Биометрик паспорт билан юришнинг афзаллиги нимада?

ИКАО – халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти маълумотига кўра, БМТга аъзо 193 давлат айни пайтда биометрик ёки электрон паспорт устида иш олиб бормоқда.
Ҳозир дунёнинг ўнлаб мамлакатларида биометрик паспортга ўтилмоқда. Германияда ҳам шахсни тасдиқловчи ушбу ҳужжатга эътибор кучайтирилмоқда.
Аслида 2000 йилнинг бошларида бу мамлакатда биометрик хориж паспортини ташкил этиш борасида баҳс-мунозаралар бошланган эди. Охир-оқибат 2005 йилнинг ноябридан фуқаролар қўлига ана шу янги намунадаги ҳужжатлар берила бошланди. Унга кўра, паспорт саҳифаларидан бирида чип қўйилган бўлиб, унда фуқаронинг исм-шарифи, бўйи-басти ва кўзининг ранги туширилган. 2007 йилдан эса паспорт маълумотларига тузатиш киритилди. Унда махсус сканер ёрдамида фуқаронинг ўнг ва чап қўли кўрсаткич бармоғи изи тушириладиган бўлди. Хуллас, Германия Европа Иттифоқи мамлакатлари орасида биринчи бўлиб тўлиқ биометрик маълумотлар туширилган ҳужжатни муомалага киритди.
Аслида бу АҚШ томонининг таклифи эди. 2001 йилнинг 11 сентябрида содир этилган террорчилик ҳаракатларидан сўнг “океан орти” мамлакатига кириб келаётган ажнабийларнинг паспорти шакли ўзгартириладиган бўлди.
2010 йилнинг ноябридан бошлаб эса яна бир ўзгариш содир бўлди. Бу, албатта, кўпчиликни бефарқ қолдирмади. Германия фуқароси кредит карточкасини эслатувчи шахсини тасдиқловчи янги электрон гувоҳномага эга бўлди. Бу ҳужжат орқали немислар тармоққа кириб пул ўтказишлари, олди-сотди шартномаларини имзолаши, қўйингки, давлат муассасаларида барча тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришлари мумкин бўлди. Янги ҳужжатда эгасининг электрон идентификацияси ҳам бўлиб, у орқали интернетда фойдаланувчи ўз шахсини тасдиқлай олади. Германияда ана шу янги намунадаги биометрик ҳужжатга босқичма-босқич ўтилмоқда. Бунинг муддати 2020 йилгача этиб белгиланган. Электрон микрочипли хориж паспорти ўта ишончли, яъни қалбакилаштириб бўлмайди. Ҳужжатни ўғирлаган жиноятчиларга энди осон тутиб бўлмайди. Чегарачилар ҳам ҳужжатнинг ҳақиқийлигини аниқлаш борасида қийинчиликларга дуч келмас экан.
Биометрик паспортни тадбиқ этиш борасида кўплаб тортишувлар бўлди. Унда етакчи сиёсатчилар, фуқаролар маълумотларини муҳофаза этиш соҳасида фаолият юритувчи экспертлар хизматидан фойдаланилди. Айримлар биометрик паспортга рақамли қўл бармоғи изларини туширилишига қарши ҳам бўлди.
Паспортингиз чўнтакда ёки сумкада бўлган пайтда ҳам электрон микрочипдаги сақланиб қолган маълумотларни бир зумда билиб олиш имконияти мавжуд. Шу боисдан бу ҳужжатни махсус ғилофда олиб юриш тавсия этилмоқда. Чунки фуқароларнинг маълумотлари ноқонуний равишда бошқаларга тушиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас. Яна бир қизиқ ҳолат махсус ускуна ёрдамида биометрик ҳужжат эгасининг ҳаракат йўналишини илғаб олса бўлади. АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа мамлакатларда айни пайтда биометрик паспортларни жорий этишга эътибор кучайтирилган.
ИКАО – халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти маълумотига кўра, БМТга аъзо 193 давлат айни пайтда биометрик ёки электрон паспорт устида иш олиб бормоқда. Айни пайтда 340 миллионга яқин биометрик паспортлар муомалада юрибди. 2014 йилдан бошлаб сайёрамизда контактсиз чипли 90 фоизга яқин электрон паспортлардан фойдаланила бошланди. 45 та мамлакат электрон паспортларни жорий этган. 34 тасида эса паспорт эгасининг рақамли фотосурати туширилган ҳужжати мавжуд. Швейцарияда ўтказилган референдумда аҳолининг 50,1 фоизи биометрик паспортга ўтиш таклифини қўллаб-қувватлаган. Бу, албатта, яхши. Чунки конфедерация Шенген зонасида.

 

Азимжон Пўлатов