Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қ а р о р и
1. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимлигининг Тошкент вилояти Қибрай туманида “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини (кейинги ўринларда – Кластер) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
2. Белгилансинки, Кластер ўз ичига қуйидагиларни ташкил этишни қамраб олади:
а) қуйидагилардан иборат ўз инфратузилмасига эга бўлган Фармацевтика техник университети (кейинги ўринларда – Университет):
илмий-тадқиқот марказлари ва лабораториялар;
ўқув-илмий лабораториялари ва виварийлар;
фармакопея маркази;
меҳмонхонага эга симпозиумлар маркази;
талабалар, ўқитувчилар ва чет эллик ходимлар учун турар жой;
спорт-соғломлаштириш мажмуаси, сув ҳавзаси ва стадион;
б) инновацион дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар ишлаб чиқаришга мўлжалланган ишлаб чиқариш майдонларидан иборат саноат зонаси (кейинги ўринларда – саноат зонаси).
3. Қуйидагилар:
а) Кластернинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:
фармацевтика тармоғида талаб юқори бўлган мутахассисликлар бўйича халқаро ўқитиш дастурларига мувофиқ малакали кадрлар тайёрлаш учун ихтисослаштирилган таълим инфратузилмасини яратиш;
халқаро инновацион тизимга интеграциялашиш, замонавий ўқув-лабораториялари ва илмий-тадқиқот марказлари, шунингдек, инновацион инфратузилмани яратиш орқали илмий-тадқиқот базасини ривожлантириш;
тажриба ва маълумотларнинг доимий алмашинувини ташкил этиш орқали хорижнинг ушбу йўналишдаги илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, халқаро тадқиқот дастурлари, анжуманлар ва симпозиумларда амалий иштирок этишни таъминлаш;
б) Университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:
дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника ишлаб чиқариш, косметология, тармоқ ва бизнесни бошқариш соҳаларида халқаро таълим стандартларига мувофиқ малакали кадрлар тайёрлаш;
таълим ва фаннинг узлуксизлиги ва узвийлиги, шунингдек, уларнинг жаҳон таълими ва илмий ҳамжамиятга интеграциялашуви ҳисобига мутахассислар ва илмий-педагогик кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни амалга ошириш;
фармацевтика таълими, фан ва ишлаб чиқаришнинг яқин интеграцияси учун шарт-шароитлар яратиш;
фармация, биотехнология, биофармация, фармацевтика тармоғи учун дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар ишлаб чиқиш ҳамда уларни қўллаш соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотлар ўтказиш;
хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ва ишбилармон доиралари билан узоқ муддатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш.
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт жамғармаси (EDCF) линиялари бўйича Корея Республикаси Ҳукуматининг узоқ муддатли имтиёзли кредитларини жалб қилиш орқали ўз инфратузилмасига эга бўлган Университетни ташкил этиш тўғрисида дастлабки келишувга эришилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
4. Қуйидагилар:
“Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини ташкил этиш концепцияси 1-иловага мувофиқ;
“Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини ташкил этиш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси 2-иловага мувофиқ;
“Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери ҳудудида жойлаштириш таклиф этилаётган истиқболли инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати 3-иловага мувофиқ;
“Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери ҳудудида транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Қуйидагилар:
“Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерининг васийлик кенгаши 5-иловага мувофиқ таркибда;
Давлат муассасаси шаклидаги “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини ривожлантириш дирекцияси (кейинги ўринларда – Дирекция) ташкил этилсин.
Белгилансинки, Дирекция фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) томонидан амалга оширилади.
6. Қуйидагилар:
а) Васийлик кенгашининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
Кластер ҳудудида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;
илмий-техник ишланмаларни молиялаштириш ва стратегик лойиҳаларни амалга ошириш учун халқаро грантларни жалб қилишда кўмаклашиш;
Кластернинг илмий-тадқиқот ва таълим салоҳиятини ривожлантириш йўналишларини белгилаш;
Университетнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга, уни замонавий ўқув-лаборатория ва тажриба-саноат ускуналари билан жиҳозлашга кўмаклашиш;
мазкур қарор билан белгиланган вазифалар Дирекция томонидан бажарилишини мониторинг қилиш;
б) Дирекциянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
илғор хорижий тажрибани, Кластерни халқаро ҳамжамиятга интеграция қилишни инобатга олган ҳолда уни ривожлантириш, шунингдек, Кластернинг илмий-тадқиқот ва ишлаб чиқариш ташкилотлари ўртасида барқарор кооперацион алоқаларни йўлга қўйиш;
фармацевтика соҳасида биринчи илмий шаҳарчани яратишда таълим, илмий ва ишлаб чиқариш салоҳиятидан самарали фойдаланиш;
Кластер аъзоларини рўйхатдан ўтказиш ва уларга тегишли гувоҳномаларни бериш, Кластер иштирокчиларининг реестрини юритиш;
инвесторлар ва Кластер иштирокчилари ўз зиммасига олган мажбуриятларини лозим даражада бажариши устидан назоратни амалга ошириш;
Дирекция томонидан ишлаб чиқилган бош режага мувофиқ, Агентликнинг қарорига асосан тасдиқланган инвестиция лойиҳаларини Кластер ҳудудида жойлаштириш;
саноат зонаси ҳудудида инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида амалга оширилиши, ишга туширилиши ва Кластер иштирокчилари самарали фаолият юритишини таъминлаш учун уларга зарур инфратузилма (электр энергияси, газ ва сув таъминоти, канализация, кириш йўллари ва бошқалар) яратиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатиш;
Кластерни ривожлантиришга хорижий мутахассислар ва маслаҳатчиларни жалб қилиш;
республика фармацевтика тармоғини ривожлантиришнинг муҳим йўналишларини амалга оширишда стратегик инвесторларни аниқлаш нуқтаи назаридан Кластер ҳудудида жойлаштириш учун таклиф қилинаётган инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш ва экспертиза қилиш.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Дирекция фаолиятини ташкил этиш тўғрисида ҳукумат қарорини қабул қилсин.
