Бу йилги тест синовларидаги ўзгаришлардан бири – ўқишга киришда тест синовлари мажмуасига киритилган чет тили (инглиз, немис, француз) фани бўйича малака сертификатига эга бўлган абитуриентларнинг 3 йилгача тест синовидан озод этилишидир.

Давлат тест марказининг маълумотига кўра, ҳозирги кунда чет тилини эгаллаш ва билиш даражасини баҳолаш учун жойларда талабгорлар сонидан келиб чиққан ҳолда гуруҳларни ташкиллаштириш, вилоятларда тест синовларини ташкил қилиш, топшириқ шакллари ва тест синовларини ўтказиш билан боғлиқ бошқа ташкилий масалаларга доир муҳокама жараёни кетмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 августдаги 610-сонли қарори бўйича 2018 йил 1 январдан бошлаб малака сертификатига эга бўлган талабгорларга сертификатни олгандан бошлаб 3 йилгача имтиёзлар бериш тартиби жорий этилган эди. Унга кўра:

-чет тилини билиш даражаси тўғрисида давлат намунасидаги А2 ва ундан юқори даражадаги малака сертификатига эга бўлган умумий ўрта таълим муассасалари битирувчилари ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларига ўқишга киришда саралаш тест синовлари рўйхатига киритилган чет тили (инглиз, немис, француз) фани бўйича тест синовидан озод этилади ва уларга чет тили фанидан максимал балл берилади;

-чет тилини билиш даражаси тўғрисида давлат намунасидаги B1 ва ундан юқори даражадаги малака сертификатига эга бўлган абитуриентлар олий таълим муассасалари бакалавриат йўналишларига ўқишга киришда тест синовлари мажмуасига киритилган чет тили (инглиз, немис, француз) фани бўйича тест синовидан озод этилади ва уларга чет тили фанидан максимал балл берилади;

-чет тилини билиш даражаси тўғрисида давлат намунасидаги B2 ва ундан юқори даражадаги малака сертификатига эга бўлган абитуриентлар олий таълим муассасаларининг магистратурасига киришда тест синовлари мажмуасига киритилган чет тили (инглиз, немис, француз) фани бўйича тест синовидан озод этилади ва уларга чет тили фанидан максимал балл берилади;

-чет тилини билиш даражаси тўғрисида давлат намунасидаги B2 ва ундан юқори даражадаги малака сертификатига эга бўлган умумий ўрта, ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари педагоглари аттестация жараёнида малака синови учун белгиланган максимал балл билан баҳоланади ва тест синовидан озод этилади.

Чет тили фанидан имтихон 4 босқичда амалга оширилади: 1) «Тинглаб тушуниш» (Listening), 2) «Ўқиш» (Reading), 3) «Ёзиш» (Writing), 4) «Гапириш» (Speaking)

Давлат тест марказининг Қорақалпоғистондаги доимий вакили М.Абдуллаевнинг таъкидлашича, Олий ўқув юртлари учун тест синовлари мажмуасига киритилган чет тили (инглиз, немис, француз) фани бўйича имтихонларнинг дастлабки 3 босқичи (Listening, Reading ва Writing) шу йилнинг февраль ойида Тошкент шаҳрида, 4-босқич (Speaking) имтихонлари эса Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда март ойида ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Нукус шаҳрида имтихонлар Агроиқтисодиёт коллежида (ТошПМИ Нукус филиалининг эски биноси) ўтказилиши назарда тутилмоқда.

 

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги