Абдулазиз Комилов Буюк Британия мудофаа вазири билан учрашди

2019 йил 15 февраль куни Хавфсизлик бўйича Мюнхен конференциясида иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги мудофаа вазири Гевин Александр Уилямсон билан учрашди. 
Қайд этилишича, учрашувда Ўзбекистон-Буюк Британия алоқалари ҳолати ва кенгайтириш истиқболлари, айрим халқаро ва минтақавий муаммолар, жумладан, ҳозирги хатар ва хавфсизликка таҳдидлар билан курашиш масалалари муҳокама қилинган.
Г.Уилямсон ҳарбий соҳадаги Ўзбекистон-Буюк Британия ҳамкорлиги даражасини ижобий баҳолар экан, Буюк Британия мудофаа вазирлигининг ушбу соҳада алоқаларни ривожлантиришга қизиқиш билдирган. Шунингдек, Британия томони Ўзбекистон мудофаа вазирлиги тизимидаги ислоҳотлар жараёнига, жумладан, Қуролли кучларни такомиллаштириш ва ҳарбий хизматчилар малакасини оширишга ёрдам кўрсатишга тайёрлигини маълум қилган.
Ўзаро мулоқотда Афғонистондаги вазиятга алоҳида эътибор қаратилган. Буюк Британия мудофаа вазири расмий Лондон 2018 йил март ойида Афғонистон бўйича Тошкент конференцияси натижаларини қўллаб-қувватланишини таъкидлаган. Ушбу анжуманда халқаро ҳамжамиятда Афғонистонда тинч сиёсий жараённи бошлашга ёрдам бериш зарурлиги тўғрисида умумий фикрга эришилган эди.
Бундан ташқари, Г.Уилямсон Афғонистон бўйича Ўзбекистон-Буюк Британия маслаҳатлашувларини икки томонлама муносабатларининг муҳим механизми деб атаган ва Буюк Британиянинг ушбу йўналишда янада яқин ҳамкорлик қилишга тайёрлигини қайд этган.
Учрашувда Ўзбекистоннинг Афғонистонда илгари сурган йирик ижтимоий-иқтисодий ва инфратузилма лойиҳалари ташаббусларини Британия томони қўллаб-қувватлаши юзасидан ҳам фикр алмашилган.

 

ЎзА