Ичимлик суви таъминоти ёмонлашди, деган хабарларда ҳеч қандай асос йўқ

Кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш юзасидан турли хабарлар тарқалди. Хўш, бу хабарлар қанчалик асосли? Ҳақиқатдан ҳам, ичимлик суви таъминотида муаммолар борми, агар бўлса, унинг сабаблари нимада? 
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги ва ЎзА мухбири ушбу масала юзасидан туман ҳокимлиги раҳбарияти, мутасадди идоралар вакилларига мурожаат қилди.
– Мўйноқда ичимлик суви таъминоти ёмонлашди, деган хабарларда ҳеч қандай асос йўқ, – дейди Мўйноқ тумани ҳокими Сайлаубай Данияров. – Ўтган йили Президентимиз ташаббуси билан тортилган ичимлик сув қувури Мўйноқ тумани маркази ва «Учсой» овул фуқаролар йиғини аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаб турибди. Аҳолининг сувни истеъмол қилиш бўйича талаби кунлик 2200 куб метрни ташкил қилмоқда. Бугунги кунда “Қўнғирот – Мўйноқ” сув қувури орқали Туямўйин сув омборидан бир кеча-кундузда 2400 куб метр сув Мўйноқ тумани сув тармоқлари корхонасидаги 4,5 минг куб метр сув сиғимига мўлжалланган резервуарга келиб тушмоқда. Мўйноқ тумани маркази ва «Учсой» овул фуқаролар йиғини аҳолисининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи белгиланган меъёрлар бўйича кунига 1800 куб метрни ташкил қилади. Тўғри, сув жадвал асосида насослар имкониятидан келиб чиққан ҳолда, кунига 2 маҳал берилмоқда, яъни соат 6.00 дан 10.00 гача ва соат 16.00 дан 21.30 гача. Яқин кунларда қўшимча насослар ўрнатилади ва аҳолини сув билан узлуксиз таъминлаш имконияти пайдо бўлади.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда «Қўнғирот» сув тарқатиш иншоотида 4 насос ёрдамида бир кеча-кундузда ўртача 2400 куб метр ичимлик суви 3 атмосфера босимида етказиб берилмоқда. Ушбу иншоот бир кеча-кундузда 7000 куб метргача ичимлик сув етказиб бериш ва босимни 7-8 атмосферагача кўтариш имкониятига эга.
Туямўйин – Нукус минтақавий сув ўтказгичидан фойдаланиш бошқармаси маълумотларига кўра, “Орол” маҳалла фуқаролар йиғинида 7 километрлик сув қувури янгидан тортилган. Ушбу ҳудуддаги умумий ичимлик сув тармоғи узунлиги 8,5 километр бўлиб, қолган 1,5 километр тармоқни таъмирлаш ишлари 2019 йилнинг манзилли дастурига киритилиши режалаштирилган.
«Тик-озек» овул фуқаролар йиғинини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида ичимлик сув тармоқларини қуриш ишлари «Оролбўйи минтақасини ривожлантириш» жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади. Умумий узунлиги 1,1 километр бўлган ушбу лойиҳа қиймати 159,5 миллион сўмни ташкил қилади. Қурилиш ишлари 2018 йил дастурига киритилган. Пудратчи “Керамика қурилиш сервис” МЧЖга ушбу мақсадлар учун 30 фоиз бўнак пули ўтказиб берилган ва пудратчи томонидан 600 метр полиэтилен қувурлар ётқизилган. Мазкур дастур 2018 йилнинг 1 июлида якунланиши кўзда тутилган.
– Берилаётган сув тоза ичимлик суви. Бу сувдан томорқани суғоришда фойдаланиш мумкин эмас, – дейди Мўйноқ тумани сув тармоқлари корхонаси муҳандиси Пўлат Қарабасов. – Сув исрофгарчилигининг олдини олиш мақсадида 500 дона сув ҳисоблагич ускунаси келтирилиб, хонадонларга ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Энди сув қувурларида юз бераётган авария ҳолатларига келсак, 101 километрлик Қўнғирот – Мўйноқ оралиғига ётқизилган сув қувурларидаги уланган жойлардан сув кетиш ҳолатлари бўлган. Бундай ҳолатлар ўз вақтида бартараф этилаётир.
Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати, «Мўйноқ» МФЙ раиси Абдижаббор Тлеуовнинг таъкидлашича, аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган талаби қаноатлантириб келинган. Агар фуқаролардан мурожаатлар келиб тушса, шу заҳоти ўрганиб чиқиб, туман ҳокимлигига етказилмоқда ва ўз вақтида зарур чоралар кўрилиши таъминланмоқда.
– Мўйноқликлар сув қадрини бошқа ҳудуд аҳолисига қараганда жуда яхши билади, – дейди меҳнат фахрийси Жанабай Жусипов. – Авваллари аҳоли Амударёдан ёки артезиан қудуқдан сув олиб истеъмол қиларди. Кунлар исиши билан турли касалликлар кўпаяр эди. Президентимизга минг раҳмат, ўтган йили асрлик орзуимиз бўлган тоза ичимлик сувига эга бўлдик.

 

Анвар Насирлаев, ЎзА