Аббос Латипов Бутунжаҳон таэквондо федерацияси президенти Чунг Вон Чоу билан учрашди

Хабарингиз бор, Таэквондо (WTF) бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Туниснинг Хаммамет шаҳрида бошланган жаҳон чемпионати ва Аргентинада ўтказиладиган III ўсмирлар Олимпия ўйинларига саралаш мусобақасида иштирок этмоқда. 

III ўсмирлар Олимпия ўйинларига саралаш мусобақасида мамлакатимиз шарафини Улуғбек Рашидов, Жасур Жайсунов, Абдулазиз Хамидуллаев, Мадинабону Маннопова, Озода Собиржонова, Феруза Содиқова каби умидли спортчиларимиз ҳимоя қилди.

Мазкур мусобақада 48 килограммгача вазн тоифасида қатнашган Улуғбек Рашидов Малайзия, Баҳрайн, Белорусь, Тунис, Жанубий Корея ва Россия шарафини ҳимоя қилган спортчиларни мағлубиятга учратиб, олтин медаль ва Аргентинада бўлиб ўтадиган III ўсмирлар Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритди.
III ўсмирлар Олимпия ўйинларига саралаш мусобақаси доирасида Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси бош котиби Аббос Латипов Бутунжаҳон таэквондо федерацияси президенти Чунг Вон Чоу билан учрашди.
Унда Халқаро ташкилот президенти ҳамюртларимизни қўлга киритилган йўлланма билан табриклади. Айниқса, финалда ажойиб жанг кўрсатган Улуғбек Рашидовдан келгусида ажойиб спортчи етишишига ва улкан ғалабаларини қўлга киритишини таъкидлади.
Шунингдек, учрашувда Ўзбекистонга чет элдан мутахассис жалб этилиши ҳақида келишиб олинди. Чунг Ван Чоу спортчиларимизга жаҳон чемпионатида омад тилаб қолди.
Эслатиб ўтамиз, бугун ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати бошланади. Унда таэквондочиларимиздан Амир Тўраев, Бегзод Иброҳимов, Улуғбек Рашидов, Шаҳзод Жўраев, Данил Марозов, Жасур Жайсунов, Диёр Тўҳлибоев, Абдулазиз Хамидуллаев, Интизор Абдуалимова, Мадинабону Маннопова, Азиза Шамсиева, Озода Собиржонова, Дурдона Абдулхаева, Феруза Содиқова иштирок этадилар.

Таэквондо (WTF) бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасига Собир Назаралиев ва Жасур Бойқўзиев мураббийлик қилмоқда.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА