Барча ҳаракатларимиз аҳолини иш билан таъминлаш, иқтисодиётимизни ривожлантиришга қаратилган​

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 12 март куни Навоий вилоятига ташриф буюрди. 
Давлатимиз раҳбари барча ҳудудлар каби Навоий вилоятига ҳам бир неча бор ташриф буюриб, иқтисодиёт тармоқларини кенгайтириш, аҳоли фаровонлигини ошириш масаласига доимий эътибор қаратиб келмоқда. 2017 ва 2018 йиллардаги ташрифлар чоғида белгиланган чора-тадбирлар натижасида вилоятда кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Бу галги ташриф Нурота туманидаги «Мармаробод» давлат унитар корхонаси фаолияти билан танишишдан бошланди.
Президентимиз саноатда бозор талабларини ўрганиш, харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ғоят муҳим эканлигини доим таъкидлайди. Зеро, бу товарнинг сифатини, корхонанинг барқарор ишлашини таъминлайди.
Кейинги йилларда ҳам ички, ҳам ташқи бозорда пардозбоп тошларга талаб ошмоқда. Нурота туманида эса бундай тошларнинг катта захираси мавжуд.
Президентимизнинг аввалги ташрифи чоғида берилган топшириққа мувофиқ, «Мармаробод» давлат унитар корхонаси ташкил этилиб, 10 миллиард сўм эвазига 6 гектар дашт ерда замонавий корхона ишга туширилди. Хориждан 655,5 минг долларлик технологик ускуналар келтирилиб, йилига 24 минг квадрат метр гранит тошни қайта ишлаш имконияти яратилди. Қирқ киши доимий иш билан таъминланди.
Булар – лойиҳанинг биринчи босқичи.
Иккинчи босқичда тош қазиб олиш ва уни қайта ишлашни кластер усулида йўлга қўйиш режалаштирилган. Лойиҳа қувватини йилига 3 миллион квадрат метрга етказиш, маҳсулот турини кўпайтириш ва экспортга йўналтириш кўзда тутилган. Бунинг натижасида йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 250 миллиард сўм, экспорт ҳажми 10 миллион долларга етади, бир ярим мингга яқин иш ўрни яратилади.
Давлатимиз раҳбари корхона маҳсулотларини кўздан кечирар экан, улар хорижий муқобилларидан қолишмаслигини қайд этди. Самарали технологияларни қўллаш, транспорт харажатларини арзонлаштириш ҳисобидан маҳсулот таннархини камайтириш, шу орқали ташқи бозорга чиқиш зарурлигини таъкидлади. Тошни жаҳон стандартлари даражасида чуқур қайта ишлаш учун малакали кадрлар тайёрлаш, ёшларни иш билан таъминлаш бўйича топшириқлар берди.
Шу ерда “National stone” Ўзбекистон – Канада қўшма корхонаси маҳсулотлари ҳам намойиш этилди. Олмалиқда фаолият юритаётган бу заводда тош кукунини зичлаш орқали турли ранг ва ўлчамдаги плиталар ишлаб чиқарилмоқда. Улардан биноларнинг ташқи қисми ва йўлакларини пардозлаш, офислар, ошхона, ювиниш хонаси ва бошқа жойларни жиҳозлашда кенг фойдаланилмоқда. Бундан ташқари, корхонада тайёрланаётган тош кукуни қурилишда, кварц тошлари сув тозалашда қўлланилмоқда.
“National stone” “Навоий” эркин иқтисодий зонасида яна бир шундай корхона очишни режалаштирмоқда. Бу режа амалга ошса, йилига 75 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш, 60 кишини иш билан таъминлаш имконияти яратилади.
Президент ушбу режани маъқуллаб, корхона ривожи учун барча ёрдам кўрсатилишини таъкидлади. Қурилишларда юртимизда ишлаб чиқарилган материаллардан фойдаланиш, маҳаллий тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш муҳимлигини қайд этди.
Навоий вилоятида 2019-2020 йилларда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда мармардан саноат ҳайкалтарошлигини ташкил этиш, Нурота тумани Ғазғон шаҳарчасини Бош режа асосида ривожлантириш лойиҳалари тақдимоти ҳам ўтказилди.
