Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллиги
Мамлакатимизда бугунги кунда адабиёт, санъат ва маданиятни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Адабиёт ривожига улкан ҳисса қўшган, ўлмас бадиий асарлари билан халқ меҳрини қозона олган шоир ва адибларнинг қутлуғ ёшлари кенг миқёсда нишонланаётгани ҳам фикримиз далилидир.
Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театрида ана шундай асарлари орқали миллионлаб китобхонлар қалбидан жой олган ижодкор – Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган адабий-бадиий кеча бўлиб ўтди.
Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида шоир номини абадийлаштириш, ижодини ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат арбоблари, шоир ва ёзувчилар, адабиётшунослар, хорижлик меҳмонлар, талабалар, ижодий ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Театр саҳнасида ўрнатилган улкан мониторда шоирнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти, Ўзбекистон давлат мадҳиясининг яратилиш жараёни ҳамда юртимизнинг диққатга сазовор масканлари акс эттирилган видеолавҳалар намойиш этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, ТУРКСОЙ халқаро ташкилотининг Марказий Осиё бўйича вакили Хўжагелди Култегин, Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи раиси, Тожикистон халқ шоири Низом Қосим, Қирғиз Республикаси Миллий Ёзувчилар уюшмаси раиси Нурлан Қаллибеков, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Кенгесбой Каримов ва бошқалар Абдулла Орипов бой адабий меросининг туркий халқлар адабиёти ривожидаги ўрни ва аҳамияти, улуғ шоир шахсияти, жамоат арбоби сифатидаги фаолияти ҳақида сўз юритди.
Абдулла Орипов деганда халқимиз кўз ўнгида ўзининг ноёб истеъдоди ва миллий адабиётимиз ривожига жуда катта ҳисса қўшган улуғ ижодкор сиймоси намоён бўлади. Буюк сўз санъаткори мураккаб бир даврда халқимиз орзу-умидларининг куйчиси бўлган жасоратли шоир сифатида майдонга чиқди. Шоир жонажон юртимизни чексиз меҳр билан «Ўзбекистон Ватаним маним», дея баралла куйлай олган улкан қалб ва жасорат соҳибидир.
Президентимизнинг 2020 йил 2 декабрдаги «Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори шоир номини абадийлаштириш, ижодини ўрганиш ва кенг тарғиб қилишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Жумладан, ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида мазкур қарор ижроси юзасидан тизимли ишлар амалга оширилди. Хусусан, жорий йилда «Абдулла Орипов ижодий меросининг ўзбек ва жаҳон адабий-эстетик тафаккури тараққиётидаги ўрни» мавзусида халқаро илмий-назарий конференция, Адиблар хиёбонида Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган хотира кечаси, ижод мактаблари ўқувчилари ўртасида «Митти юлдуз жилолари» шеърият беллашуви, таълим муассасалари, меҳнат жамоалари, маҳаллалар, ҳарбий қисмлар ҳамда Адиблар хиёбонида таниқли ижодкорлар, олимлар, маданият ва санъат намояндалари иштирокида шоир ижодига бағишланган турли учрашувлар, давра суҳбатлари ҳамда китобхонлик кечалари ўтказилди.
Шоир асарларини нашр этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, 2 жилдлик «Танланган асарлар», Абдулла Ориповнинг жамоатчиликка эълон қилинмаган илк шеърлари асосида тайёрланган «Шоирнинг туғилиши» тўпламлари, Абдураҳим Эркаевнинг «Абдулла Орипов даҳоси», шоир ҳақидаги хотиралардан иборат «Ўзбекистон – дилбар ватаним» ҳамда қорақалпоқ тилида «Оқар дарё», туркман тилида «Сен баҳорни соғинмадингми?», шунингдек, «Абдулла Орипов замондошлари хотирасида», «Менинг Ўзбекистоним» номли ўзбек, рус ва инглиз тилларида китоблари чоп этилди.
Тадбирда Абдулла Орипов номидаги ижод мактаби ўқувчилари, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабалари томонидан атоқли шоир шеърларидан намуналар ўқилди. Элимиз ардоғидаги санъаткорларнинг куй-қўшиқлари, Ўзбек давлат драма театри ижодий жамоаси томонидан Абдулла
Ориповга ҳаёти ва ижодига бағишлаб саҳналаштирилган «Йиллар армони» номли спектаклдан парча намойиш этилди.
Тадбир доирасида Абдулла Орипов ижодига оид китоблар кўргазмаси ташкил этилди. Меҳмонларга «Танланган асарлар», «Менинг Ўзбекистоним», «Ветер моего края» ҳамда «Абдулла Орипов даҳоси» китоблари совға қилинди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов иштирок этди.
Файзулло ЯҲЁЕВ, ЎзА