Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш, уларнинг тадбиркорлик фаоллигини ошириш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркор аёлларнинг иқтисодиётни ривожлантиришдаги ролини янада ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-87-сон фармони ижросини таъминлаш мақсадида:

1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

Ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунар ҳамда тадбиркорликка ўқитиш дастурларида иштирок этувчи нодавлат таълим ташкилотларининг электрон реестрига киритилган нодавлат таълим ташкилотлари (кейинги ўринларда – нодавлат таълим ташкилотлари), профессионал таълим муассасалари ҳамда Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабининг (кейинги ўринларда – Олий мактаб) касб-ҳунарга ўргатувчи ўқув курсларига йўналтирилган ёшлар ва хотин-қизлар учун Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг ҳудудий бошқармалари томонидан уч томонлама шартнома асосида ўқув курслари қийматининг 70 фоизи, бироқ 1 миллион сўмдан ошмаган қисми компенсация қилиб берилади;

уч томонлама шартнома фуқаро, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг ҳудудий бошқармалари ва мазкур бандда кўрсатилган таълим ташкилотлари ўртасида маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчилари (кейинги ўринларда – ҳоким ёрдамчилари) тавсиясига кўра тузилади;

“Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган ёшлар ва хотин-қизларни Олий мактаб томонидан ўқитиш ишлари тўлиқ бепул амалга оширилади;

нодавлат таълим ташкилотлари, профессионал таълим муассасалари ҳамда Олий мактабнинг касб-ҳунар йўналиши бўйича ўқув курсларини якунлаган ишсиз хотин-қизлар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан мавжуд бўш иш ўринларига жойлаштирилади;

тадбиркорлик йўналиши бўйича ўқув курсларини якунлаган хотин-қизларга тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтишидан бошлаб, ўз фаолиятини мустақил олиб боришига қадар бўлган жараёнда ҳоким ёрдамчилари томонидан тизимли равишда амалий ёрдам кўрсатиб борилади.

2. Белгилансинки, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси томонидан меҳнатга лаёқатли, ногиронлиги бўлган хотин-қизларни иш билан таъминлаган иш берувчилар учун 6 ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараваридан кам бўлмаган миқдорда субсидия ажратилади.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги икки ой муддатда меҳнатга лаёқатли, ногиронлиги бўлган хотин-қизларни иш билан таъминлаган иш берувчилар учун субсидиялар ажратиш тартибини назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган фуқаролар, биринчи навбатда, хотин-қизларга ҳоким ёрдамчиси тавсияси асосида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан нодавлат таълим ташкилотлари ва профессионал таълим муассасаларининг ўқув курси қийматининг қолган 30 фоиз қисми Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳудудий бошқармаси, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи, тегишлилиги бўйича нодавлат таълим ташкилотлари ёки профессионал таълим муассасалари ва фуқаро ўртасида шартномага мувофиқ олдиндан тўлаш орқали қоплаб берилади.

4. Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ҳамда Олий мактаб билан биргаликда бир ой муддатда:

ҳар бир маҳалла кесимида ишсиз деб эътироф этилган ва ишлаш ёки тадбиркорлик қилиш истагини билдирган хотин-қизларнинг бирламчи рўйхатини шакллантирсин;

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги “Ишга марҳамат” мономарказлари, Олий мактабининг ҳудудий филиаллари, Савдо-саноат палатасида шакллантирилган рўйхатларга киритилган хотин-қизларнинг касб-ҳунарга (“Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси электрон ахборот тизимида мавжуд бўш иш ўринларидан келиб чиққан ҳолда) ва тадбиркорликка ўқитилишини таъминласин;

ҳоким ёрдамчилари тавсиясига асосан касб-ҳунар йўналишлари бўйича курсларни тугатган хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш борасида “Онлайн-маҳалла” платформасини Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг “Mehnat.uz” платформасига интеграция қилиш орқали уларни мавжуд бўш иш ўринларига йўналтирсин.

5. Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

6. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги директори М.М.Убайдуллаев белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Ж.А.Қўчқоров ва З.Б.Махкамова зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                             Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 

2022 йил 22 июль