Президентимизнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти давом этмоқда.

Қайд этилганидек, тадбиркорларни энг кўп қийнаётган муаммолардан яна бири  – ер ажратиш масаласи ҳисобланади. Бу бўйича  4 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган.

–Жорий йилда ушбу йўналишда  катта ислоҳотларни бошладик. Бу борада Олий Мажлис палаталари томонидан  маъқулланган Қонунни куни кеча имзоладим. Бу ҳужжат мамлакатимизнинг янги тарихида энг катта ислоҳотлардан бири бўлди,  деб ҳеч бир муболағасиз айта оламиз. Мана шу ислоҳотлар мазмунини тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари ҳам, тадбиркорлар ҳам,  аҳолимиз ҳам,  яхши тушуниб олишлари зарур,–деди Президент.

Биринчидан,  ерларни иқтисодий оборотга киритиш,  уларни олди-сотди ва гаров объектига айлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратилди.

Иккинчидан, барча ерлар  2 та тоифага,  яъни қишлоқ хўжалиги ерлари  ва ноқишлоқ ерларига ажратилди.

–Қишлоқ хўжалиги ерлари  – бу бизнинг бебаҳо миллий бойлигимиз,  озиқ-овқат хавфсизлиги,  оддий қишлоқ аҳолисининг кундалик ҳаёти, дегани. Шунинг учун ушбу ерлар очиқ танлов асосида  фақат ижарага берилади, – деди давлатимиз раҳбари.

Танлов – ҳар бир ер участкаси бўйича “бу ерни олишга ким энг кўп ҳақли?” деган саволга  адолатли жавоб топиш учун ўтказилади.

Бу танловда барча  – деҳқон ҳам, фермер ҳам,  агрофирма ва кластерлар ҳам,  тенг шартларда иштирок этадилар.

Учинчидан, ноқишлоқ ер майдонлари эса фақат аукцион орқали сотилади.

–Биз сўнгги бир ярим йил давомида  ерларни аукцион орқали  очиқ-ошкора сотиш бўйича етарли тажриба орттирдик. Лекин аксарият ҳолларда аукционга қўйилган ер майдонларини  тадбиркорга маъқул жойлардан эмас,  балки олис, чекка ҳудуддаги  инфратузилмаси бўлмаган жойлардан берилган. Яхши майдонлар эса  ҳар хил йўллар билан  ҳокимлар қарори асосида  тўғридан-тўғри бериб келингани ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Бундан буён ер майдонлари  фақат ва фақат очиқ-ошкора аукцион орқали хусусий мулк сифатида сотилади ёки ижарага берилади. Кўпчиликда “ер хусусий бўлди нима-ю, хусусий бўлмади нима”,  деган фикр бўлиши табиий, албатта.

Чунки бизда  ерга хусусий мулкчилик бекор бўлганидан буён  3-4 та авлод алмашди. Бир нарсани аниқ билиб олиш зарур:  хусусийлашгани билан ер майдонлари камайиб ёки кўпайиб қолмайди,  лекин унинг бозор қиймати пайдо бўлади.

Ери бор одам ҳақиқий мулкдорга,  капитал эгасига айланади.

Тўртинчидан, кўпчилик тадбиркорларни ўз корхонаси жойлашган ер майдонининг тақдири эртага нима бўлади,  деган саволлар қийнаётгани ҳам  жойларда бор гап.

Ушбу корхоналарнинг ҳозирда эгалик қилиш,  фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқи асосида эгаллаб турган ер майдонлари уларга мулк қилиб расмийлаштириб берилади.

Яъни, бу ерни бошқа одам сотиб ололмайди, уни хусусийлаштиришга фақат ер эгасининг ўзи ҳақли бўлади.

Бунда ернинг турига қараб унинг жойлашган ҳудудидан келиб чиқиб ерлар имтиёзли шартлар асосида, ушбу корхоналарга хусусийлаштириб берилади.

Бундан кейин тадбиркорлар ердан юқори ликвидли актив  ва гаров объекти сифатида  фойдаланиш имкониятига эга бўладилар.

Мен ўйламанки бу янгиликлар тадбиркорларимиз узоқ йиллар кутган  тарихий адолатни рўёбга чиқаради,– дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.

Мулоқот давом этмоқда.

 

ЎзА