7. Белгилансинки,
а) Кластер саноат зонаси ҳудудида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш тўғридан-тўғри инвестициялар, жумладан, чет эл инвестицияларини жалб қилиш ҳисобига амалга оширилади;
б) инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисида қарор ушбу лойиҳага илғор технологияларни жалб қилиш, инновацияларни татбиқ этиш даражаси ва ишлаб чиқаришнинг рақобатбардошлилиги тўғрисида Дирекциянинг ижобий хулосаси олинганидан кейин Агентлик томонидан қабул қилинади;
в) Кластер аъзолари ҳамда Дирекцияга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 26 октябрдаги “Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-4853-сон Фармонининг 3 ва 4-бандлари татбиқ этилади;
г) Дирекциянинг таъминоти, шу жумладан, унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш, шунингдек, асосий воситаларни сотиб олиш қуйидаги манбалар ҳисобидан амалга оширилади:
Агентлик қошидаги Ўзбекистон Республикаси Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари;
Дирекция бошқарувидаги ер участкалари, бинолар ва иншоотларни ижарага беришдан тушган тушумлар;
Дирекция томонидан шартнома асосида кўрсатиладиган хизматларни реализация қилишдан тушган тушумлар;
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;
хорижий ва халқаро ташкилотларнинг грантлари;
жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари;
қонун билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
8. Агентликка Кластерни ташкил этиш мақсадида Дирекциянинг талабномаларига кўра Ўзбекистон Республикаси Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидаги чора-тадбирларга тўловларни амалга оширишга рухсат берилсин:
Кластер ҳудудининг бош режаси ва батафсил режалаштириш лойиҳаси, лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш;
консалтинг ва инжиниринг хизматларини кўрсатишда иштирок этадиган хорижий мутахассислар ва маслаҳатчиларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш;
Университет профессор-ўқитувчиларининг хорижий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида амалиёт ўташи бўйича харажатлар;
жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган ер участкасида жойлашган турар жой, ишлаб чиқариш бинолари ва бошқа бинолар, иншоотлар ва дарахтзорлар бузилиши сабабли, ер участкаси олиб қўйилганда мулкдорларга етказилган зарарни қоплаш.
9. Тошкент вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда:
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда Дирекция билан биргаликда ер участкасининг чегараларини белгилаган ҳолда Кластерни жойлаштириш учун ажратиладиган ҳудудларни топографик тасвирга олишни таъминлансин;
Кластер ташкил этиш учун Тошкент вилояти Қибрай туманида кейинчалик кенгайтириш имкониятини инобатга олган ҳолда, умумий майдони 43,75 гектар ер участкаси ажратилишини таъминласин.
10. Кластер қурилиши доирасида Дирекция, истисно тариқасида, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган мақсадларда олиб қўйиладиган суғориладиган ерлар учун компенсация тўловларини тўлашдан озод қилинсин.
11. Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳар йили тегишли йиллар учун Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурининг параметрларини шакллантиришда “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери ҳудудида транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурини амалга ошириш учун капитал қўйилмалар лимитларини ва зарур марказлаштирилган инвестициялар ажратилишини назарда тутсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Агентлик буюртманомаларига биноан белгиланган тартибда Кластер ҳудудида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш даврида жалб қилинадиган хорижий мутахассислар, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига консуллик ва бошқа йиғимларни ундирмасдан кириш визалари расмийлаштирилишини таъминласин.
13. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Агентлик буюртманомаларига биноан белгиланган тартибда Кластер ҳудудида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш даврида жалб қилинадиган хорижий мутахассисларга давлат божи ундирмасдан кўп марталик визалар берилишини ва узайтирилишини, шунингдек, вақтинча яшаш жойи бўйича вақтинча прописка қилинишини ва унинг муддати узайтирилишини таъминласин.
14. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги белгиланган тартибда республикага ишчи кучини (Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаганлар орасидан) жалб этишга рухсатномалар берилишини (муддати узайтирилишини), шунингдек, ушбу фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи тасдиқномалар берилишини (муддати узайтирилишини) таъминласин.
15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилишда қуйидаги тартиб ўрнатилсин:
инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У.Умурзоқов – узоқ муддатли хорижий имтиёзли кредитларни ўз вақтида жалб қилган ҳолда белгиланган муддатларда Кластерни, шу жумладан, Университет ва саноат зонасини ташкил этиш бўйича ишларнинг самарали ташкил этилишини, масъул идоралар ва ташкилотлар фаолияти мувофиқлаштирилишини, аниқланган муаммо ва камчиликлар тезкорлик билан бартараф этилишини таъминласин;
Агентлик директори в.б. С.Х.Кариев – Кластерни самарали бошқариш тизимини яратиш, уни шакллантириш жараёнида юзага келадиган кундалик масалаларни ҳал қилиш, саноат зонаси ҳудудида юқори сифатли дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника ишлаб чиқариш бўйича инновацион қувватларни жойлаштириш, ишлаб чиқарилаётган фармацевтика маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ошириш, ушбу соҳадаги академик ва илмий-тадқиқот муҳитини ривожлантиришни таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2020 йил 28 январь
ЎзА