уй, оилавий поликлиника, болалар боғчаси, Хотира майдони, маҳалла гузари, кутубхона, ҳаммом, гўзаллик салони ҳамда бошқа савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, тикувчилик корхонаси, маданият маркази қурилди. Маҳаллага «Мустақилликнинг 27 йиллиги» деб ном берилди.
Президент мазкур маҳалладаги бунёдкорлик ишлари билан танишди.
Янги маҳалла қурилишида аҳоли учун зарур қулайликлар эътиборга олинган. Кўчириб келинаётган оилаларнинг фарзандлари шу ердаги боғчага, мактабга қатнайди, хотин-қизлар тикувчилик корхонаси, маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларида ишлаши мумкин.
Шавкат Мирзиёев дастлаб янги ҳовли соҳибаси Дилфуза Ҳожиматова хонадонига кириб, оиланинг яшаш шароити билан қизиқди.
Давлатимиз раҳбари вилоятга ташрифидан мақсад одамларнинг ҳаёт сифатини ошириш, оилаларга имкон қадар кўпроқ енгиллик беришдан иборат эканини таъкидлади.
Тинимсиз меҳнатимиз, изланишларимиз ўз мевасини бера бошлади, халқимизнинг ҳаётга қараши, муносабати ўзгарди. Бундай шинам уйларга кўчиб кирган оилалар ҳаётидан мамнун, давлатдан рози бўлади. Энди оилаларга ўзини ўзи боқиш кўникмасини ҳам сингдирсак, одамлар ўз ҳовлисида асалари, товуқ боқишни ўрганса, боқимандалик кайфияти йўқолади, яхши яшашга интилиш кучаяди, деди Президент.
Дилфуза Ҳожиматова янги ҳовлида қизлари Фотима ва Зуҳра билан яшайди. Шавкат Мирзиёев ушбу ташриф оила ҳаётига яна бир қувончли воқеа билан муҳрланишини айтди – эгизакларни ўзлари танлаган олий ўқув юртига имтиёзли киритишга ваъда берди. Бу таклиф катта қувонч билан қабул қилинди.
Вақт кутиб турмайди. Одамларга бугун шароит яратиб бериш керак. Яшаш учун шароит бўлса, оилада қувонч, хотиржамлик, ҳаловат бўлади, барака ёғилади. Бу ҳар бир ислоҳотнинг асосий мазмунини ташкил этиши лозим.
Президент бу борада мутасаддиларга навбатдаги вазифаларни белгилаб берди. Мазкур маҳаллада иккинчи босқичда қуриладиган 2 сотихли 612 та уй, 168 хонадондан иборат 7 та кўп қаватли арзон турар жой, 615 ўринли мактаб, 160 ўринли болалар боғчаси ҳам Андижондаги мана шу ўзгаришлар руҳига ҳамоҳанг бўлиши зарурлигини таъкидлади.
Янги маҳаллада Андижон шаҳридаги “Ферузбек текс” МЧЖнинг тикув корхонаси иш бошлади. 500 хотин-қиз ишли бўлган корхонада 60 дан зиёд турдаги катталар ва болалар кийимларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Йилига 1,5 миллион дона маҳсулот тайёрлаш ва 950 минг долларлик кийим-кечак экспорт қилиш имкониятига эга корхонада ишчилар учун бепул иссиқ овқат, транспорт хизмати йўлга қўйилган. Бу ҳам хотин-қизларнинг ишга бемалол бориб-келиши, оиласига наф келтиришига ёрдам беради.
Шавкат Мирзиёев корхонада тайёрланаётган кийим-кечак намуналари, тикув цехидаги ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди.
Кўп иш қилиняпти, булар катта ишларнинг бошланиши, холос. Бир-биримизга елкадош бўлсак, кечагидан уч-тўрт баравар кўп ишласак, ўрганишдан чарчамасак, меҳнатимизнинг роҳатини албатта кўрамиз. Халқимизни рози қилиш йўлидаги ишларимиз битта мақсад-муддаога қаратилган – одамларнинг орзу-ниятларини рўёбга чиқариш. Меҳнат қилиб шу кунларга етдим, эртага болам мендан яхшироқ яшайди, эккан дарахтим мевасидан фарзандларим баҳраманд бўлади, деган ўй-ниятда яшашимиз керак, деди давлатимиз раҳбари.
Бундай корхоналарни икки-уч баравар кўпайтириш, маҳсулотга харидор топиш, бозорини кенгайтириш бўйича тавсиялар берилди.
Шу ерда Андижон шаҳри Бош режаси асосида амалга оширилаётган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Унга мувофиқ, 2019-2020 йилларда Андижон шаҳрида аҳолининг уй-жойга талабини қоплаш мақсадида 150 та кўп қаватли уй қурилади. Жумладан, барак шаклидаги эски уйлардан бўшаган Мустақиллик маҳалласи ҳудудида 70 та 9 қаватли уй барпо этилади.
Давлатимиз раҳбарига “Andijon city” қурилиши лойиҳаси ҳақида маълумот берилди. Қарийб 70 гектар майдонда барпо этилиши мўлжалланаётган ушбу шаҳарчада 5 юлдузли меҳмонхона, конгресс-холл, қўғирчоқ театри, банк ва офислар, соғломлаштириш марказлари, кўнгилочар масканлар, кафе-ресторанлар, 7, 9 ва 12 қаватли турар жой бинолари қад ростлайди.
