​Қорақалпоғистондаги 24 та тиббиёт объектида 55 миллиард сўмликдан зиёд қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди

Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли билан ўтказилган суҳбатларда тиббиёт соҳаси, хусусан, тез тиббий ёрдам кўрсатиш ишлари бирмунча яхшилангани қайд этилди.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Қорақалпоғистонда ҳам сўнгги йилларда тиббиёт муассасалари учун янги бинолар қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш, капитал ва жорий таъмирлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўтган йили Қорақалпоғистонда Инвестиция дастури доирасида 24 та тиббиёт объектида қарийб 55 миллиард 500 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилган. Шунингдек, “Обод қишлоқ” дастури доирасида 13 тиббиёт муассасасида 4 миллиард сўмликдан ортиқ қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Шунингдек, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан манзилли рўйхат асосида 17 тиббиёт муассасасида 4 миллиард 600 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъул ходимлари, Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари шифокорларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан Қорақалпоғистон Республикасида 27, 28 февраль ва 1 март кунлари ўрганиш ишлари олиб борилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида ана шу ўрганиш натижалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Ўрганиш чоғида ҳар бир туманда аҳоли хонадонларига кирилиб, сурункали касалликка чалинган қарийб 2 мингдан ортиқ фуқаро ва эҳтиёжманд оилалар аъзолари тиббий кўрикдан ўтказилди. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси, дори воситалари ва тиббий буюмлар таъминоти яхшилангани, тиббиёт муассасалари аҳолига яқинлаштирилгани туфайли бир қатор ижобий натижаларга эришилган.
Ўтган йил умумий қиймати 16 миллиард 252 миллион сўмлик лойиҳа-смета ҳужжатлари бўйича 250 ўринга мўлжалланган Мурувват интернат уйининг янги биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Нукус шаҳридаги хирургия маркази ўрнида академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази Нукус филиали ташкил қилинди. Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қорақалпоғистон филиали ташкил этилиб, 20 ўринли паллиатив бўлими ишга туширилди.
Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, касалланиш кўрсаткичларини камайтириш йўлида амалга оширилаётган чораларга қарамай, умумий касалланиш кўрсаткичлари орасида нафас олиш, овқат ҳазм қилиш ҳамда қон ва қон яратувчи аъзолар билан боғлиқ касалликлар кўрсаткичи юқорилигича қолмоқда. Шу билан бирга, тизимда мавжуд тиббий техника ва асбоб-ускуналарни янгилаш, замонавий тиббий жиҳозлар билан тўлдириш зарурати мавжуд.
Ўрганишлар жараёнида кадрлар таъминоти ва салоҳияти масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда ҳудудда тизимдаги тиббиёт муассасаларининг кадрлар билан таъминоти 90 фоизни ташкил қилади.
Йиғилишда мутасаддилар томонидан Республика ишчи гуруҳининг ўрганишлари давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш масаласи муҳокама қилинди.
Белгиланган чора-тадбирлар дастурида қайд этилган вазифаларнинг ўз вақтида, сифатли ижроси устидан қатъий депутатлик назорати ўрнатиш бўйича келишиб олинди.

 

Есимхон Қаноатов, ЎзА