Давлатимиз раҳбари мазкур ҳудуд инфратузилмаси ва саноатни ривожлантириш учун бу ерга темир йўл линияси тортиш таклифини билдирди.
Президентимиз 2017 йили Навоий вилоятига ташрифи чоғида Нурота туманидаги «Чашма» зиёратгоҳи атрофини кенгайтириш ва ободонлаштириш, замонавий меҳмонхона қуриш бўйича кўрсатмалар берган эди.
Ўтган йили бу ишлар тўла амалга оширилиб, зиёратгоҳ ҳудуди ўзгача чирой очди. 50 ўринли «Нурота» меҳмонхонаси фойдаланишга топширилди. Манзарали бута ва дарахтлар экилиб, фаввора бунёд этилди. Зиёратчилар ҳордиқ чиқариши учун сўри ва ўриндиқлар ўрнатилди. Музей биноси, Ҳунармандчилик марказини барпо этиш ишлари давом этмоқда.
Шавкат Мирзиёев тарихий қадамжони зиёрат қилди, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди.
«Чилустун» ва «Панжвақта» масжидлари, Абул Ҳасан Нурий мақбарасини реконструкция қилиш режалаштирилган.
Шу борадаги лойиҳа таклифлари билан танишар экан, Президентимиз зиёратчи ва чет эллик сайёҳлар учун қулайликларни ошириш, талаб юқорилигини инобатга олиб яна 80 ўринли меҳмонхона қуриш, сайёҳларга кўрсатиладиган хизмат турларини кўпайтириб, аҳолини қўшимча даромад билан таъминлаш зарурлигини таъкидлади.
Қудуқлар қазиш ва томчилатиб суғоришни йўлга қўйиш орқали Нурота туманидаги лалми ерлардан самарали фойдаланиш, дуккакли экинлар етиштириш ва чорвачиликни кенгайтириш, паррандачилик-ғаллачилик кластери ташкил этиш режалари муҳокама қилинди.
Шавкат Мирзиёев ушбу барча чора-тадбирларни қамраб оладиган Нурота туманини комплекс ривожлантириш бўйича ҳукумат қарорини ишлаб чиқиш юзасидан топшириқ берди.
Аҳоли вакиллари – нуронийлар, тадбиркорлар, хотин-қизлар ва ёшлар билан суҳбатда шу каби режалар, Навоий вилояти ва мамлакатимиздаги ўзгаришлар ҳақида сўз борди.
Президентимиз Нурота туманида ҳам тўпланиб қолган масалалар босқичма-босқич ҳал этилаётгани, ушбу ташриф чоғида яна улкан режалар белгиланишини қайд этди.
Одамлар бизга ишониб, эртанги кунга умид билан қараяпти. Бу ишончни ҳар бир раҳбар юрагидан ўтказиб, янгича дунёқараш билан ишлаши, халққа хизмат қилиши керак. Энг муҳим масала – иш жойлари. Ҳамма ҳаракатларимиз аҳолини иш билан таъминлаш, иқтисодиётимизни ривожлантиришга қаратилган, деди давлатимиз раҳбари.
Навоий иссиқлик электр станцияси юқори даражада саноатлашган ва унга туташ минтақалардаги истеъмолчиларни электр ва иссиқлик энергияси билан таъминловчи асосий манба ҳисобланади. Йирик саноат корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг самарали фаолияти ва аҳолини янада ишончли электр энергияси билан таъминлаш ушбу станцияда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларига бевосита боғлиқ.
Шавкат Мирзиёев 2017 йил 28 март куни Навоий вилоятига ташрифи чоғида Навоий иссиқлик электр станциясида бўлиб, иккинчи буғ-газ қурилмаси пойдеворига тамал тоши қўйган эди.
Умумий қиймати 432 миллион АҚШ долларига тенг ушбу иншоотнинг қуввати 450 мегаватт. Қурилиш “Mitsubishi Corporation and MHPS” консорциуми ва Туркиянинг “Calik Enerji” компанияси томонидан амалга оширилмоқда.
