Андижон вилоятида доривор ўсимликлар етиштириш бўйича иқтисодий зона ташкил этилади

Президентимиз Асака туманидаги «Сабо ҳамкор» масъулияти чекланган жамияти ҳудудида 2018-2019 йилларда Андижон вилоятида аграр соҳани ривожлантиришга қаратилган дастур ва лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Давлатимиз раҳбарига Андижон вилоятида чорвачиликни ривожлантиришга оид лойиҳалар тўғрисида маълумот берилди. Жорий йилда мазкур йўналишдаги 40 лойиҳа амалга оширилиши натижасида 32 минг тоннадан зиёд сут, 400 тоннадан ортиқ гўшт етиштирилади. Тармоқда жами 649 иш ўрни яратилади.Ўтган йили вилоятга ташрифи давомида Президентимиз Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтининг Андижон филиалини ташкил этиш бўйича топшириқ берган эди. Ҳозирги кунда филиалда 9 илмий ходим фаолият юритмоқда. Улар вилоятда давлат ўрмон хўжалигини ривожлантириш бўйича қатор истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқди. Режага биноан, 2016 йилда ўрмон хўжалиги ерларида атиги 8 гектарда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилган бўлса, жорий ва келаси йилда бу кўрсаткич 830 гектарга етказилади. Адир ва тоғолди ҳудудларида писта, ёнғоқ, нўхот, ловия етиштирилиб, кўплаб доимий ва мавсумий иш ўринлари яратилади.

3ffe83ba-4687-d73f-8a9c-18e353d825a1.jpg

Давлатимиз раҳбари Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтининг Андижон филиалида инновацияларни ривожлантириш бўйича фонд тузиш, вилоятда доривор ўсимликлар етиштириш бўйича иқтисодий зона ташкил этиш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.

– Ўрмон хўжалигида инновация қилмасак, даромад олиш қийин, -деди Шавкат Мирзиёев. – Шунинг учун Андижон вилояти ўрмон хўжалигида инновацияларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича 3 йилга мўлжалланган махсус қарор қабул қилиш мақсадга мувофиқдир.

Президентимизга вилоятда балиқчиликни ривожлантиришга оид лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. Жорий йилда 11 туманда 300 гектар майдонда янги ҳовузлар барпо этилиб, балиқ етиштириш ҳажми 450 тоннага оширилади. Бундан ташқари, томорқаларда ҳамда 1050 гектар шоли майдонида Хитой ва Вьетнам технологиялари асосида балиқ етиштириш йўлга қўйилади.

Шу ерда сермаҳсул балиқ турлари ва балиқ озуқаси маҳсулотлари намойиш этилди. Балиқ етиштиришни кластер усулида ташкил этиш, озуқа таъминотини яхшилаш, қайта ишлаш ҳисобига халқимиз дастурхонига янада кўпроқ балиқ маҳсулотлари етказиб бериш зарурлиги таъкидланди.

Олтинкўл туманида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлашни ташкил этиш вилоятда мева-сабзавот экспорти ҳажмини ошириш ва географиясини кенгайтириш имконини беради.

Вилоятда парранда, ёнғоқ етиштириш, тўқимачилик кластерини ташкил этиш, ип йигирув ва тўқув маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича амалга ошириладиган лойиҳалар қўшимча иш ўринлари яратиш, аҳоли даромад манбаини янада оширишда муҳим омил бўлади.

Президентимиз лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлигига алоҳида эътибор қаратди. Уларни бажариш муддатларини тезлаштириш ва иш ўринларини кўпайтириш бўйича зарур кўрсатмалар берди.

 

Матназар Элмуродов, ЎзА