ЎзАга Бухоро вилояти ҳокимлиги жавоб берди: математика бўйича чемпион оиласига уй қуриб берилади

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига ҳозиргина Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Жамол Носиров хабар берди.
Жорий йилнинг 21 октябрь куни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА расмий сайтида «Мудраётган» мутасаддилар, математика бўйича чемпионимизни хорижликларга бериб қўямизми?» сарлавҳали мақола ва бугун, 22 октябрь куни ушбу мақолада кўтарилган мавзунинг тўлиқ тафсилоти баён қилинган «Чанги чиққан кўчаларда қолаётган донғи чиққан математик чемпион» номли мақола эълон қилинди. Унда Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидаги Қораун қишлоғида яшаб келаётган «3 карра олтин, 2 бора кумуш медаль соҳиби бўлган, Болгарияда, Ҳиндистонда ўтган математика бўйича энг нуфузли халқаро танловларнинг ғолибига айланган замонамиз Ал-Хоразмийси Дониёр Исмоиловнинг оиласи анча вақтдан буён ижтимоий ҳимояга муҳтож экани ҳақида журналистик мушоҳадаларини баён қилган.
ЎзАга ҳозиргина Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Жамол Носировнинг хабар беришича:
МАТЕМАТИКА БЎЙИЧА НУФУЗЛИ ХАЛҚАРО ТАНЛОВЛАР ҒОЛИБИГА ЯНГИ УЙ ҚУРИБ БЕРИЛАДИ
Жумладан, вилоят ҳокимлигининг ЎзАга хабарида шундай дейилади:
Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги Қораун қишлоғида яшовчи, математика фани бўйича халқаро олимпиадалар ғолиби Дониёр Исмоилов ҳақида ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган мақолалар шов-шувга айлангани бор гап.
Айниқса, ЎзА ахборот агентлиги томонидан бугун эълон қилинган “Чанги чиққан кўчаларда қолаётган донғи чиққан математик чемпион” сарлавҳаси остидаги хабар Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамда қатор мутасадди ташкилотлар раҳбарларининг эътиборини ўзига жалб этмай қўймади.
Шу куни Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев Дониёр Исмоилов ҳамда унинг онаси Лобар Раҳимова билан учрашиб, Дониёр Исмоиловни шахсан оталиққа олди. Жорий йилнинг 31 декабрига қадар вилоят ҳокимлиги томонидан уй жой қуриб берилиши, вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан ноутбук, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши томонидан шахсий кутубхона яратиб берилиши белгиланди.
Бухоро вилояти ҳокимлиги ушбу муаммони аниқлаб беришда кўмаклашган Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига миннатдорлик билдиради.
* * *
ЎзАнинг Бухоро вилояти Қоракўл туманининг чекка бир қишлоғида истиқомат қилаётган математика бўйича халқаро танловлар ғолиби, ёш юртдошимизнинг муаммоси юзасидан тайёрлаган мақоласига Бухоро вилояти ҳокимлиги жавоб берди ва унинг оиласига ёрдам кўрсатиш ташаббуси билан чиқди.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги истеъдодли юртдошларимиз, айниқса, ёшларимиз ҳаёти, улар учун яратилган шароитлар ва имкониятлар ҳақида лавҳалар, очерклар тайёрлашда давом этади.
Бундан юртдошларимиз тўғри хулоса чиқаришини сўраймиз. Гап шундаки, мамлакатимизда истеъдодли ёшлар ҳамиша қўллаб-қувватлаб келинган. Бу азалий анъана юртимизда давом этади ва ЎзА иш фаолиятининг асосий йўналишларидан бири бўлиб қолади.

 

ЎзА