"Туркистон" санъат саройида хайрия концерти ўтказилди

«Туркистон» саройида “Кўзмунчоқ” болалар ашула ва рақс ансамбли томонидан хайрия концерти ўтказилди.

Унга пойтахтимизнинг барча туманларидан кам таъминланган оилалар, алоҳида эҳтиёжли фуқаролар, имконияти чекланган болалар, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари таклиф этилди.

“Кўзмунчоқ” болалар ашула ва рақс ансамблида 4 ёшдан 14 ёшгача бўлган ўғил-қизлар вокал, классика, миллий ва жаҳон рақслари йўналишида сабоқ олади. Улар мамлакат ва халқаро миқёсдаги кўрик-танловлар, фестиваллар, ижодий беллашувларда фаол иштирок этиб келмоқда.

Тадбирда юздан зиёд ўғил-қиз тенгдошлари учун куй-қўшиқлар, шеърлар, рақслар ижро этди.

Хайрия концертида “Туморча” болалар фольклор-этнографик ва “Шарқ юлдузлари” болалар рақс ансамбллари, Тошкент шаҳар “Баркамол авлод” болалар ижодиёт маркази, мусиқа мактабларининг истеъдодли ёшлари ҳам иштирок этди.

Ёш авлод учун қизиқ бўлган топишмоқлар, савол-жавоб, тез айтиш каби усулда саҳналаштирилган кўринишлар барчага манзур бўлди.

 

Барно Мелиқулова, ЎзА