ОНЛАЙН: “Ҳайратон” кўпригидан репортаж

ОНЛАЙН: “Ҳайратон” кўпригидан репортаж

Анора Содиқова хабар қилади

Ўзбекистондан Афғонистонга йўл олган делегация айни дамда “Ҳайратон” кўпригидан ўтиб бормоқда. “Ҳайратон” кўприги бугун том маънода Шимолий Афғонистонни Марказий Осиё давлатлари билан боғлаб турувчи ягона йўл ҳисобланади.

Ўзбекистон (“Ғалаба”) Афғонистон (“Ҳайратон”) кўприги орқали Шимолий Афғонистонга Ўзбекистондан ва қўшни Марказий Осиё давлатларидан катта миқдордаги ун-дон, буғдой, маҳсулотлари экспорт қилинади. Ушбу кўприк Афғонистоннинг шимолий қисмини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминловчи ягона манба бўлиб келган. Кўприк 1996 йилда “Толибон”ларнинг давлат тепасига келиши билан хавфсизликни таъминлаш мақсадида ёпиб қўйилган эди. 2001 йилда “Ҳайратон” кўприги очилиб, ундан илк бор қўшни Афғонистон ҳудудига инсонпарварлик ёрдами ўтказилган.

Бугунги кунда “Ҳайратон” кўприги икки автомобиль ва биргина поезд йўлидан иборат. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ кўмаги билан Ҳайратон — Мозори Шариф темир йўли ҳам ўтказилган ва бу йўл мамлакат иқтисоди яхшиланишига катта ҳисса қўшмоқда. Термиз — Ҳайратон — Мозори Шариф темир йўли орқали Афғонистонга бугунги кунда инсонпарварлик ёрдамлари кириб келмоқда.

2012 йилдан буён “Ҳайратон” кўприги орқали Ўзбекистон ва Афғонистон давлатлари ўртасидаги савдо-сотиқ айланмаси ортиб бораётир. Айниқса, 2017 йилдан буён кўрсаткичлар сезиларли даражада кўпайган.

Афғонистон шимолидаги автомобиль ва поезд йўлларидаги савдо айланмаси бу мамлакатнинг бошқа чегараларидаги йўлларни иқтисодий таъминлаш учун ҳам ёрдам беради.

ВВС маълумотларига кўра, 7 миллион афғон халқи шимолий қисмдаги бандоргоҳда иш билан таъминланган. Айнан шу ҳудуддан, яъни “Ҳайратон” кўприги ва Шимолий бандаргоҳ орқали ҳар куни Марказий Осиё давлатларидан Афғонистонга юзлаб эшелонларда импорт маҳсулотлари кириб келади.

Ўзбекистон ва Афғонистон “Ҳайратон” кўпригидан биргаликда фойдаланиш бўйича икки давлат темир йўллари маъмурияти томонидан меморандум имзоланган.

“Хайратон” (аввалги “Дўстлик”) кўприги собиқ Совет ва Афғон уруши даврида қуриб битказилган. 1989 йили айнан шу кўприкдан Совет армиясининг сўнгги қисми Афғонистонни тарк этган эди.

Ҳозирда Ўзбекистон томонидан Мозори Шариф — Ҳирот темир йўлини барпо этиш ташаббуси билдирилган. Бу Афғонистон иқтисодиёти ривожланишига ҳамда кўпгина аҳолини иш билан таьминланишига улкан ҳисса қўшиши, шубҳасиз.

 

ЎзА

  05.06.2018, 13:13  |    205 марта кўрилди

Рахмат

Сайт администрацияси хато матн хакида огохлантирилди!