Фитрат кўчасида 41 та 7 қаватли уй барпо этиш, Андижонда мамлакатимизда илк бор таунхаус шаклидаги намунавий уйлар қурилишини бошлаш, вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказини реконструкция қилиш, “Обод туман маркази” дастури асосида Марҳамат туманида амалга ошириладиган ишлар, вилоятда ичимлик ва оқова сув тизимини яхшилаш борасидаги лойиҳалар тақдим қилинди.
Президент барча лойиҳаларда аҳолининг талаб-эҳтиёжлари ва ҳудудни ривожлантириш истиқболларини инобатга олиш, қурилишда энергиятежамкор материаллар ва технологиялардан фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.
Маҳаллада барпо этилган “Келажак болажонлари” мактабгача таълим муассасаси рус ва инглиз тилларини ўргатишга ихтисослаштирилган бўлиб, бу ерда Шавкат Мирзиёев илгари сурган беш ташаббусни мамлакатимизда биринчи марта боғча ёшидан болалар онгига сингдириш режалаштирилган. 2 қаватли, 165 ўринли муассасада кичкинтойлар учун тасвирий санъат, мусиқа ва спорт, чеварлик, тикувчилик каби тўгараклар мавжуд. Машғулотлар хонасидаги мини-компьютерлар болаларни кичик ёшдан ахборот технологияларига ошно қилади.
Давлатимиз раҳбари боғчани кўздан кечирар экан, фарзандларимиз маънавиятини боғча ёшидан бойитиш, бу борадаги ишларни махсус қарор асосида тизимли йўлга қўйиш лозимлигини таъкидлади.
Маданият марказида беш муҳим ташаббус асосида ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишини ошириш, ёш истеъдодларни юзага чиқариш, ўғил-қизлар ўзининг спорт соҳасидаги қобилиятини намоён этиши учун зарур шароит яратиш, уларнинг компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишини ташкил этиш, китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалалари ҳақида сўз юритилди.
Шавкат Мирзиёев бу ташаббуслардан мақсад ёшларда «ўзбекман», «ўзимга бекман» деган миллий ғурур туйғусини кучайтиришдан иборат эканини, ҳар бир йўналиш бўйича амалга оширилаётган ишлар шунга лойиқ ва мос бўлиши кераклигини таъкидлади. Ҳар бир ташаббус бўйича тегишли қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Президентимиз Андижон туманидаги “Makro Farm Andijan” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди. Ўтган йили Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифи давомида мазкур корхона лойиҳасининг тақдимоти ўтказилган эди.
“Makro Farm Andijan” корхонаси лойиҳасини уч босқичда ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутилган. Биринчи босқич 2018 йилнинг август ойида якунига етди. Йилига 2,5 миллиард сўмлик доривор ўсимликлардан биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқарилади. Бунинг учун 3 миллион доллар маблағ сарфланди, натижада 25 кишининг доимий бандлиги таъминланди.
Иккинчи босқичда 5 миллион доллар маблағ эвазига йилига 136 миллион дона шприц ва инфузия учун система ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилди. Мазкур лойиҳа 2018 йилнинг октябрь ойида якунланиб, 110 та янги иш ўрни яратилди.
2020 йилга режалаштирилган учинчи босқичда юрак-қон томир касалликларида қўлланиладиган 8 миллион дона таблетка ва капсула шаклидаги дори воситалари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. 40 киши ишли бўлади.
1, 2, 5, 10 миллиграммли шприцлар ва инфузия учун системалар ишлаб чиқарадиган ушбу корхона водийда ягона ҳисобланади.
Айни пайтда корхонанинг 10 гектар ер майдонида наъматак, мойчечак, барбарис, ялпиз, колендула, дала чойи, алоэ, полпола, валериана, лимон ўти, самин чўп каби доривор ўсимликлар парваришланмоқда.
Давлатимиз раҳбари мазкур корхонада тайёрланаётган дори воситаларини кўздан кечирди. Дори-дармонларнинг халқаро сифат талабларига тўла жавоб беришини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш кераклигини таъкидлади.
Шу ерда Андижон шаҳридаги “Avto Tekstil” МЧЖнинг автомобиль ва автобус ўриндиқлари учун газлама-мато ишлаб чиқариш лойиҳаси тақдимоти ўтказилди.
Давлатимиз раҳбарига Ўзбекистон Республикасининг Германия ва Ҳиндистондаги элчихоналари томонидан вилоятда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари ҳақида маълумот берилди. Унга кўра, Ҳиндистоннинг “Cadila Pharmaceuticals LTD” компанияси “Андижон-фарм” эркин иқтисодий зонасида таблетка, капсула ва инъекцион дори воситалари ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. 50 миллион доллар маблағ сарфланиши назарда тутилган лойиҳа якунида 400 дан зиёд иш ўрни яратилади. Йилига 3 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинади. Мазкур лойиҳа 2019-2023 йиллар давомида 3 босқичда ҳаётга татбиқ этилади.
Мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси томонидан 2019-2021 йилларда қиймати 39 миллион евролик еттита лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Натижада 700 иш ўрни яратилади. Транспорт-логистика маркази, мева-сабзавотни қайта ишлаш, чой қадоқлаш корхоналари, чорвачилик кластери ташкил этилиб, суюлтирилган газ ишлаб чиқарилади.
“GM Uzbekistan” акциядорлик жамиятида ягона платформа асосида янги автомобиль моделларини ўзлаштириш бўйича лойиҳа тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши 10 минг кишини доимий иш билан таъминлаш имконини беради.
Президентимизнинг Андижон вилоятига ташрифи давом этмоқда.

 

ЎзА