Ўзбекистон – Венгрия ишбилармон доиралари ҳамкорлик қилади

Ўзбекистон – Венгрия савдо-иқтисодий ҳамкорлиги бўйича ҳукуматлараро мажлис муносабати билан мамлакатимиз делегациясининг Будапештга амалга оширган расмий ташрифи доирасида 5 март куни Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Венгрия ташқи ишлар ва ташқи савдо вазири Петер Сийярто билан музокара ўтказган. 
Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги PR маркази маълум қилади.
Қайд этилишича, томонлар инвестициявий шерикликни кенгайтириш ва ўзаро савдо айланмаси ҳажмини оширишни кўзда тутувчи икки томонлама ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилган.
Мулоқот чоғида Венгрия ташқи ишлар ва ташқи савдо вазири истиқболда икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланишига умид билдирган. Унингча, бу жараён Ўзбекистон билан Венгриянинг иқтисодий ҳамкорлигини мустаҳкамлайди ва ўзаро ижтимоий-маданий алоқаларига фаол таъсир кўрсатади.
999b61c9-4a4d-491a-a274-ef74ecbf8f97.jpg
Хабарда қўшимча қилинишича, ҳудди шу куни Будапештда икки мамлакат савдо-иқтисодий ҳамкорлигини кенгайтиришга бағишланган Ўзбекистон – Венгрия бизнес-форуми ҳам ўтказилган. Унда Венгрия томонидан агросаноат, чорвачилик, қурилиш ва инжиниринг, энергетика, фармацевтика, машинасозлик, ахборот-коммуникация технологиялари, туризм каби соҳалар бўйича йирик бизнес вакиллари иштирок этган.
Форумда Венгрия ҳукумати вакиллари илмий ишланмалар ва олий таълим соҳаларида ҳам ўзаро алмашинувни йўлга қўйиш бўйича ўртада катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлаган. Шу билан бирга жорий йилда ҳар икки йўналишда сайёҳлар оқими кучайишига умид билдирган.
Форум якуни бўйича томонлар аниқ лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўзаро ҳамкорлик битимларини имзолаган.

 

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА​​​