Малайзияда Ўзбекистон савдо уйи очилади

9 июль куни Ўзбекистон Республикасининг Малайзиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Равшан Усмонов ушбу мамлакатнинг энг йирик улгуржи савдо маркази “GM KlangWholesaleCity” асосчиси Лим Кок билан музокара ўтказди. 
“GM KlangWholesaleCity” улгуржи савдо маркази 2009 йилда ташкил этилган бўлиб, Малайзиянинг Кланг портида, Куала-Лумпур халқаро аэропортига яқин ҳудудда жойлашган. Ушбу марказда савдо фаолияти билан шуғулланадиган компаниялар Малайзия бўйлаб ўз маҳсулотларини улгуржи нархларда сотиш учун “Lazada”, “Shopee” ва бошқа онлайн платформалардан фойдаланади.
Учта блокдан иборат савдо марказининг умумий майдони 140 минг квадрат метрга яқин. Бу ерда 2,5 мингта савдо дўконини жойлаштириш мумкин. Бугунги кунда улгуржи савдо марказида йигирмадан ортиқ мамлакат компаниялари ўз маҳсулотларини намойиш этмоқда.
Учрашув чоғида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари, жумладан, Ўзбекистон маҳсулотларининг Малайзияга экспорти ҳажмини ошириш ва уни диверсификация қилиш масалалари муҳокама этилди. Л.Кок мамлакатимиздаги йирик экспортчи компаниялар билан ҳамкорликни йўлга қўйишга қизиқиш билдириб, Ўзбекистон маҳсулотларини Малайзия бозорига етказиб бериш учун ҳар томонлама кўмаклашишга тайёр эканини таъкидлади.
Музокара якунида Малайзия томони “GM KlangWholesaleCity” марказининг марказий павильонидан Ўзбекистон маҳсулотлари намойиш этиладиган савдо уйи очиш учун бепул жой тақдим этди. Лим Кок мамлакатимизда ҳам йирик савдо маркази ташкил этиш имкониятларини кўриб чиқиш мақсадида жорий йил октябрь ойида Ўзбекистонга ташриф буюришини маълум қилди.
Ўзбекистон Республикасининг Малайзиядаги элчихонаси билан ҳамкорликда тайёрланди.

 

ЎзА