Сенатда Ташқи ишлар вазирининг ҳисоботи тингланди

Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг вазирлик зиммасига юкланган вазифаларни бажариш бўйича фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилди.
Ушбу масала юзасидан маъруза қилган Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро майдонда мамлакат миллий манфаатларини ифода этишга қаратилган изчил иш олиб борилганини таъкидлади.
Бу жараёнда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифаларни бажаришга алоҳида эътибор қаратилди.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида мамлакатимиз товарлари экспортини ривожлантиришда АҚШ, Буюк Британия, Озарбайжон, Россия, Германия, Грузия, Бельгия, Бангладеш, Ҳиндистон, Италия, Малайзия, Латвия, Хитой, Корея, Чехия, Таиланд ва БААда ташкил этилган халқаро кўргазмаларда иштирок этишда мамлакатимиз компаниялари ва корхоналарига кўмак берилди. Уларнинг якунлари бўйича умумий суммаси қарийб 83,5 миллион долларлик савдо шартномалари имзоланди.
Хорижий инвестицияларни жалб қилиш борасида 2018 йилнинг январь-май ойларида хорижий ташрифлар ва мулоқотлар натижасида қиймати 17 миллиард долларлик 182 истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисида дастлабки келишувга эришилди. Жорий йил 1 июнь ҳолатига кўра дипломатик миссиялар томонидан умумий суммаси 10,543 миллиард долларлик турли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари ишлаб чиқилди.
Муҳокама чоғида ТИВ олдига қўйилган вазифаларни самаралироқ амалга ошириш борасида қатор муаммолар мавжудлиги қайд этилди.
Хусусан, ТИВ ва дипломатик ваколатхоналар вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда мамлакатимиз товарлари экспортини амалга ошириш, инвестициялар ва туристларни жалб қилиш масалалари юзасидан ўз таклифларининг соҳага ихтисослашган идоралар ва вилоят ҳокимликлари томонидан узоқ вақтда кўриб чиқилиши билан боғлиқ муаммога ҳали ҳам дуч келмоқда.
Муҳокама чоғида сенаторлар Ташқи ишлар вазирлиги фаолияти самарадорлигини янада ошириш бўйича тавсиялар билдирди.

 

Норгул Абдураимова, ЎзА