Шавкат Мирзиёев: Маҳсулот кўп бўлса, рақобат бўлади, рақобат бўлса, сифат ошади, сифати юқори бўлса, экспорт самарали бўлади

Президентимиз Кармана туманидаги “Export Fish Product” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди.
Мамлакатимизда балиқчилик хўжаликларини янада ривожлантириш, наслдор балиқ личинкалари етиштирувчи инкубация цехлар фаолиятини ташкил этиш, балиқ чавоқлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш, балиқларни қайта ишлаш ва экспортга йўналтиришга алоҳида эьтибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 6 ноябрдаги “Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазкур ишларни юксак босқичда давом эттиришда муҳим омил бўлмоқда.
2018 йилнинг декабрь ойида амалга оширилган лойиҳанинг умумий қиймати 37 миллиард сўм бўлиб, шундан 30 миллиард сўм банк кредити, 7 миллиард сўм корхона маблағидир. Айни пайтда бу ерда 15 миллиард сўм маблағ эвазига усти ёпиқ сув ҳавзалари, 500 тонна сиғимга эга музлаткичли омборхона, шунингдек, аҳолининг муносиб ҳордиқ чиқариши, яъни шу ернинг ўзида балиқ тутиб истеъмол қилиши учун умумий овқатланиш шохобчаси ва сайлгоҳ қурилган. Элликта иш ўрни яратилган.
Майдони 1,1 гектар бўлган корхона тўлиқ қувват билан ишлагач бир йилда 500 тонна балиқ, 100 миллион дона балиқ чавоқлари етиштирилади. Келажакда корхона 800 та аҳоли хонадонида ҳам интенсив усулда балиқ боқишни режалаштирган. Натижада 900 га яқин киши иш билан таъминланади. Корхона тасарруфидаги 2 минг гектарлик кўл ҳамда аҳоли хонадонларида етиштириладиган жами 3 минг тонна балиқ кластер усулида қайта ишланиб, ундан балиқ уни, мойи, филеси, консерваси, ярим тайёр ҳолатда балиқ котлети ва дудланган балиқ тайёрланади. 600 тонна тайёр маҳсулот экспорт қилинади.
Президентимиз Навоий вилоятига ташрифи доирасида мазкур корхона фаолияти билан ҳам танишди.
– Маҳсулот кўп бўлса, рақобат бўлади, рақобат бўлса, сифат ошади, сифати юқори бўлса, экспорт самарали бўлади, – деди давлатимиз раҳбари. – Оддий одамларни бой қилсак, давлат ҳам бой бўлади.
Шу ернинг ўзида вилоятда қишлоқ хўжалигининг турли тармоқлари бўйича агрокластерлар ташкил этиш, яйловлар ҳолатини яхшилаш лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.
“Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дастури асосида вилоят учун 2019 йилда ажратиладиган маблағларнинг тақсимланиши, вилоятдаги пахта-тўқимачилик кластерлари фаолияти, томорқалардан фойдаланиш, мамлакатимиз ва вилоятдаги яроқсиз бўлиб қолган суғориладиган ер майдонларини қайта ўзлаштириш, вилоятда ирригация ва мелиорация тадбирларини амалга ошириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
“Навоий” эркин иқтисодий зонасида “NAVOIY ISHONCH GILAMLARI” масъулияти чекланган жамияти томонидан сунъий ёмғир усулида қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш технологик ускуналарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Натижада 50 фоиз сув, 80 фоиз ёқилғи тежалади. Минерал ўғитлар самарадорлиги 30 фоизга, ҳосилдорлик икки баробарга ошади. Меҳнат ресурслари сарфи камаяди. Умумий қиймати 41 миллиард сўм бўлган ушбу лойиҳалар амалга оширилса 50 киши иш билан таъминланади.
b75b43fe-317b-d75a-77fe-6abcda093b73.jpg
Шунингдек, вилоятда чорвачиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Конимех туманида “Конимех техно оазис” МЧЖ томонидан туячилик ва йилқичиликни ривожлантириш лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилади. Хориждан 900 бош туя, йилқи, наслли қўй олиб келинади. От мактаби ташкил этилиши ва чавандозлар тайёрланиши кўзда тутилган.
Давлатимиз раҳбари балиқ етиштиришга ихтисослашган шундай корхоналарни, чорвачилик хўжаликлари сонини кўпайтириш, ер унумдорлигини ҳамда томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича тавсиялар берди.

 

Умар Асроров, ЎзА