Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг фавқулодда ҳолатнинг амал қилишини муддатидан аввал тугатиш тўғрисидаги мурожаатини ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида жамоат тартиби тикланганлигини ва кўрилган чоралар натижасида фуқароларнинг хавфсизлиги, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси таъминланганлигини инобатга олиб, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги Конституциявий қонунининг 11-моддасига мувофиқ:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 2 июлдаги “Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисида”ги ПФ‒164-сон Фармони билан Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида жорий этилган фавқулодда ҳолатнинг амал қилиши 2022 йил 21 июль куни соат 05:00 дан бошлаб муддатидан аввал тугатилсин.
2. Мазкур Фармон 2022 йил 21 июль куни соат 05:00 дан эътиборан кучга киради ва оммавий ахборот воситаларида дарҳол эълон қилиниши шарт.
3. Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси палаталарига тасдиқлаш учун юборилсин.
4. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В.Махмудов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2022 йил 20 июль