Дори воситаларини қатъий нархларда сотиш талаби бекор қилинди

Ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини қатъий нархларда сотиш тўғрисидаги талаб бекор қилинди. 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 июнда “Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш самарадорлигини ошириш ва аҳолини улар билан таъминлашни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Мазкур фармон фармацевтика тармоғини ривожлантириш учун шарт-шароитларни яхшилаш, сифатли дори воситаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва Ўзбекистон фармацевтика бозорининг инвестициявий жозибадорлигини оширишга қаратилган.
Фармонга кўра, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини қатъий нархларда сотиш тўғрисидаги талаби бекор қилинди.
Давлат рўйхатидан ўтказиш учун юқори тартибга солувчи талаблар қўйилган мамлакатларда амалга оширилган, дори воситаларини, жумладан, дори моддалари (субстанциялар) ва дори препаратлари (кейинги ўринларда дори воситалари деб аталади)ни давлат рўйхатидан ўтказиш натижаларини тан олиш тартибини 2018 йил 1 августдан жорий этиш тўғрисидаги таклифлар маъқулланди.
Ижтимоий дорихоналар томонидан ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини сотиш уларнинг сотиб олиш қиймати ёки улгуржи нархига 10 фоиз чекланган савдо устамаси қўлланилган ҳолда амалга ошириш белгилаб қўйилди.
Шунингдек, юқори тартибга солувчи талаблар қўйилган мамлакатларда рўйхатдан ўтказилган дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш натижаларини тан олиш;
Хавфсизлиги, сифати ва самарадорлиги бўйича шубҳа уйғотмайдиган дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун масъул бўлган хорижий давлатларнинг ваколатли органлари ва халқаро ташкилотларни табақалаштириш асосида;
Давлат рўйхатидан ўтказиш натижалари Ўзбекистон Республикасида тан олинадиган дори воситаларини юқори тартибга солувчи талаблар қўйилган мамлакатларнинг тиббиёт амалиётида қўллашга рухсат этилган тақдирда амалга оширилади.

 

ЎзА