Польша Давлат котиби, Миллий хавфсизлик бюроси раҳбари Павел Солох бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлиб турибди.

14 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппарати ва Польша Миллий хавфсизлик бюроси ўртасида навбатдаги маслаҳатлашув ўтказилди.

Павел Солох учрашув аввалида Афғонистондан Польша, Европа Иттифоқи мамлакатлари ва Афғонистон фуқароларини эвакуация қилишда кўрсатилган ҳар томонлама кўмак учун Ўзбекистон раҳбариятига Польша Президенти Анжей Дуданинг самимий миннатдорлигини етказди.

Музокаралар чоғида томонлар Ўзбекистон билан Польша ўртасида хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди.

Маслаҳатлашув якунлари бўйича 2021-2022 йилларда хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси”, 2021-2023 йилларда Хавфсизлик кенгаши аппарати билан Польша Миллий хавфсизлик бюроси ўртасида ҳамкорлик режаси, Икки томонлама маслаҳатлашув якунлари бўйича протокол имзоланди.

Польша делегацияси, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ҳамда Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида ҳам учрашувлар ўтказди.

Ташриф доирасида меҳмонлар Тошкентдаги Рим-католик черковини зиёрат қилдилар. Шунингдек, поляк армияси генерали Владислав Андерс шарафига ўрнатилган ёдгорлик пойига гул қўйиш маросими ҳам бўлиб ўтди.

 

Саидмурод Раҳимов, ЎзА