Ҳар йили шу санада жаҳонда Халқаро Ёшлар бирдамлик куни нишонланади. Бу ташаббус Жаҳон Демократик ёшлар федерацияси томонидан ягона мақсадни кўзлаб илгари сурилган эди.
Мазкур санани нишонлаш 1955 йилда Осиё ва Африка мамлакатларининг Бандунг конференцияси якуний ҳужжатида қайд қилинганди. Илк бор Халқаро Ёшлар бирдамлик куни 1957 йилда “Тинчлик учун, колониализмга қарши курашиш йўлида Халқаро Ёшлар бирдамлик куни” сифатида нишонланди.
Замонавий дунёда глобал муаммоллар жуда кўп. Бу муаммолар орасида ёшлар муаммоси алоҳида ўрин тутади. Бугунги кунда дунё мамлакатларида ёшлар тарбияси билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш асосий масалалардан бирига айланиб қолди. Дунё ёшларининг бир қатор муаммолар билан тўқнаш келганлигидан асло кўз юмиб бўлмайди. Ёшлар ўз муаммоларини ўзлари ҳал қилишга мажбур бўлмоқда. БМТ маълумотларига кўра, жаҳонда 15 дан 24 ёшгача бўлган ёшлар ҳамон ишсизлик ва қашшоқлик билан тўқнаш келмоқда. Бугунги кунда ёшлар ер юзи аҳолисининг тахминан 20 фоизини ташкил қилади. Бу 1 миллиард 200 миллион киши, ёки меҳнатга яроқли аҳолининг 24 фоизи демакдир. Замонавий ёшлар инсоният тарихидаги энг билимли экани, миллий тараққиётнинг муҳим ресурси экани тан олинади. Бироқ айрим мамлакатларда ёшлар орасида ишсизлик юқори даражада турибди. Уларда, айниқса, ёшлар тарбияси, уларни иш билан банд қилиш, соғлом турмуш тарзига ўргатиш ўз ҳолига ташлаб қўйилгани ачинарли. Бундай мамлакатларда давлат ва ёшлар ўртасида узилиш пайдо бўлганлигини кузатиш мумкин. Кўпгина муаммоларнинг замирида замон талаб қилган аниқ бир касб-ҳунарга эга бўлмаслик ва натижада, ишсизлик, бекорчилик ётади.
Марказий ва Шарқий Европа мамлакатларида ёшларнинг 33,6 фоизи ҳеч қаерда ўқимайди ёки ҳеч қаерда ишламайди. Экспертларнинг фикрича, Африка, Шарқий Европа мамлакатларининг ёшлари орасида ОИТС муаммоси пайдо бўлган. Шарқий Европада ОИТСга мубтало бўлганларнинг 80 фоизини 30 ёшгача бўлганлар ташкил қилади. Ғарбда ёшлар балоғат ёшига етгач “қаерда яшайман” деган савол билан тўқнаш келади. Ўзининг шахсий бошпанасига эга бўлиш эса осонликча қўлга киритилмайди. Бунинг учун бир қатор муаммоларни ҳал қилиш керак. Биринчидан, ёшлар ҳамиша ҳам жамиятнинг тўла таъминланган қисми бўлавермайди. Чунки улар ота-оналари қарамоғида яшаб келганлари боис ҳаётга эндигина қадам қўйишмоқда. Фарзандларини уй-жой билан таъмиинлаш эса ота-оналар зиммасига тушади. Бу борада қарор қабул қилиш эса ота-оналарнинг ҳоҳишига боғлиқ эмас. Бунинг учун моддий шароит ҳам бўлиш керак. Хорижий мамлакатларда ёшлар ота-оналарига ҳам, давлатга ҳам бу борада умид кўзи билан боқишмайди. Чунки бунинг учун имконият яратилмаган.
Ёшлар олдида турган иккинчи муаммо қаерда ўқиш масаласидир. Шунингдек, бўш вақтларини қаерда ўтказиш ҳам асосий муаммолар сирасига киради. Бекорчилик гирдобида қолган ёшлар бўлмағур ишларга қўл уриши аниқ. Бекорчилик эса безориликдан қотилликкача, кашандаликдан гиёҳвандликкача бўлган бир қадамни англатади.
Жаҳон мамлакатларида ёшларнинг иш билан таъминланиши ҳам асосий муаммоларга айланиб бормоқда. Ёшлар билан боғлиқ муаммолар бир неча ўн йиллардан бери тўпланиб қолгани боис, мазкур муаммоларни ҳал қилишнинг имконияти бўлмай қолмоқда. Ёшларнинг ҳаётга қизиқиши қолмаётган бир пайтда, уларнинг ахлоқсиз бўлиб кетаётганидан бонг урилади.
