Матбуот хизматлари қандай ишламоқда?

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги — ЎзА вазирлик ва давлат ташкилотлари
матбуот хизматлари рейтингини тузмоқда
Ахборот майдонида шундай қоида бор, “Матбуот хизмати журналистлардан ахборотни яшириб, фақатгина ютқазади”.
Журналистга сиз (матбуот хизмати) ахборотни бермасангиз, бу ишни сиздан олдин бошқалар бажаради. Оқибатда ким ютади?
Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги — ЎзА www.uza.uz сайтида Ўзбекистондаги мавжуд вазирлик, ташкилот ва қўмиталарнинг матбуот хизматлари рейтингини тузмоқда.
Ҳозирча унда қуйидаги учлик етакчилик қилмоқда:
1. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги
 
2. Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
 
3. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги
Ижтимоий тармоқларда овоз тўплаган вазирлик ва тузулмаларнинг матбуот хизматини қанчалик фаол дейиш мумкин? Ўзлари ҳақидаги маълумотларни тиқиштиришда етакчилик қилиб, журналистларнинг саволларига “хат билан чиқинг”, дейдиган матбуот хизматлари вакилларини ҳам фаол дейиш мумкинми?
Мисол учун, охирги вақтларда қайсидир орган ходимлари алмашгани ёки қамалгани ҳақидаги хабарлар биринчи бўлиб юртимизда рўйхатдан ўтмаган нашрларда пайдо бўлмоқда.
Кейинчалик эса бу хабарларнинг қанчалик рост ёки ёлғонлигига ташкилотлар (прокуратура) изоҳ бериш билан чекланмоқда.
Оммага нотўғри маълумот етиб бориб, етарли хулосалар шаклланиб бўлгач, матбуот хизматларининг раддияси самара берармикан?
Яна бунинг устига, раддия берган маълумотларини вақт ўтиши билан тасдиқлашларининг ҳам гувоҳи бўляпмиз. Бу ҳақда матбуот хизмати вакиллари озроқ изланишса яхши бўлар эди.
“Озодлик” манбалари орқали бутун халқ “фалончи қамалди”, деган хабарни эшитиб бўлгач, ташкилотнинг расмий маълумоти қанчалик аҳамиятли ёки ишонарли бўлади? Бу уларнинг ахборот майдонида ютқазиб қўяётганини англатмайдими?
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси матбуот хизмати расмий маълумотларидан аввал, биз “Eltuz”, “Озодлик” сайтларида мазкур орган фаолиятига оид шов-шувли хабарларнинг гувоҳи бўлмоқдамиз.
“ВВС” ўзбек хизмати вакилларидан Ўзбекистондаги вазирлик ва ташкилотлар матбуот хизмати фаолиятини баҳолашни сўраганимизда, хориждаги ҳамкасбларимиз биргина Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси уларнинг саволларини очиқ қолдирмасликларини эътироф этишди. Маҳаллий нашрларимиз эса бу ташкилотни маълумотни вақтида тасдиқламасликларидан нолийдилар.
ОАВни кузатар эканмиз, кўпгина хусусий сайтларда расмий матбуот хизматлари маълумотидан аввал ишончли манбаларга таянган хабарлар етакчилик қилмоқда. Яъни айтмоқчи бўлганимиз, матбуот хизматларидан кўра, сайтларнинг ўз ишончли манбалари фаолроқ кўринмоқда.
ЖУРНАЛИСТЛАР ЭЪТИРОФИ
Бир вақтлар, вазирликлар матбуот хизматига баҳо берганда, уларнинг сайти қанчалик тез янгиланиши ва жўнатган хатларимизга қанча муддат ичида жавоб қайтариши билан баҳо берардик. Бугун хайриятки, айрим вазирлик, ташкилотларнинг матбуот хизматлари “расмий хат билан чиқинг”, деган талабдан қочишмоқда.
Медиа воситасига айланиб улгурган барча ижтимоий тармоқларда бугун деярли ҳамма вазирлик ва ташкилотларнинг ўз саҳифалари бор.
Адлия вазирлиги матбуот хизмати ҳам ижтимоий тармоқларда фаол ва доим журналистларнинг мурожаатини жавобсиз қолдирмайди.
