Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги «Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, байрам тадбирлари давом этмоқда. Яқинда Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси вакиллари республикамизнинг шаҳар ва туманларида бўлиб, иккинчи бутун жаҳон уруши иштирокчиларидан хабар олди.

– Ўтганларни хотирлаш, уларнинг руҳини шод қилиш, қарияларни эъзозлаш халқимизга хос фазилат ҳисобланади. Юртбошимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган меҳр-муҳаббат, бағрикенглик ва инсонийликка қаратилган тадбирларда бизнинг соҳамиз ходимлари ҳам муносиб иштирок этиши учун ҳаракат қилмоқда,-дейди Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси раиси Женгис Ермашев.

-Хусусан, яқинда Президентимизнинг кўрсатмасига асосланиб, бугунги кунда республикамизда яшаётган  27 уруш иштирокчиларидан ва ногирон шахслардан хабар олиниб, уларнинг яшаётган  уй-жойларидаги электр энергияси, табиий газ ва ичимлик сувидан фойдаланиши учун шароит яратувчи 300 минг сўмлик қийматга эга гувоҳномалар топширилди.

Бу ҳажжат Бюронинг жойлардаги бўлимларига тақдим этилиши билан тегишли тўловлар дарҳол амалга оширилади.

Давлатимиз томонидан амалга оширилаётган мазкур тадбирлар республикамиздаги 1173 га яқин уруш иштирокчилари ва ногирон шахсларнинг яшаш манзилларига бориб, уларнинг оила аъзоларининг иштирокида топширилмоқда.

– Мени 1943 йили 18 ёшимда ҳарбийликка чақирган эди. Ўша вақтта ҳозиргидай машиналар йўқ эди. Бизни дарё орқали паром билан олиб кетди. Ўша йиллар қаттиқ қийинчилик йиллари эди. Мана, бугун мамлакатимизда тинчлик, осойишталик. Президентимиз билан ҳукумат раҳбарлари бизни эъзозлаб, ҳурмат кўрсатмоқда. Ҳар кунимиз беҳуда эмас. Мана бугун бюро ходимлари ҳам келиб салом берди ва газ, сув, электр энергияси учун 300 минг сўм тўланганини тасдиқловчи қоғоз бериб кетди. Икки ўғлим, тўрт қизим, элликка яқин невара-чевараларим ёнимда, доимо ҳолимдан хабар олиб туришади. Илойим  келгусида ҳеч қандай уруш бўлмагай,-дейди Нукус шаҳри А.Қодирий кўчасида яшовчи уруш иштирокчиси Қадирбой ота Нарманов.

Бу йўналишдаги тадбирлар давом этмоқда.

Ә.Жиемуратов,

Қорақалпоғистон хабар агентлиги мухбири.

(Расмларда; Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вакили Раҳмонбек Кенжебаев ва Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси раиси Женгис Ермашевлар уруш иштирокчиларидан хабар олмоқда. Уруш иштирокчилари-Қадрбой Нарманов, Нурилла Абдуллаев).