Ёшларнинг интернет ва компьютер ўйинларига мубтало бўлиб бораётгани ҳам хавотирларга сабаб бўлмоқда. Айрим мамлакатларда “компьютер гиёҳвандлиги”дан даволаш мақсадида махсус шифохоналар очилган. Жонли мулоқотдан кўра ижтимоий тармоқлар орқали виртуал мулоқотга ўрганиб бораётган ёшларни бу иллатдан холос қилиш йўлида ҳали анча ишлар қилиниши керак.
Замонавий ғарб ёшлари тарбия, ўзини тутиши, бағрикенглик, маданият ва ватанпарварлик масаласида бир қатор муаммолар билан тўқнашмоқда. Ёшлар театр, музейларга ташриф буюриш, ўз мамлакатларининг диққатга сазовор жойларини томоша қилиш, бадиий китоблар мутолаа қилиш ўрнига кун бўйи компьютер ва телевизор қаршисидан кетолмай бебаҳо вақтларини беҳудага сарфлашмоқда.
Таҳлилчиларнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда ёшлар иш топа олмабди, зўравонлик ва камситишлар билан тўқнаш келмоқда. Қочқин ва муҳожирлар орасида ҳам кўплаб ёшларни учратиш мумкин. Қуролли тўқнашувлар оилаларнинг дарз кетишига ва кўплаб ёшларнинг ўз уйларини ташлаб кетишларига мажбур қилмоқда. Зўравонлик ва камситишлардан азият чекаётган ёшлар мавжуд мамлакатлар ҳам бор.
Замонимизнинг долзарб ва ер шари аҳолисини ташвишга солаётган муаммоларидан бири, шубҳасиз, ишсизликдир. Бугунги кунда ёшлар ўртасида олий маълумотли бўлишига қарамай нафақат яхши, балки, оддий иш топиш ҳам мушкул бўлиб қолди. McKinsey консалтинг компанияси ўтказган тадқиқот натижаларига қараганда, дунёда олий ўқув даргоҳларини битирган 75 миллион талаба иш билан таъминланмаган. Жаҳон Банки ҳисоб-китобларига кўра, сайёрамизда иш ва ўқишда банд бўлмаган ёшлар сони 600 миллиондан ошиб кетган.
Шуни тан олиб айтиш керакки, бугунги кунда жаҳонда кузатилаётган иқтисодий инқироз жамият ҳаётига, айниқса, ёшларнинг турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатмоқда. Чунки кўплаб муаммолар билан тўқнаш келаётган ёшлар ўзларини йўқотиб қўймоқда. Бир сўз билан айтганда, ёш йигит ва қизлар глобал иқтисодий инқироз “қопқонига” тушиб қолишди. Бу нафақат иқтисодий, балки маънавий таназзулни ҳам авж олдириши мумкин. Шу сабабли ҳам кўплаб давлатларнинг ҳукуматлари ёшлар бандлигини таъминлаш кун тартибидаги асосий масала эканини тушуниб етди. Сиёсий арбоблар, бизнес вакиллари, таълим муассасалари ва нуфузли экспертлар ёш авлоднинг порлоқ келажагини яратиш мақсадида кўп иш қилинишини кераклигини айтмоқда.
Ёшлар ўртасидаги ишсизлик кўрсаткичларнинг юқорилиги – бу катта йўқотиш, ёшларнинг энергияси беҳуда сарфланмоқда, уларнинг истеъдодидан етарлича фойдаланилмаяпти. Бу, ўз навбатида, жамият учун ҳам, инсон учун ҳам фойда келтирмаяпти. Таҳлилчилар 15 ёшдан 24 ёшгача бўлганлар орасида ишсизлик кўплигидан хавотирга тушмоқда. Мазкур муаммо ўқиш ва ишламайдиган ёшлар кўпайиб бораётган Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Лотин Америкаси, Жанубий Европа, Кариб ҳавзаси, Шарқий ва Жанубий Осиёдаги мамлакатларида яққол кўзга ташланмоқда. Агар вазият шу даражада ривожланадиган бўлса, у ҳолда 2018 йилда ишга яроқли аҳолининг 215 миллиони ишсиз бўлади. Ёшларни иш билан таъминлашда Ҳиндистон, Жанубий Африка Республикаси каби давлатлар олдида ҳам бир қатор муаммолар бор. Ҳатто Буюк Британия ҳам ёшларни иш билан таъминлашда мураккабликлар билан тўқнаш келган. Бу мамлакатдаги ёшларнинг 15 фоизидан ортиғи ҳеч қаерда ишламайди, ҳеч қаерда ўқимайди. Касаба уюшмалари маълумотларига кўра, Британияда бир милллиондан ортиқ ёшлар ишсиз ўтирибди. Бу 1971 йилдан бери рекорд кўрсаткичдир. Германия канцлери Ангела Меркел 2013 йил ёзида “The Guardian” нашрига берган интервьюсида “Ёшларни иш билан таъминлаш, эҳтимол, ҳозирги вақтда Европани ларзага солаётган энг долзарб муаммо бўлса керак”, деган эди.
