Шавкат Мирзиёев: Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси муҳим стратегик аҳамиятга эга

Давлатимиз раҳбари Наманган вилоятига ташрифини Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси қурилиши билан танишишдан бошлади.
Мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз турмуш фаровонлигининг юксалиши электр энергетика соҳасининг барқарор ривожига бевосита боғлиқ. Шунинг учун мазкур тизимни модернизация қилиш, соҳага замонавий технологияларни жалб этиш, электр энергия ишлаб чиқариш қувватини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Истиқболли лойиҳалар амалга оширилаётир.
Тўрақўрғон туманида барпо этилаётган қуввати 900 МВт бўлган иссиқлик электр станцияси шундай инвестицион лойиҳалардандир. Мазкур иссиқлик электр станциясининг ишга туширилиши Фарғона водийсида электр энергияга бўлган эҳтиёжни тўлиқ қондириш, аҳоли ва саноат корхоналарининг узлуксиз электр энергияси билан таъминланишига хизмат қилади.
Лойиҳани умумий қиймати 1 миллиард 195 миллион АҚШ долларидан зиёд бўлиб, Япониянинг “Mitsubihi Corporation” ва “Mitsubishi Hitachi Power Systems” консорцуми томонидан амалга оширилмоқда. Ушбу улкан лойиҳа Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA), Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ва “Ўзбекэнерго” АЖ маблағлари асосида молиялаштирилмоқда.
Бунёдкорлик ишларига 2 минг 400 дан зиёд маҳаллий ва хорижий ишчи-хизматчи жалб этилган. Лойиҳа-қидирув ва қурилиш-монтаж ишлари Туркиянинг “СaIik Enerji” компанияси муҳандис-техник мутахассислари томонидан олиб борилаётир.
Ҳозирги кунда электр энергиясини ишлаб чиқарадиган асосий агрегатлардан биринчи ва иккинчи блок трансформаторлари, газ трубина, котёл-утилизаторлар паратрубина ва бошқа асбоб-ускуналари монтаж қилинди. Қолган электр қурилма агрегатлари, асбоб-ускуналар олиб келиниб ўрнатилмоқда.
ИЭС ҳудудида ташқи коммуникация ишлари якунланган, ичимлик сув тармоғи тортилган. Объект “Сўх-Наманган” магистрал газ тармоғи орқали ёнилғи, Катта Наманган канали орқали техник сув билан таъминланади.
Жорий йил сентябрь ойида ИЭСнинг биринчи буғ-газ қурилмаси, декабрь ойида иккинчи буғ-газ қурилмаси ишга туширилади. Бунинг натижасида Фарғона водийси истеъмолчилари учун 900 МВт қўшимча қувват ёки йилига 6,7 миллиард кВт/соат электр энергия ишлаб чиқарилади. Иншоот фойдаланишга топширилгач, қўшимча 300 киши иш билан таъминланади.
Президентимизга иссиқлик электр станциясида амалга оширилган ишлар, объектнинг техник-иқтисодий кўрсаткичлари ҳақида маълумот берилди.
Бугунги кунга қадар лойиҳа доирасида 83 фоиздан зиёд иш бажарилган, қарийб барча асбоб-ускуна ва агрегатлар харид қилинган.
Лойиҳа 10 йилдан сўнг ўзини тўла оқлайди. Энг муҳими, бу ерда ишлаб чиқарилган электр энергия таннархи бошқа иссиқлик электр станцияларникидан арзонлиги билан ажралиб туради. Жумладан, Тўрақўрғон ИЭСда ишлаб чиқарилган 1 кВт электр энергиянинг ўртача таннархи 124 сўмни ташкил этади.
Президентимиз бу лойиҳа муҳим стратегик аҳамиятга эга эканини, станция водий вилоятларининг иқтисодий салоҳиятини янада юксалтириш ва аҳолини ишончли электр энергия билан таъминлаш имконини беришини таъкидлади.
Иссиқлик электр станциясини муваффақиятли ишга тушириш ва фойдаланиш, бунинг учун соҳага ихтисослашган юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича кўрсатмалар берди.
photo5456667778640620571.jpg
photo5456667778640620572.jpg
photo5456667778640620573.jpg
photo5456667778640620574.jpg

 

Матназар Элмуродов, ЎзА