Масъулиятли жараёнга тайёргарлик қизғин

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 16 ноябрдаги «Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг боришига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, мазкур қарор асосида олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ўтказиладиган тест синовларида туб ўзгаришлар бўлмоқда.

Тест синовлари ўтказилиши белгиланган бино ва уларнинг ҳудудларини жиҳозлаш бўйича қўйиладиган талаблар тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилди. Бу борада Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тест синовлари ўтказиладиган бинолар танлаб олинди. Ҳозир уларни тест синовларига тайёрлаш ишлари бажарилмоқда.

Тест синовлари жараёнининг очиқ ва холис ўтказилишини таъминлаш мақсадида танланган биноларга шахсни идентификациялаш воситалари, видеосификация қурилмалари, видео камераларни ва абитуриентларнинг ота-оналари кутиш жойларига мониторлар ўрнатиш белгиланди.

Олий ва ўрта махсус ва Халқ таълими вазирликлари ҳамкорликда 2018/2019 ўқув йилида олий таълим даргоҳларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш учун тест синовлари жараёнида гуруҳ назоратчилари сифатида жалб этилиши белгиланган 8330 педагог ходимларнинг маълумотлар базаси шакллантирилди.

Шахсни идентификациялаш воситалари, видеосификация қурилмалари, металлодетекторлар, тест синовлари жараёнини ёритиш мониторларининг техник имкониятлари синовдан ўтказилди.

Тест синовлари материалларини ўз вақтида белгиланган ҳудудларга етказилиши ва олиб келинишини таъминлаш юзасидан режа жадвали ишлаб чиқилди ва келишилган ҳолда тасдиқланди.

Тест синовлари жараёнининг назоратини амалга оширувчи масъул шахсларнинг билим, кўникма ва малакасини шакллантирувчи ўқув дастури ишлаб чиқилди ва жорий йил 25 апрелдан 7 майга қадар жойларда тест синовлари жараёнида иштирок этадиган соҳа вакиллари, бино раҳбарлари ва гуруҳ назоратчилари учун семинар-тренинглар ўтказилди.

Матбуот анжуманида журналистларнинг тест синовлари билан боғлиқ саволларига батафсил жавоб берилди.

 

Н.УСМОНОВА, ЎзА