Инновация вазирлиги, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати ҳақида ҳам кўпгина ҳамкасбларимиз яхши фикрда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам жамиятимизда ёки хорижда рўй берган воқеаларни бефарқ кузатмасдан уларга ўз муносабатини билдирмоқда.
Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси жамоат ташкилотининг матбуот хизматининг ҳам матбуотдаги чиқишларини кўпгина ҳамкасбларимиз яхши баҳолайдилар. Федерация нореал қарздорликлар бўйича олиб бораётган ишларини фаол ёритиб бормоқда.
“ОЛИБ ТАШЛАНГ”, “РАДДИЯ БЕРИНГ!”
Қайсидир ташкилотга журналистлар томонидан ”тош отилдими”, матбуот хизматлари раддия беришга шошиб қолишади. Бефарқ бўлгандан жавоб мақола тайёрлаган ёмон эмас. Бироқ кўпгина ташкилотларнинг матбуот хизмати вакиллари жавоб мақола ёзишдан кўра, таҳририятга қўнғироқ қилиб, материални олиб ташлашни илтимос қилишни афзал билишади.
Бу қонунга зид бўлишига қарамасдан, афсуски, шундай ҳолатлар тез-тез учраб туради.
Танқидларга таҳдид билан жавоб берадиган матбуот хизматлари рейтингини тузишга ҳам зарурат бор.
ТОШКЕНТ ШАҲАР ҲОКИМЛИГИ ҲАҚИДА АЛОҲИДА…
Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати фаоллик билан амалга ошираётган ишларини кенг ёритиб бормоқда. Шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати вакиллари ўзлари хоҳлаган хабарни етказишда ўта фаол.
Facebook тармоғида ҳокимлик видеороликлари кўпайиб бормоқда. Лекин, ҳокимлик матбуот хизмати вакилларидан айнан бизни қийнаган саволлар, журналистларни қизиқтирган масалаларга жавоб олиш қийинроқ кечади. Яъни ҳокимлик ўзи хоҳлаган ахборотни тарқатади-ю, биз истаган маълумотни беришда негадир сустроқ.
Шунингдек, ҳокимият сайтида баъзи маълумотлар янгиланмаган. Туман ҳокимликларининг ўринбосарлари ва ҳудудлар ҳақидаги ахборотлар эскириб қолган.
ТАДБИРВОЗЛИКДА ЕТАКЧИ
Аксар журналистларимизнинг бугун тадбирлардан “боши чиқмайди”. Ташкилот ва вазирликлар тадбирлар ўтказишдан чарчамаяпти. Аммо, тадбирда чаққон бўлган матбуот хизмати вакиллари баъзида журналистларнинг қатнашмагани ёки юборилган маълумотларини ОАВда чоп этмаганини айтиб нолийдилар.
Тадбир пресс-релизида муаммо ёки савол кўтарилмаса, бу анжуман вақтини бекор ўтказишни истамаган журналистни қизиқтирмайди.
Тадбирингиз муҳим эканини исботлай олмасангиз, журналистларнинг қатнашмаганидан ўпкаламанг. Шу билан бирга, ҳеч қайси ОАВ нашрлари матбуот хизматлари юборган хабарларингизни ёритишга мажбур эмас. Кўпгина ташкилот ёки вазирликларнинг матбуот хизмати вакиллари улар ҳақида ОАВда қанча кўп ёритилса, бу “ишлаётганимиздан далолат”, деб билишади. Лекин, ўша ташкилот ҳақида матбуотда танқид чиқса, унга муносабат билдиришда оқсаб қолишмоқда.
www.uza.uz сайти матбуот хизматларидан фаол бўлишлари кутиб қолади. Мазкур сўров ташкилотлардаги матбуот хизматларининг қандай ишлаётганига бироз бўлса-да ойдинлик киритар деган умиддамиз.
Матбуот хизмати фаолиятини таништираётган вазирлик, қўмита ва ташкилотлар вазифасини виждонан бажараётганининг гувоҳи бўлайлик ва халқ улардан рози бўлсин.
Матбуот хизматлари рейтинги давом этади…
Қайси ташкилот матбуот хизмати фаол ишлайди?
 
Овоз бериш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг ⇓ ⇓ ⇓

 

Анора Содиқова, ЎзА