ИЭСда ишга туширилган биринчи лойиҳадан фарқли равишда иккинчи буғ-газ қурилмасида жами 200 гигакалория (Гкал) иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Бугунги кунда лойиҳанинг буғ турбина қурилмасида синов-созлаш ишлари олиб борилмоқда.
Президентимиз буғ-газ қурилмаси газ турбинасининг ишлаш жараёнини кўздан кечирди.
Анъанавий электр станцияларининг фойдали иш коэффицентини ошириш йўлларини излаш бутун дунё технологлари эътиборидаги масала. Буғ-газ қурилмалари ушбу муаммонинг замонавий ечимидир. Иссиқлик электр станцияларининг фойдали иш коэффициенти одатда 40 фоизни ташкил этади. Навоий ИЭСнинг биринчи буғ-газ қурилмасида бу кўрсаткич 57 фоиз бўлса, иккинчисида 61 фоизга тенг.
Буғ-газ қурилмаси тўлиқ тайёр ҳолда жорий йил сентябрь ойида ишга туширилади.
Давлатимиз раҳбари эътиборига лойиҳа амалга оширилиши туфайли эришиладиган натижалар ва буғ-газ турбинасининг техник-иқтисодий кўрсаткичлари ҳақидаги тақдимотлар ҳавола қилинди.
Буғ-газ қурилмаси ишга туширилиши натижасида йилига 3 миллиард 454 миллион киловатт-соат электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади. Ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳа самарасида 1 киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш учун шартли ёқилғи сарфи камайиши ҳисобидан йилига ўртача 829 миллион куб метр табиий газ тежалади.
Мамлакатимиз энергетика тизимида 2025 йилгача яна бир қатор замонавий буғ-газ қурилмалари барпо этиш режалаштирилмоқда. Бу, ўз навбатида, минг нафардан ортиқ хизмат кўрсатувчи юқори малакали мутахассис тайёрлаш заруратини келтириб чиқаради.
Президентимиз ушбу эҳтиёжни таъминлаш мақсадида Навоий ИЭС базасида буғ-газ қурилмалари учун ходимлар тайёрлайдиган ўқув маркази ташкил этиш бўйича топшириқ берган эди. Корхонада Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги – JICA молиявий кўмагида ўқув маркази ташкил этилди. Ҳозирга қадар бу ерда 166 мутахассис тайёргарликдан ўтди.
Давлатимиз раҳбари корхона ишчилари ва хорижлик инвесторлар билан суҳбатлашди.
Энергетика тизимида амалга оширилаётган бундай йирик инвестиция лойиҳалари мавжуд энергетика қувватларини ошириш, энг муҳими, истеъмолчиларни узлуксиз энергия манбаи билан таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, иқтисодиёт тармоқларини жадал ривожлантириш, ҳудудлар инфратузилмасини тубдан яхшилашга замин яратади. Замонавий технологиялар жорий этилиши эса ёқилғи сарф-харажати ва атроф-муҳитга чиқарилаётган зарарни камайтириш имконини беради.
Президентимиз «Навоийазот» акциядорлик жамиятига ҳам борди.
Мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутувчи ушбу корхонада учта йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Шавкат Мирзиёев 2018 йилда мазкур корхонада бўлиб, бу ерда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари билан танишган ва уларни ўз вақтида, сифатли якунлаш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берган эди.
Маълумки, “Навоийазот” корхонаси 1964 йилда ишга туширилган. Бу ерда қишлоқ хўжалиги, нефть-газ тармоғи, энергетика ва тоғ-кон саноати эҳтиёжи учун 70 дан ортиқ турдагимаҳсулот ишлаб чиқарилади. Вақт ўтиши билан технологик ускуна ҳамда қурилмалар жисмонан ва маънан эскирди, кўп миқдорда электр энергияси ва бошқа табиий ресурсларни сарф қилиш эвазига маҳсулот ишлаб чиқариб келинаётган эди. Шу боис, корхонада босқичма-босқич модернизация ишлари амалга оширилмоқда.
Ҳозирги кунда жамият ҳудудида учта йирик инвестиция лойиҳаси – Поливинилхлорид (ПВХ), каустик сода ва метанол, Аммиак ва карбамид ҳамда Азот кислотаси ишлаб чиқариш корхоналари қурилиши қизғин давом этмоқда. Бунёд этилаётган ушбу корхоналарга замонавий, тежамкор технологик ускуналар ўрнатилади.
