Тиббиёт соҳасида Ўзбекистонда биринчи марта қўлланиладиган амалиёт

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 28 июль куни Мудофаа вазирлигига қарашли Марказий ҳарбий клиник госпиталда бўлди.

Миллий армиямиз сафларида хизмат бурчини ўтаётган ҳар бир фуқаро ҳамиша давлатимиз ҳимояси ва доимий ғамхўрлиги остидадир. Ҳарбий хизматчилар ва улар оила аъзоларининг моддий таъминоти ва ижтимоий муҳофазаси масалалари доимий эътиборда. Шу сабабли ҳам Қуролли Кучларимиз қисқа муддатда кучга тўлди, мамлакатимиз тинчлиги ва халқимизнинг фаровон ҳаётини ишончли ҳимоя қила оладиган армия даражасига етди.

Марказий ҳарбий клиник госпиталда 600 ўринга мўлжалланган 24 бўлим фаолият юритмоқда. Тошкент шаҳрининг энг сўлим масканида жойлашган, умумий майдони қарийб 16 гектарни ташкил этадиган госпиталга ўтган асрнинг қирқинчи йилларида тамал тоши қўйилган.

Президентимиз госпитални истиқболли ривожлантириш режаси ҳамда янгидан қурилиши режалаштирилаётган жарроҳлик корпуси лойиҳалари билан танишди.

Шавкат Мирзиёев ушбу госпитал собиқ тузум лойиҳаси асосида қурилган ва эскича тартибда ишлаб келаётганини таъкидлади. Уни давлат-хусусий шериклик асосида иш юритишга ўтказиб, 50 фоизи ҳарбийларга, қолган 50 фоизи хусусий клиника сифатида фаолият юритадиган шифохонага айлантириш зарур. Бу Ўзбекистонда биринчи марта қўлланиладиган амалиёт бўлади.

– Замонавий менежментни жорий этиб, юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилса, даромад ҳам бўлади, сифат ҳам таъминланади, – деди Президент.

fc42438a-a789-5c6b-8c42-7958138c6aa6.jpg

Мутасаддиларга шифохона ҳудудини оптималлаштириш, биноларни реконструкция қилиш ва замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, хорижий клиникалар, жумладан, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Туркия каби тиббиёт ривожланган давлатлардан мутахассислар жалб этиш бўйича топшириқлар берилди. Бу оптималлаштириш натижасида бўшайдиган майдонда янги уй-жойлар, меҳмонхона ва хизмат кўрсатиш объектлари қуриш имконини яратади.

 

Алоуддин Ғаффоров, ЎзА