Юртимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари ва ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад аҳоли эҳтиёжларини таъминлаш, одамларни ҳаётдан рози қилишдир. 
Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга жорий этилган навбатдаги янги тизим – “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари қишлоқлар, маҳаллалар, айниқса, олис ва чекка ҳудудларда яшаётган аҳоли ҳаётида чин маънода янги саҳифа очди. Бундай бунёдкорлик ишлари маҳаллаларга замонавий қиёфа бағишлаб, одамларнинг ҳаётга, меҳнатга муносабатини тубдан ўзгартирмоқда.
Фаровон юртнинг гўзал қиёфаси маҳаллаларда акс этади. «Обод маҳалла» дастури доирасида пойтахтимиз маҳаллаларида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш мақсадида Тошкент шаҳар Бектемир туманидаги «Бинокор» маҳалла фуқаролар йиғинига бордик. Бу ерда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини кўриб кўзингиз қувнайди. Бизни маҳалла раиси Саидакбар ака Топилов кутиб олди. «Обод маҳалла» дастури асосида амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапирди.
– Маҳалламизда 623 хонадон мавжуд, уларда 3 минг 965 нафар аҳоли истиқомат қилади, – дейди у. – Маҳалладаги 23 кўп қаватли уй ҳамда 244 ҳовлига 4 хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати хизмат кўрсатади. Маҳаллада неча йилдан буён катта муаммога айланиб келаётган ичимлик суви муаммосига шу йил барҳам берамиз. Ҳомийлик йўли билан қувурлар ётқизилди. Тез кунларда маҳалла аҳли тоза ичимлик суви билан тўлиқ таъминланиши режалаштирилган.
Маҳаллада 1 мактаб, 1 оилавий поликлиника, 6 саноат корхонаси, 5 қўшма корхона, 3 кичик бизнес субъекти, 1 дала дўкон бор.
Маҳалла раиси ва фаоллари билан биргаликда хонадонларга кириб, аҳволни яқиндан ўрганишга киришдик. Йўл-йўлакай ҳудудда амалга оширилаётган ободонлаштириш ишларига ҳам эътибор қаратдик.
Маҳаллада 4 кам таъминланган, 20 ижтимоий ҳимояга муҳтож оила мавжуд. 7 нафар якка-ёлғиз, 65 нафар ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатга олинган. С.Топиловнинг таъкидлашича, уларга маҳалла тарафидан амалий ёрдам кўрсатиб келинади. Ушбу оилалар Бектемир тумани ҳокимлигининг доимий назоратида.
Бу хонадонларда бўлганимизда аҳоли маҳалла фаолларига ва туман ҳокимлигига ўз миннатдорчилигини билдирди. Жумладан, эндиликда Зироат кўчасидаги 73-уйда истиқомат қилаётган Бегжон Тулебаев ва Киримбаев Рамил уй билан таъминланишида ёрдам бергани учун туман ҳокимлиги, маҳалла фаолларидан миннатдор.
Аммо оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни йўлга қўйиш истагида бўлган маҳалланинг айрим фуқаролари кредит олишда сарсон бўлмоқда. Маҳалла раисининг айтишича, маҳаллага имтиёзли кредит олиш учун амалий ёрдам сўраб мурожаат этганларга ёрдам беришнинг имкони бўлмаяпти.
– Тадбиркорлик қилиш истагида бўлган фуқароларимизга имтиёзли кредит ажратишни сўраб туманимиздаги банкларга бир неча бор мурожаат қилдик, аммо ҳар сафар банк ходимлари турли баҳоналар билан кредит ажратиб бермаганлиги сабабли, ҳаракатларимиз натижа бермаяпти. Ушбу муаммони ҳалигача ҳал этолмаяпмиз, – дейди С.Топилов.
“Бинокор” маҳалла фуқаролар йиғинида 806 нафар ёш истиқомат қилади. Улар орасида ишсиз ва уюшмаган ёшлар ҳам бор. Биз Ёшлар иттифоқи туман кенгашининг уюшмаган ёшлар билан ишлаш борасида амалга оширган ишлари ҳақида сўрадик. С.Топиловнинг таъкидлашича, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши вакили мазкур маҳалланинг уюшмаган ва ишсиз ёшлари билан иш олиб боришга ҳали вақт ажратмабди.
Маҳалла раисидан Ёшлар иттифоқи туман кенгаши вакили билан боғланиб, биз билан суҳбатга чақириб беришини илтимос қилдик. Аммо уринишларимиз бесамар кетди.
Бектемир тумани ҳокимлиги ва туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан аҳолининг ишсиз қисмига турли ишлар таклиф қилиниб келинади.
Аммо биз маҳалладаги айрим хонадонларга ташриф буюрганимизда уларда боқимандалик кайфияти шаклланиб қолганига гувоҳ бўлдик.
Соҳил кўчасидаги 3-уй 15-хонадонда истиқомат қилувчи Отабек Дадахўжаев билан суҳбатлашганимизда, у ўзига таклиф қилинаётган ишларни рад этиб келаётгани, маҳалладан эса моддий ёрдам сўрашни канда қилмаслигининг гувоҳи бўлдик. О.Дадахўжаев 45 ёшни қаршилаётган бўлса-да, бир ишнинг бошини тутишни хоҳламасдан, тезда бойиб кетадиган бизнесларни хаёл қилиб юрар экан.
Бинокор маҳалласи тумандаги 4-секторга бириктирилган. Мазкур сектор фаолияти билан танишиш мақсадида борган Адлия вазирлиги бош маслаҳатчиси Асадулла Гултўраев маҳалладаги мавжуд муаммоларни атрофлича ўрганиб, уларни ҳал этиш чоралари кўрилаётганини айтди. Унинг айтишича, маҳаллани янада обод қилиш учун мақсадли маблағлар ажратилиши кўзда тутилган.
Бу маблағлар ҳисобидан маҳалладаги йўллар қайта таъмирланиши, дорихоналар ташкил этилиши, умуман, маҳалла ободонлаштирилиши кўзда тутилган.
Маҳаллада туман маданият бўлими тасарруфидаги 13-сонли маданият ва аҳоли дам олиш маркази ишлаб турибди. Марказ раҳбари Суҳроб Жуманиёзовнинг айтишича, марказда болалар учун 7 тўгарак фаолияти йўлга қўйилган. Тўгаракларда кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари учун имтиёзлар амал қилади.
Марказда маҳаллада умргузаронлик қилаётган 400 га яқин ёши улуғ инсонларнинг мазмунли дам олиш учун ҳам шароитлар яратилган.
Айтиш мумкинки, «Бинокор» маҳалла фуқаролар йиғинида «Обод маҳалла» дастури асосида йиллар давомида ечимини кутаётган муаммолар ҳал этилмоқда. Бундан аҳолининг хурсандчилиги чексиз, албатта. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, ҳар ким ўзи яшайдиган уй, маҳалла ва қишлоқни ободонлаштиришга ҳиссасини қўшса, юртимиз обод бўлади, обод юртда яшайдиган одамлар кайфияти яхши бўлиши таъминланади.

 

Муҳайё ТОШҚОРАЕВА, Файёз ОЧИЛОВ, ЎзА