Ўзбекистон – Грузия: иқтисодий масалалар бўйича музокаралар ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Бадриддин Обидов Грузия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Александр Хвтисиашвили билан учрашди.
Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги PR маркази хабар беради.
Қайд этилишича, Ўзбекистон билан Грузия ташқи сиёсий идоралари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг 11-раунди доирасида икки томонлама савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда туризм соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари бўйича икки томонлама музокаралар ўтказилган.
Унда томонлар 2018 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмининг ўсмаганлиги, хусусан, пахта толасини етказиб бериш ҳажмининг камайиши ҳисобига экспортнинг пасайиши кузатилганини қайд этган.
“Ҳозирги вақтда Грузияда транспорт инфратузилмаси, хусусан, аэропортлар, йўлларни қуриш ва қайта таъмирлаш бўйича ишлар жадаллик билан кечмоқда. Биринчи чуқур сув портини қуриш лойиҳаси бугунги кунда қўшни мамлакатларга юк тушириш ва тўхтаб туришга имкон берадиган катта кемаларга йўл очади“, деган Александр Хвтисиашвили учрашувда. Унинг сўзларига кўра, асосий порт Европа ва Осиё мамлакатларига юкларни ташиш учун кенг транзит имкониятларини яратади.
Бундан ташқари, учрашувда Грузия томони мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишига ўз ҳиссасини қўшишга тайёр эканини билдирган.
Музокараларда Грузия Ўзбекистонда виночилик, пахтачилик, боғдорчилик каби янги лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этишга чорланган.
Томонлар кун тартибидаги масалалар юзасидан, хусусан, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш йўли билан қишлоқ хўжалиги, туризм, гидроэнергетика, транспорт, енгил саноат ва фармацевтика соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилган ҳолда, икки мамлакатнинг тўқимачилик ва тикувчилик корхоналари иштирокида бизнес-форум ташкил этишни таклиф этган, шунингдек, жорий йилнинг октябрь ойида Тбилисидаги Буюк ипак йўли форумида ўзбек вакилларининг иштирокини таъминлашга келишиб олган.​​

 

ЎзА