Дунё ёшлар бандлиги билан боғлиқ инқироз билан тўқнаш келган. Таҳлилчиларнинг фикрича, ёшлар иш топишда катталарга нисбатан уч баробар муаммолар билан тўқнаш келар экан. Европа Иттифоқи мамлакатларида ёшлар вақтинчалик иш топсалар дўппиларини осмонга отмоқда. Халқаро Меҳнат ташкилоти экспертларининг фикрича, вақтинчалик иш топиш ёшлар учун сўнгги ва шу билан бирга яхши имкониятдир. Иқтисодий ривожланган мамлакатларда ёшларни вақтинчалик ишга олиш сўнгги йилларда икки баробар кўпайган. Иш берувчилар бундан анча фойда кўрмоқда. Чунки вақтинчалик ишлаётган ёшларга кам маош тўланади. Шунингдек, уларни ишдан бўшатиш ҳеч қандай муаммо туғдирмайди.
“Кўҳна қитьа”да ижтимоий суғурта тизими учун муаммо пайдо бўлмоқда, яъни ишсиз ёшлар ва пенционерлар сони бир вақтда ўсиб бормоқда. Еврокомиссия маълумотларига кўра, ёшлар ўртасидаги ишсизлик Европа Иттифоқи бюджетидан ҳар йили 150 миллиард евро ажратилишини тақозо этмоқда. Халқаро Меҳнат ташкилоти маълумотларига қараганда, Европа Иттифоқи мамлакатларида вақтинчалик шартнома асосида ишлаётганларнинг 70 фоизини ёшлар ташкил қилади. Шу сабабли ташкилот мамлакатларга мурожаат қилиб, ёшларни муносиб иш билан таъминлаш учун шароит яратилиши кераклигини тавсия қилмоқда. Бунинг учун ёшларни ишга олаётган иш берувчиларга имтиёзлар яратилиши кераклиги айтилади.
Шарқий Европа мамлакатларининг ёшлари ўз юртларида арзимаган пул тўланаётгани сабаб хорижга иш излаб кетишга мажбур бўлмоқда. Халқаро Меҳнат ташкилоти ҳисоботларига қараганда, ҳар йили жаҳонда ўртача 20 фоиз йигит-қиз “яхши ҳаёт орзуси”да чет элларга чиқиб кетар экан. Ёшлар ўз юртларини нафақат табиий офат, қуролли тўқнашувлар, можаро ва низолар туфайли, балки ишсизлик домига тушиб қолмаслик учун ҳам тарк этмоқда. Африка, Латин Америкасидаги мамлакатлардаги ёшлар агар ўз юртларида иш топилгудек бўлса, асло хорижга кетмасликларни айтишади.
БМТ маълумотларига кўра, айни дамда дунёда 156 миллионга яқин ёшлар (яъни, ишлаётган ёшларнинг 37,7 фоизи) қашшоқликда ҳаёт кечирмоқда. Ёшлар ўртасидаги бандлик масаласида яна бир муаммо бор бўлиб, у ҳам бўлса гендер муаммосидир. Кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай меҳнат бозорида йигит ва қизлар ўртасида тенгсизлик кузатилади. 2016 йилги кўрсаткичлар таҳлил қилинадиган бўлса, иш кучларининг 53,9 фоизи йигитлар, 37,3 фоизи қизлар ҳиссасига тўғри келгани ойдинлашади. Фарқ жуда катта экани кўриниб турибди.
24 апрелда нишонланадиган Халқаро Ёшлар бирдамлик кунидан ташқари 12 августда Халқаро Ёшлар куни, 10 ноябрда Жаҳон Ёшлар куни ҳам нишонланади. Булардан кўзланган асосий мақсад жаҳон жамоатчилиги эътиборини ёшлар муаммоларини ҳал қилишга қаратишдан иборатдир.
Шарофиддин Тўлаганов