ОАВ: КХДР Пхунгеридаги ядро полигонини йўқ қилишни бошлади

Американинг «38North» интернет нашрига асосланиб, Шимолий Корея Пхунгеридаги ядро полигонини тугатишни бошлади, деб хабар тарқатди РИА Новости. 

Таъкидланишича, КХДР томонидан ядро полигонини тугатиш ишлари жорий йилнинг 23-25 май кунларида амалга оширилиши лозим эди. Аммо, сунъий йўлдошдан олинган суратларга кўра, бу тадбир 7 майданоқ бошлаб юборилган.

Ҳозирча ядро полигонида фойдаланиб келинган бир неча бинолар қулатилган. Темир йўл, вагончалар, аравачалар қисмларга ажратиб ташланган. Аммо, бошқарув ва маъмурий аҳамиятга эга йирик иншоотларга тегилмаган. Қайд қилинишича, бу бинолар полигонни расман ёпилишида иштирок этадиган чет эллик журналистлар учун сақланиб турибди. Чунки синов туннелларини портлатишида улардан фойдаланилади.

Олдинроқ, КМТА – Шимолий Корея агентлиги мамлакатнинг Меҳнат партияси жорий йилнинг 23-25 май кунлари Пхуенгеридаги ядро синови ўтказиладиган полигонни ёпиш тўғрисида қарор қабул қилганини хабар берган эди. Мазкур қарорга кўра, белгиланган муддатда ядро полигонга кириш ҳудуди ва унинг атрофидаги барча объектлар йўқ қилинади. Хусусан, синов шахтаси портлатилиб, тадқиқот институтининг полигондаги барча ер усти иншоотлари, қўриқлаш пости ва бошқа объектлари ҳам бузиб ташланади.

Полигоннинг расмий ёпилиш маросимида Жанубий Корея, Хитой, АҚШ, Буюк Британия ва Россия журналистлари иштирок этиши кутилмоқда.

 

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА