Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатлари ривожланмоқда

Қирғизистон Республикасининг Тошкентдаги элчихонасида 28 июнь куни жорий йил биринчи ярим йиллигида мамлакатларимизнинг кенг қамровли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлиги натижаларига бағишланган брифинг ўтказилди.
Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси вазифасини бажарувчи Кемел Садиков мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, банк-молия, фан-техника, саноат, қишлоқ ва сув хўжалиги, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик йилдан йилга ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Икки мамлакат Президентларининг қатъий иродаси ва азму шифоати туфайли ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик сезиларли ўсмоқда. Хусусан, шу йилнинг дастлабки уч ойида икки томонлама товар айланмаси ҳажми 72,7 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 47,12 фоиз ошганини кўрсатади.
Туризм соҳасидаги алоқалар ҳам фаоллашди. Эришилган келишувларга кўра, Қирғизистон ва Ўзбекистон телеканалларида икки мамлакат сайёҳлик салоҳияти тўғрисида видеороликлар намойиш қилинмоқда. Айни пайтда мамлакатимиз вилоятларидаги йирик саноат корхоналари ва ташкилотлар ходимларининг Иссиқкўлдаги соғломлаштириш масканларида дам олишини ташкиллаштириш бўйича Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси билан келишувга эришилган. Дам олувчиларнинг дастлабки гуруҳи 21 июнь куни «Тошкент – Бишкек – Балиқчи» темир йўл йўналиши орқали Иссиқкўлга жўнаб кетди. Умуман, жорий йилда 511 мингдан зиёд юртдошимизнинг Қирғизистонга саёҳатини ташкил этиш режалаштирилган.
Транспорт-коммуникация соҳасида авиарейслар сонини кўпайтириш, янги темир йўл ва автобус йўналишларини очиш ҳамда мамлакатларимиз ўртасида автомобиль, темир йўл ва авиаташувларни кенгайтириш чоралари кўрилмоқда. “Тошкент – Андижон – Ўш – Иркиштом – Қошғар” автомобиль йўлаги ишга туширилди. “Тошкент –Бишкек” ва “Бишкек – Тошкент” авиарейслари ҳафтасига 3 мартагача оширилди. Йил охирига қадар “Ўш – Андижон” ҳамда Тошкент орқали ўтадиган “Боткен – Бишкек” ва “Исфана – Бишкек” автобус йўналишларини очиш кўзда тутилган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёвнинг шу йил 2 апрелдаги «Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори мамлакатларимиз ўртасида маданий-гуманитар муносабатларни ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда. Қарор ижроси доирасида кўплаб тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу кунларда вилоятларда ёзувчининг “Оқ кема” қиссаси саҳналаштирилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда куз ойларида Ўзбекистонда Қирғизистон маданияти ва санъати кунларини ўтказиш режалаштирилган.

 

Гўзал Сатторова, ЎзА