Поливинилхлорид электр ўтказгич ва кабелларни изоляция қилиш, листлар, қувурлар ишлаб чиқаришда қўлланилади. Шунингдек, кийим ва аксессуарлар ишлаб чиқаришда ундан кенг фойдаланилади. Ювиладиган гулқоғозлар намиқмаслиги учун ПВХдан тайёрланган плёнка билан қопланади. Бу маҳсулот бошқа кўплаб соҳаларда ҳам қўлланилади.
Давлатимиз раҳбари ушбу янги объектлардаги бунёдкорлик ишлари билан танишди, қурувчилар, хорижлик инвесторлар билан мулоқот қилди.
Поливинилхлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш лойиҳасининг умумий қиймати 500 миллион АҚШ долларидан ошади. Қурилишни Хитойнинг “China CAMC Engineering CO. LTD” ва «HQC (Shanghai)» компаниялари консорциуми ҳамда юртимиз мутахассислари амалга оширмоқда.
Корхона фойдаланишга топширилгач, йилига 100 минг тонна поливинилхлорид, 75 минг тонна каустик сода, 300 минг тонна метанол тайёрланади. 900 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Маҳсулотнинг 50 фоиздан ортиғи экспорт қилинади. Корхонани жорий йилнинг сентябрь ойида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
“Навоийазот” акциядорлик жамиятининг мавжуд энергия сарфи юқори бўлган аммиак ишлаб чиқариш 1-2-навбатлари эксплуатациядан чиқарилмоқда. Хусусан, аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш бўйича умумий қиймати 985 миллион доллардан зиёд бўлган лойиҳа амалга оширилмоқда. Қурилиш ишлари якунлангач, бу ерда йилига 660 минг тонна аммиак, шунингдек, 577,5 минг тонна карбамид олиш, улардан тайёрланадиган минерал ўғитлар турини ошириш имконияти пайдо бўлади. 500 га яқин иш ўрни яратилади.
Япониялик ҳамкорлар – “Mitsubishi Heavy Industries, Ltd” ва “Mitsubishi Corporation” компаниялари билан биргаликда барпо этилаётган мажмуани 2020 йилда фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.
Акциядорлик жамиятининг азот ишлаб чиқариш бўйича эски 1-2- навбатлари ҳам эксплуатациядан чиқарилмоқда. Яъни бу ердажорий йил яна бир лойиҳа – азот кислотаси ишлаб чиқариш мажмуаси қурилишини ниҳоясига етказиш режалаштирилган. 216,6 миллион АҚШ долларига тенг бу ишлаб чиқариш объекти Швейцариянинг “CASALE SA” компанияси томонидан бунёд этилмоқда. Бу ерда йилига 500 минг тонна маҳсулот тайёрлаш мумкин бўлади, 120 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади.
Бугунги кунда бу ерда ўрнатиладиган замонавий ускуналарни бошқариш учун юртимиздаги олий таълим муассасаларида муҳандис-технолог, механик, энергетик, иқтисодчи ва дастурчилар тайёрланяпти. Мутахассислар мамлакатимиз ва хориждаги корхоналарда малака оширмоқда.
Президентимиз замонавий энергия тежамкор технологиялар билан жиҳозланадиган мажмуаларда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, таннархини тушириш, рақобатбардошликни таъминлаш муҳим омил бўлишини қайд этди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бу каби замонавий корхоналарни барпо этишга нафақат минтақа мамлакатлари, балки унча-мунча ривожланган давлатлар ҳам журъат этолмайди. Барпо этилаётган ушбу корхоналар кўплаб иш ўрни яратилиши билан бирга, мамлакатимиз иқтисодиёти ривожида ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Навоий вилоятида мамлакатимиз эҳтиёжи учун жуда муҳим бўлган йирик корхоналар бунёд этаяпмиз. Энг замонавий ускуналар ўрнатиладиган бу корхоналарда ишлайдиган кадрлар ҳам шунга муносиб бўлиши керак. Бунинг учун мамлакатимизда жаҳон талабларига жавоб берадиган малакали мутахассислар тайёрлашнинг изчил тизимини йўлга қўйиш, ёшларни хорижда ўқитиш керак, деди Шавкат Мирзиёев.
