Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё туманида дронлар ёрдамида фуқароларнинг томорқа ерлари ҳолати назорат қилинмоқда ва олинган тасвирлар овул ва маҳалла фуқаролар йиғинларида ўтказилган йиғилишларда муҳокама қилинаётир.

Куюккўпир овули ҳудудида дрон орқали ўрганишлар давомида аҳолининг аксарият қисми апрель ойининг бошидаёқ томорқага экин экиш ишларини якунлагани аниқланди. Аммо баъзи томорқа ерлари ҳамон экилмасдан қолмоқда. Шундай оилалар ҳам борки, турли баҳоналарни рўкач қилиб, томорқасини қаровсиз қолдирган ҳолда, озиқ-овқат маҳсулотларини бозордан харид қилишга ўрганиб қолган.

Ваҳоланки, улар билан ёнма-ён яшаётган қўшнилари худди шундай тупроқ ва иқлим шароитида томорқада рўзғор учун зарур барча озиқ-овқат маҳсулотларини етиштирмоқда. Яна бир тоифа кишилар бор, ишёқмас ва дангасалиги сабаб уй олдидаги олтинга тенг ерда чорва учун экин ёки беда етиштиришни афзал билади. Бундай хонадон эгаларига туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва давлат солиқ қўмитасининг огоҳлантириш хатлари тақдим қилинмоқда.

Шунингдек, туманда депутатлар, овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда жамоат ташкилотлари ходимлари хонадонма-хонадон юриб, ердан фойдаланиш самарадорлиги устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини амалга оширмоқда.

Халқ депутатлари туман Кенгашининг қарори билан тузилган ғалла ҳосилдорлиги ва томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича ишчи гуруҳи аъзолари, туман Кенгаши депутатлари ва маҳалла фаоллари ҳам ерни ўз ҳолига ташлаб қўйган ёки ундан самарали фойдаланмаётган хонадонларда бўлиб, тушунтириш ишлари олиб бораётир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 мартдаги “Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида томорқа ер участкаларида белгиланган экин турлари, мевали ва манзарали дарахтлар экилмагани, чорва моллари сотиб олинмагани, иссиқхона барпо этилмагани, жумладан, ер участкаси ободонлаштирилмагани аниқланса, томорқа ер эгасидан жорий йил учун ер солиғининг уч баробар оширилган қиймати ундирилади. Деҳқон хўжаликларига нисбатан эса ер участкасига бўлган ҳуқуқни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилиш бўйича чоралар кўрилади.

 

Анвар Насирлаев, ЎзА