Тошкентда энг профессионал либос усталарининг мода ҳафталиги бўлиб ўтди

Тошкент мода ҳафталиги доирасида Миллий либослар фестивали бўлиб ўтди.

Унда юртимизнинг турли ҳудудларида ижод қилаётган дизайнерлар шакл, мато, ижодий ёндашуви турлича бўлган коллекциялари билан иштирок этди. Фестиваль мода соҳасидаги ўзига хос ахборот майдони ҳамда ижодкорларнинг илҳом манбаи сифатида хорижлик ва юртимизнинг энг профессионал либос усталарини ўз атрофига бирлаштирди.

Мутахассисларнинг фикрича, ушбу фестиваль тарихий либосларга ҳурмат ва эҳтиром билан ёндашувни таъминлайди. Шунингдек, ижодкорларга янги-янги ғоялар туҳфа қилади.

Либослар намойишида миллий кийимларимизга оид ўтмиш ва бугунги кундаги бой анъаналар кўзга ташланиши эътиборга моликдир.

Фестиваль доирасида 20 нафар дизайнернинг либослари мода ихлосмандлари эътиборига ҳавола этилди. Айниқса, Нилуфар Абдувалиева, Дилноз Эркинова, Денис Томилин, Хуршида Султон каби маҳоратли дизайнерлар томонидан яратилган тўпламлар кўпчиликка манзур бўлди. Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, тожикистонлик ва қирғизистонлик дизайнерларнинг ҳам ижод намуналари томошабинлар ҳукмига ҳавола этилди.

Либослар тўпламида Тошкент ва Фарғона ҳудудларининг миллий матолари, Хоразм чопонлари, бетакрор заргарлик буюмлари, Бухоронинг зардўзи либослари, Сурхондарё ва Қашқадарёнинг бетакрор кашталари коллекцияларга ўзгача кўрк, сўнмас руҳ бағишлади.

Фестиваль якунида барча дизайнерлар Тошкент мода ҳафталигининг дипломи билан тақдирланди.

16.JPG

32.JPG
46.JPG

 

Н.Усмонова, Т.Мамадаминов (сурат), ЎзА