Шу ерда Навоий вилоятида мамлакатимизнинг Америка Қўшма Штатлари, Бирлашган Араб Амирликлари ва Украинадаги элчихоналари кўмагида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Президентга вилоятда саноатни ривожлантириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва бошқа тармоқларда бажарилиши кўзда тутилган лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги, хусусан, балиқчилик тармоғини жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Балиқчилик хўжаликларини янада ривожлантириш, янги инкубация цехлари ташкил этиш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш, балиқни қайта ишлаш ва экспортга йўналтириш тизимини такомиллаштириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг 2018 йил 6 ноябрдаги “Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазкур ишларни янги босқичда давом эттиришда муҳим омил бўлмоқда.
Соҳага қаратилаётган эътибор туфайли 2018 йил декабрь ойида Кармана туманида “Export Fish Product” масъулияти чекланган жамияти иш бошлади. Амалга оширилган лойиҳанинг умумий қиймати 37 миллиард сўм бўлиб, унинг 30 миллиард сўми банк кредити, 7 миллиард сўми корхона маблағидир. Бу ерда усти ёпиқ сув ҳавзалари, 500 тонна сиғимга эга музлаткичли омборхона, шунингдек, аҳолининг ҳордиқ чиқариши, яъни шу ернинг ўзида балиқ тутиб истеъмол қилиши учун умумий овқатланиш шохобчаси ва сайилгоҳ қурилган. 50 иш ўрни яратилган.
Корхона тўлиқ қувват билан иш бошлагач, йилига 500 тонна балиқ, 100 миллион дона балиқ чавоғи етиштирилади. Келажакда корхона 800 та аҳоли хонадонида ҳам интенсив усулда балиқ боқишни режалаштирган. Натижада 900 га яқин киши иш билан таъминланади. Корхона тасарруфидаги 2 минг гектарлик кўлда етиштириладиган балиқ кластер усулида қайта ишланиб, ундан балиқ уни, мойи, филеси, консерваси, ярим тайёр ҳолатда балиқ котлети ва дудланган балиқ тайёрланади. 600 тонна тайёр маҳсулот экспорт қилинади.
Президентимиз Навоий вилоятига ташрифи доирасида мазкур корхона фаолияти билан ҳам танишди.
Маҳсулот кўп бўлса, рақобат бўлади, рақобат бўлса, сифат ошади, сифат юқори бўлса, экспорт самарали бўлади. Оддий одамларни бой қилсак, давлат ҳам бой бўлади, деди давлатимиз раҳбари.
Шу ернинг ўзида вилоятда қишлоқ хўжалигининг турли тармоқлари бўйича агрокластерлар ташкил этиш, яйловлар ҳолатини яхшилаш лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.
Масалан, “Навоий” эркин иқтисодий зонасида “Navoiy ishonch gilamlari” MЧЖ томонидан қишлоқ хўжалиги экинларини сунъий ёмғир усулида суғориш ускуналарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Натижада сув, ёқилғи, минерал ўғитлар сарфи камаяди. Умумий қиймати 41 миллиард сўм бўлган ушбу лойиҳа туфайли 50 кишининг бандлиги таъминланади.
Шунингдек, вилоятда чорвачиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Конимех туманида “Конимех техно оазис” МЧЖ томонидан туячилик ва йилқичиликни ривожлантириш лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилади. Хориждан 900 бош туя, йилқи, наслли қўй келтирилади. Чавандозлик мактаби ташкил этилиши кўзда тутилган.
Давлатимиз раҳбари балиқ етиштиришга ихтисослашган шундай корхоналарни, чорвачилик хўжаликлари сонини кўпайтириш, ер унумдорлигини ҳамда томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича тавсиялар берди.
Давлатимиз раҳбарининг Навоий вилоятига ташрифи давом этмоқда.

 

Матназар ЭЛМУРОДОВ, Умар АСРОРОВ, Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, ЎзА мухбирлари