Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Отабек Муродов 15 январь куни Корея Республикаси адлия вазири Пак Сан бошчилигидаги делегация билан учрашди.

Бош прокурор мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Меҳмонларга қонунчилик тизимидаги янгиликлар, хусусан, бу жараёнда прокуратура органларининг иштироки ҳақида маълумот берилди.

Учрашувда мамлакатимизда соҳа учун замонавий кадрлар тайёрлаш жараёнига кореялик мутахассисларни жалб қилиш, прокуратура тизимида дастурий таъминот ва замонавий ахборот-коммуникацияларини жорий этиш масалалари муҳокама этилди. Жиноятчиликка қарши курашишда инсон ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича конструктив ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашилди. Иқтисодий жиноятларни тергов қилиш, ҳамкорликда коррупция ҳолатларини аниқлаш ва унга қарши курашиш мавзуларида ўқув тренинглар ўтказиш зарурлиги қайд этилди.

Корея Республикаси адлия вазири мамлакатларимиз адлия ва ҳуқуқ-тартибот органлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда мунтазам маслаҳатлашувларни олиб бориш учун барча имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.

Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан Корея Республикаси Адлия вазирлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди.

Корея Республикаси делегацияси Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Русланбек Давлетов билан ҳам музокаралар ўтказди. Мулоқот чоғида қўшма тадбирлар ўтказиш, қонунчилик тизимини такомиллаштиришда ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган Корея юридик компаниялари фаолиятини ташкил этишга доир масалалар муҳокама этилди.

Бугунги кунда икки мамлакат адлия вазирликлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган бўлиб, учрашувда ушбу ҳужжат ижросини самарали таъминлашга қаратилган “Йўл харитаси“ ишлаб чиқиш масаласига ҳам эътибор қаратилди.

Корея Республикасида кадрлар малакасини ошириш, семинар-тренинглар ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.

 

Улуғбек Шоназаров, ЎзА